2026 йилда “Яшил макон” харажатларига 250 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда
2026 йилда Давлат бюджети харажатлари 402,4 триллион сўм, даромадлари эса 368,9 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Жорий йилда мамлакат иқтисодиёти 7 фоизга, 2026 йилда эса 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Келаси йил давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги харажатларга 250 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилиши белгиланмоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда депутатлар экологик муаммоларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағлар ҳажми билан қизиқдилар. Бир қатор саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар олинди.
Шунингдек, йиғилишда “Бюджет жараёни такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси қонун ва қонуности ҳужжатлари ўртасида ўзаро мувофиқликни таъминлаш, мамлакат бюджет тизими ва бюджет жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган. Хусусан, бюджет даромадлари таркибини мувофиқлаштириш, халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот турларини кенгайтириш ҳамда бюджет тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро мутаносиблигини таъминлашга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар шакллари ва муҳокама этиш механизмларини аниқ белгилаш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига кенг жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА