Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультетининг 90 йиллик юбилейи муносабати билан “Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети 90 ёшда: таълим ва илм-фан маркази” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Анжуманда 10 дан ортиқ мамлакатдан таниқли тарихчилар, олимлар, тадқиқотчилар, соҳавий илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этмоқда. Улар факультетнинг илмий салоҳияти, таълим сифати ва тарихшуносликдаги ўрни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тарих факультети нафақат юртимиз тарихшунослигини ривожлантиришда, балки ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва илм-фанга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам беқиёс хизмат қилиб келмоқда.
Факультет ўзининг 90 йиллик фаолияти давомида мустаҳкам илмий анъаналарни сақлаб қолиш билан бирга, замонавий таълим стандартларига мос янги ёндашувларни жорий этди. Профессор-ўқитувчилар талабаларда тарихий тафаккурни ривожлантириш, илмий изланишга қизиқиш уйғотиш ва мустақил таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида бир қатор дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмаларни яратди.

—1935 йил ташкил этилган мазкур факультет тарих, археология, архившунослик, этнология каби йўналишлар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаб келмоқда. Улар нафақат республикада, балки хорижий давлатларда ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда, — деди Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Иномжон Мажидов.

Факультет битирувчилари орасидан 10 га яқин академиклар, кўплаб давлат мукофотлари соҳиблари ва машҳур илм-фан намояндалари етишиб чиққан. Бу анъана бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Тарих факультетининг 90 йиллик фаолияти нафақат таълим ва фан соҳасидаги катта тажриба, балки Ватан тарихи, миллий қадриятлар ва илмий меросни асраб-авайлаш йўлидаги садоқат тимсолидир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА