Андижонда Жаҳон Қора денгиз форуми ўтказилади
Истанбул шаҳрида Қора денгиз ҳудудидаги 47 уюшмани бирлаштирган “КарКон” – Жаҳон Қора денгизликлар конфедерацияси конгресси бўлиб ўтди.
45 кишилик бошқарув ва маслаҳат ҳайъати иштирокида ўтган йиғилишда келгуси фаолиятга оид муҳим қарорлар қабул қилиниб, тасдиқланди.
“КарКон” раиси Ситқи Ада раҳбарлигида мамлакат ичида ва хорижда ўтказиладиган бирлик ва ҳамжиҳатликка оид янги давр йўл харитаси чизилди.
Таъқидлаш жоиз, Ўзбекистон ушбу федерация таркибида фаол иштирок этаётган ягона хорижий давлат. Мамлакатимиз журналист, олим ва жамоат арбоблари ташкилот бошқарув кенгаши ва умумий фаолиятида иштирок этиб келади. Қолаверса, айни жараён Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги тарихий, маданий ва маънавий риштани янада мустаҳкамлаш, туркий халқлар ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш ҳамда илм-фан, таълим, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти соҳаларида янги лойиҳалар амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратган.
Ватандошларимизнинг халқаро майдондаги бундай фаоллиги Ўзбекистон ижобий имижини тарғиб қилиш, миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни кенг жамоатчиликка танитиш, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конфедерация бошқарув кенгаши аъзоси, Ташқи алоқалар комиссияси раиси доктор Камол Ойдин ЎзA мухбирига жорий йил Турк дунёси маданий пойтахти сифатида танланган Андижон шаҳрида Жаҳон Қора денгиз форуми ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, анжуман доирасида ташкил этиладиган “Қора денгиз Экспо” халқаро кўргазмасида минтақа давлатлари ўз иқтисодий, маданий, сайёҳлик ва сармоявий имкониятини намойиш этади. Тадбирда Туркиянинг 21 вилояти қатори Греция, Болгария, Руминия, Шимолий Македония, Молдова, Украина, Россия, Грузия, Озарбайжон ва Арманистон вакиллари иштироки ҳам кутиляпти.
Форумга тайёргарлик жараёнида Анқара шаҳридаги Турксой қароргоҳида ҳамкорликка оид меморандум ва ташкилий баённомалар имзоланади. Тадбир доирасида таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият, қишлоқ хўжалиги, энергетика, атроф-муҳит ва шаҳарсозлик соҳаларида шериклик масалалари муҳокама қилинади. Савдо-иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтириш, инвестиция жалб этиш ва янги шериклик механизмларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман, мазкур анжуман турк дунёси ва Қора денгиз минтақаси мамлакатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаши, маданий яқинликни кучайтириши, иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Нодира Кайимова,
Истанбул, Туркия