Ўзбекистон жамоаси халқаро “Inter-American Human Rights Moot Court Competition” мусобақасида юқори натижа қайд этди
Вашингтон шаҳрида 31-маротаба ўтказилган нуфузли “Inter-American Human Rights Moot Court Competition” халқаро мусобақасида "Tashkent State University of Law" жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.
50 дан ортиқ жамоалар қатнашган мазкур халқаро мусобақада TDYU IAMOOT жамоаси барча раундларни муваффақиятли якунлаб, якуний натижаларга кўра, “Mario López Garelli” соврини билан тақдирланди ҳамда мусобақанинг “Энг яхши жамоаси” деб эътироф этилди.
Шунингдек, университет жамоаси танловнинг ярим финал босқичига йўлланмани қўлга киритиб, финал йўлланмаси учун баҳсларда ҳам иштирок этди. Эътиборлиси, Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари шўъбаси ўқитувчиси Асилбек Мўминов раҳбарлигидаги талабалар — Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети талабаси Меҳрожбек Махмудов ҳамда Жиноий одил судлов факультети талабаси Диёрбек Давронов мазкур мусобақада Марказий Осиёдан иштирок этган биринчи ва ягона жамоа сифатида университет шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Мусобақа давомида Ўзбекистон жамоаси Сингапур, Бразилия, Колумбия, Америка Қўшма штатлари, Бельгия ва бошқа қатор давлатлардан ташриф буюрган жамоаларга қарши баҳс олиб борди. Мазкур натижа орқали ТДЮ жамоаси аъзоларига American University Washington College of Law'да LL.M. дастури бўйича таҳсил олиш учун 50 фоизлик таълим гранти ҳам тақдим этилди.
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА