Аниқ мақсад ва устувор вазифалар белгилаб олинди
Спортда натижа тасодифан келмайди — унинг ортида аниқ мақсад, тизимли тайёргарлик ва кучли захира туради. Сирдарёда ана шу тизимни янада мустаҳкамлаш, оммавий спортни кенгайтириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича аниқ мақсад ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди.
Сирдарё вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги 40-сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ҳамда юқори натижалар спорти учун муносиб захира тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2026 йил 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.
Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Спорт вазири Адҳам Икромов, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, депутатлар, спорт соҳаси мутасаддилари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, бугун спортни ривожлантириш фақат юқори натижаларга эришиш билан чекланмайди. У аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш ва иқтидорли ёшларни эрта аниқлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис ҳудудларда оммавий спортни ривожлантириш, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ва муносиб спорт захирасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-30789]
Сессияда соҳада эришилаётган натижалар билан бир қаторда мавжуд муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинди. Хусусан, спорт мактабларида машғулотлар сифатини ошириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни босқичма-босқич юқори натижалар спортига йўналтириш, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудларда оммавий спорт тадбирларини тизимли ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши қайд этилди.
Жумладан, 2026 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳамда 2,8 мингдан зиёд оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш орқали 512 минг нафар аҳолини спортга жалб этиш, камида 2,2 минг нафар иқтидорли ёшни спорт мактабларига саралаб олиш мақсад қилинган.
Бу жараёнда маҳалла, таълим муассасалари ва спорт ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва уларнинг қобилиятини эрта аниқлаш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Айниқса, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг спортдаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда маҳаллаларда спорт билан шуғулланаётган ёшларни аниқлаш, уларни спорт мактабларига жалб этиш, малакали мураббийларга бириктириш ҳамда мусобақаларда мунтазам иштирокини таъминлашни қамраб олган яхлит тизимни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, 2026 йилда Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларига Сирдарё вилояти спортчиларини пухта тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Спортчиларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш, машғулот жараёнларини кучайтириш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда юқори натижалар спорти учун муносиб захира шакллантириш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Сессияда мазкур вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида спорт соҳасидаги мақсадли кўрсаткичларни бажариш ва устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳга вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев раҳбарлик қилиши, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов эса ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди.
Ишчи гуруҳ таркибидан Миллий Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлими, мактабгача ва мактаб таълими, касбий таълим, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари ҳамда спорт бошқармаси масъуллари ўрин олди.
Мазкур ишчи гуруҳга вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва натижадорликни таъминлаш юкланади. Вилоят спорт бошқармасига эса ҳар ойда амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий ахборот тайёрлаб, белгиланган тартибда тақдим этиб бориш вазифаси қўйилди.
Муҳокамалар давомида спортни ривожлантиришда таълим муассасалари, маҳаллалар, ёшлар ташкилотлари ва спорт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли учун яратилган спорт имкониятларини кенг тарғиб қилиш, айниқса, қизлар ва ёшларни оммавий спортга жалб этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Сессия якунида депутатлар томонидан спорт соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва юқори натижаларга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яхшилашга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокамалар натижасида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан 2026 йилда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унда оммавий спортни янада кенгайтириш, аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш, иқтидорли ёшларни саралаш, спорт мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш, юқори натижалар спорти учун муносиб захира тайёрлаш ҳамда халқаро мусобақаларда Сирдарё вакилларининг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА