“Better Work”: тўқимачилик соҳасида халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди
Тошкентда “Брендлар билан самарали ҳамкорлик йўллари” мавзусида учрашув ташкил этилди.
“Better Work” дастури доирасида ўтказилган мазкур тадбирда миллий корхоналарнинг халқаро бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, глобал брендлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда тўқимачилик соҳасида экспорт салоҳиятини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мутахассислар жаҳон брендлари билан шартнома тузиш жараёнида меҳнат стандартлари, ижтимоий нормалар ва ишлаб чиқариш жараёнларида халқаро талабларга қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Уларнинг фикрича, мазкур талаблар корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш, ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш ҳамда маҳсулот сифатини яхшилашда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, тадбир доирасида Маслаҳат кенгашининг 3-йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда “Better Work” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижалари, тармоқдаги мавжуд ҳолат, ўтказилган семинар ва тренинглар ҳисоботлари атрофлича кўриб чиқилди. Шу билан бирга, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ва устувор йўналишлар белгилаб олинди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизматига кўра, мазкур мулоқотлар тўқимачилик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда “Better Work” дастури доирасида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА