Афғонистон ва Покистон чегарасида ҳарбий кескинлик яна кучайди
Афғонистон кучлари Покистон ҳудудидаги қуролли гуруҳлар яширинган қўналғаларга ҳаводан зарба берди. Бу ҳужум ўзаро кескинликни яна авж олдириши мумкин.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги тасдиқлаган бу амалиёт икки қўшни давлат ўртасида сўнгги йилларда кузатилган энг оғир қуролли тўқнашувлардан бир неча ой ўтиб содир бўлди ва минтақадаги вазиятни қайтадан кескинлаштирди. Расмий маълумотга кўра, пайшанба куни тунда Афғонистон билан чегарадош Балужистон ва Хайбер-Пахтунхва вилоятларидаги жангарилар манзиллари нишонга олинган. Кобул маъмурияти ушбу йирик ҳарбий ҳаракат жараёнида айнан қандай техника воситалари ёки қуроллардан фойдаланилганига аниқлик киритмади.
Мутахассислар қайд этишича, замонавий қирувчи самолётларга эга бўлмаса-да, Афғонистон ихтиёрида маълум миқдорда ҳарбий учоқ, вертолёт ва жанговар дронлар бор. Ҳукумат ушбу қўналғалардан Афғонистонга қарши қонли ҳужум режалаштиришда фойдаланилиши, жангарилар хорижий разведка идоралари билан алоқадорлигини даъво қилмоқда.
Дастлабки баёнотга кўра, кўзланган нишонлар йўқ қилинган, аммо талафот ҳақида аниқ маълумот йўқ. Покистон ҳарбий раҳбарияти эса ушбу воқеа юзасидан ҳозирча расмий баёнот бермади.
Умуман, бу икки давлат чегарасидаги тўқнашувлар оқибатида жорий йилнинг ўзида юзлаб инсон ҳаётдан кўз юмди. Ҳатто, Хитойнинг воситачилик орқали муаммони ҳал этишга уриниши ҳам ҳозирча айтарли натижа бермади. Исломобод Кобулни Покистонда террор уюштираётган гуруҳларни ҳимоя қилишда айбласа, Афғонистон бу гапларни инкор этиб, “Экстремизм Покистоннинг ички муаммоси” деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Покистон ҳарбийлари ҳам Афғонистон ҳудудига ҳаводан зарба бергани, оқибатда оддий аҳоли вакиллари, жумладан болалар ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалган эди. Афғонистон Мудофаа вазирлиги мамлакат хавфсизлигига нисбатан ҳар қандай таҳдидни ўз манбасидаёқ йўқ қилиш учун бор имконият ишга солинишини қатъий таъкидлаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА