Асалариларни муҳофаза қилиш бўйича янги тартиб жорий этилди
Ўзбекистонда асаларичилик соҳасини ривожлантириш ва асалари оилаларини муҳофаза қилишга қаратилган янги ҳуқуқий механизм жорий этилди. Хусусан, 2026 йил 20 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ва улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асаларичилик тармоғини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
- Асаларилар қишлоқ хўжалиги экинларини табиий чанглатишда муҳим ўрин тутади. Айниқса, мева-сабзавот, полиз, мойли ва озуқа экинларида асаларилар ёрдамида чанглатиш ҳосилдорликни сезиларли даражада оширади, - дейди "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмаси раиси ўринбосари в.в.б Наврўзбек Баракаев. - Дунё тажрибасига кўра, асаларилар иштирокида чангланган экинларда ҳосилдорлик 20–30 фоизгача ортиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, асалариларнинг оммавий нобуд бўлиши қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги, озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Асаларилар табиий чанглатувчи сифатида экинлар ҳосилдорлигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Шунинг учун уларни сақлаш аграр сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳужжатга мувофиқ, асалари оилаларини жойлаштириш ва ташиш бўйича аниқ талаблар белгиланди.
Шунингдек, пестицидлар билан ишлов беришдан олдин огоҳлантириш юбориш тартиби жорий этилди. Бу эса асаларичиларга ўз оилаларини ҳимоя қилиш учун олдиндан чора кўриш имконини беради. Чунки амалиётда асаларилар нобуд бўлишининг асосий сабабларидан бири айнан пестицидлардан нотўғри фойдаланиш ҳисобланади.

Шунинг учун эндиликда пестицидлар билан ишлов бериш жараёни мониторинг қилинади ва ваколатли органлар назорати кучайтирилади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири шуки, асаларилар нобуд бўлишининг олдини олиш учун барча томонлар масъул этиб белгиланди.
Бунга вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, ер эгалари, фермерлар, ижарачилар ва мулкдорлар киради. Яъни, бу фақат бир соҳа эмас, балки кенг жамоавий масъулиятдир.
Биринчидан, асаларичилар ва фермерлар ўртасидаги ҳамкорлик кучаяди. Иккинчидан, пестицидлардан келадиган зарар камаяди. Учинчидан, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ошади. Энг муҳими, экологик мувозанатни сақлашга хизмат қилади. Бу қарор нафақат асаларичилик соҳаси учун, балки бутун қишлоқ хўжалиги тизими учун муҳим қадам ҳисобланади. У табиат, иқтисодиёт ва озиқ-овқат хавфсизлигини бир нуқтада бирлаштиради.
Қарор билан қуйидаги муҳим масалалар тартибга солинди. Асалари оилаларини жойлаштириш ва ташиш бўйича талаблар, қишлоқ хўжалиги экинлари ва бошқа ўсимликларга пестицидлар билан ишлов беришдан олдин огоҳлантириш юбориш тартиби, пестицидлар билан ишлов беришда ваколатли органларнинг вазифалари тартибга солинди.
Шунингдек, пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларини мониторинг қилиш ишлари, асаларилар нобуд бўлишининг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар тартибга солинди. Бу орқали асалариларни муҳофаза қилишнинг ягона ва тизимли механизми жорий этилмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, асаларилар нобуд бўлишининг асосий сабабларидан бири қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш ҳисобланади. Айрим ҳолларда ер эгалари ёки фермерлар асаларичиларни олдиндан огоҳлантирмасдан кимёвий воситалардан фойдаланади.

Қарорга кўра, пестицидлар билан ишлов беришдан олдин асаларичиларни олдиндан огоҳлантирилади. Ишлов бериш муддатлари ва ҳудудини белгилаш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш мажбурий тартибда амалга оширилади. Бу эса асаларилар нобуд бўлишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Қарорга мувофиқ, асалариларни муҳофаза қилиш бўйича, тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, ер эгалари ва фермер хўжаликлари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, мулкдорлар шахсан масъул этиб белгиланди. Бу эса асалариларни муҳофаза қилишда барча манфаатдор томонларнинг ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Асаларилар биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уларни муҳофаза қилиш қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш ва аграр соҳада самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш, фермерлар ва асаларичилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришишга замин яратади.
Ушбу қарор асаларичилик соҳасини ривожлантириш ва асалариларни муҳофаза қилишда муҳим ҳуқуқий асос яратди. Бу эса қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аграр соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА