55 миллиондан ортиқ давлат хизматларининг қарийб 84 фоизи онлайн шаклда кўрсатилган
«Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция давомида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов сўнгги йилларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида электрон шаклдаги давлат хизматлари кўламини кенгайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади:
— Бугун Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва ҳуқуқий тизимни замонавий талаблар асосида янгилаш жараёни изчил давом этмоқда. Илгари фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланиш учун турли идораларга бориши, кўплаб ҳужжат ва маълумотларни тўплаши, навбат кутишига тўғри келган бўлса, бугун давлат хизматларининг асосий қисми электрон шаклга ўтказилди.

Энг муҳими, давлат органлари томонидан фуқародан ортиқча ҳужжат ва маълумот талаб қилиш амалиёти босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Лицензия, рухсатнома ва бошқа давлат хизматларининг рақамлаштирилиши натижасида аҳоли учун қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.
2026 йилда давлат хизматларининг салмоқли қисми онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Жумладан, 55 миллиондан ортиқ давлат хизматларининг қарийб 84 фоизи фуқароларга онлайн шаклда, уларнинг идорама-идора юришисиз кўрсатилган. Бу рақам рақамлаштириш шунчаки техник янгиланиш эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартираётганини кўрсатади.
Эндиликда вазифа фақат электрон давлат хизмати яратиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Асосий мақсад — инсон иштирокини имкон қадар камайтириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ва фуқаро давлат органига мурожаат қилмасдан туриб, қонун билан кафолатланган хизматни автоматик ва проактив равишда олиши учун шароит яратишдир.
Одил судловга эришиш ҳам ислоҳотларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятига аралашувнинг олдини олиш, суд жараёнларининг очиқлиги ва рақамлаштирилишини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Келгусида суд-ҳуқуқ соҳасидаги асосий эътибор низоларни имкон қадар судгача ҳал этиш механизмларини кенгайтиришга қаратилади. Медиация ва бошқа муқобил низо ҳал қилиш усулларини ривожлантириш, аҳолига малакали юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини ошириш, рақамли технологиялар орқали суд жараёнларининг очиқлиги ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш муҳим вазифалардан бўлади.
Бугун дунё жуда тез ўзгармоқда. Сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши жамият ҳаётининг барча соҳалари қаторида ҳуқуқий тизим олдига ҳам мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, Ўзбекистон миллий тараққиётининг янги босқичида ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бир қатор устувор вазифаларни амалга ошириш зарур.
Биринчидан, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш лозим. Қонуннинг ўзи ҳуқуқни кафолатлаш учун етарли эмас — унинг амалда ишлаши, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқини реал ҳимоя қила олиши муҳим.
Иккинчидан, қонунларнинг ҳуқуқий кучини, тушунарлилиги ва барқарорлигини таъминлаш, янги тартиб-таомилларни жорий этишдан олдин уларнинг инсон, жамият ва иқтисодиётга таъсирини баҳолаш тизимини кучайтириш зарур.
Учинчидан, юридик муносабатларни инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини устувор қўйган ҳолда қайта кўриб чиқиш, профилактика, адолат ва инсонпарварлик тамойилларини ҳуқуқни қўллаш амалиётининг марказига олиб чиқиш муҳим.
Тўртинчидан, судгача бўлган жараёнларни янада такомиллаштириш, келишув ва муросага асосланган механизмларни кенгайтириш орқали фуқароларнинг вақт ва маблағини тежаш, низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш имкониятларини ошириш керак.
Бешинчидан, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий таъсирни таҳлил қилиш, ҳуқуқий қарорларнинг самарадорлигини баҳолаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги рақамли механизмларини жорий этиш талаб этилади.
Асосий мақсад — инсон учун қулай, адолатли ва самарали давлатни барпо этиш. Шу маънода замонавий ҳуқуқий тизимнинг марказида давлат идоралари эмас, аввало, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари туриши керак, — деди адлия вазири.
Муҳтарама Комилова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА