Тенг ҳуқуқ – мустаҳкам жамият
Хотин-қиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамият тараққиётининг оддий бир йўналиши эмас, балки инсон қадри, адолат ва қонун устуворлигини белгилайдиган муҳим мезондир. Аёл ўз ҳақ-ҳуқуқини билган, унинг қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинган муҳитдагина тенг имкониятлар амалда қарор топади. Шу боис гендер тенглик масаласи бугун ҳуқуқий тизим, давлат бошқаруви ва жамоатчилик эътиборидаги долзарб йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ана шу муҳим масалалар Жиззах вилоят суди биносида бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жиззах вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ички ишлар бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциациясининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати Назифа Камолова ҳам иштирок этиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва жамиятда гендер тенглик тамойилларини қарор топтириш юзасидан фикр билдирди.
Аслида, бундай мулоқотларнинг аҳамияти фақат муаммони муҳокама қилиш билан чекланмайди. Энг муҳими, ҳуқуқий ҳимояга муҳтож инсоннинг мурожаати эшитилиши, масъул тузилмалар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши ва ҳар бир аниқ масала ечимига масъулият билан ёндашилиши керак. Шу маънода давра суҳбатида хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, масъул идоралар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилгани муҳимдир.

Бугун мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сиёсат изчил ҳуқуқий асос билан мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг даромад топиш ва касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Ҳужжатда маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини кенгайтириш, 2026-2027 йилларда “Hamroh” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси” МЧЖ томонидан 6 минг нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион сўм йўналтириш, 2 минг 800 нафар хотин-қизни тадбиркорликка ўқитиш ва 2 минг нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик фаолиятига ҳамроҳлик қилиш вазифалари белгиланган.

Жиззах вилоятида ҳам хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, 2026 йил 18 февраль куни хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Women Entrepreneurship Support Programme (WESP)” акселерацион ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Дастур Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти бошқармаси, “Тадбиркор аёл” Жиззах вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда бизнес асослари, молиявий бошқарув, маркетинг ва брендинг, стратегик ривожланиш, солиқ ва ҳуқуқий масалалар бўйича билим ва кўникмалар берилди.

Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, гендер тенгликни таъминлаш фақат иқтисодий имконият яратиш билангина чекланмайди. Инсоннинг ҳуқуқи поймол бўлмаслиги, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши, мурожаати эътиборсиз қолмаслиги ҳам шу тизимнинг узвий қисми ҳисобланади. Шу боис Жиззах вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган йиғилишларда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, “қизил” тоифадаги маҳаллалар билан манзилли ишлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилгани ҳам эътиборга молик.

Зеро, ҳуқуқий ҳимоянинг қудрати унинг қоғоздаги ифодасида эмас, инсон ҳаётидаги амалий натижасида намоён бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири