Аслида илм аҳлини эъзозлаш аждодлардан мерос бўлган қадриятлар сирасига киради. Зотан, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий каби дунёни забт этган олимларимиз билан биз ҳақли равишда фахрланамиз ва уларнинг хотираси, инсоният учун қилган хизматларини ардоқлаймиз.
Бу фикрлар замондош олимларимиздан бирининг бошига тушган ташвишлар сабаб хаёлдан ўтди.
2022 йил 30 сентябрда ЎзА сайтида «Асоссиз айбловларни ҳеч қачон бўйнимга олмайман» ёхуд айбсиз «айбдор» олим изтироби» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда докторлик ишини ёқлаш арафасида турган, бироқ судма-суд юриб овора бўлаётган Салоҳиддин Қурбоновнинг бошига тушган ишлар ҳақида сўз юритилган эди.
Гап шундаки, Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори билан боғлиқ фожиа оқибатларини бартараф этиш учун борган мутахассислардан бири, ҳолат юзасидан ўрганиш, илмий-текшириш ишлари олиб борган ёш олимга жиноят иши очилган.
«Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси йўл лабораторияси бошлиғи С.Қурбонов Сардобадаги йўллар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича синов лабораторияси ваколатига кирадиган барча ишларни бажарганини, 2020 йил 4 майдан октябрь ойи охиригача зиммасига юклатилган ишларни тўлиқ амалга оширганини таъкидлайди.
– Менга дахли бўлмаган айбловлар билан судландим. Бу инсон ҳуқуқлари бўйича қонунлар ва халқаро ҳужжатлар талабларига ҳам зид. Асоссиз айбловларни ҳеч қачон бўйнимга олмайман, – деган эди у.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида 2022 йил январь ойидан июнь ойигача кўриб чиқилган суд ҳукмида С.Қурбонов иш фаолияти билан боғлиқ камчилик бўлмагани қайд этилган. Шунга қарамай у оқланмаган.
Тошкент давлат транспорт университетининг мустақил тадқиқотчиси сифатида фаолият олиб бораётган Салоҳиддин Қурбонов билан боғлиқ суд ишлари апелляция инстанциясида жорий йил ёз ойларидан бери яқин кунларгача давом этди. Мазкур суд ишларидан бирида иштирок этиб, унга нисбатан илгари сурилган айбловни иккинчи томон асослаб бера олмаганига гувоҳ ҳам бўлганман.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъати томонидан 2022 йил 5 декабрда мазкур иш бўйича чиқарилган ажримда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани судининг 2022 йил 13 июндаги ҳукмининг Қурбонов Салоҳиддин Зиядуллаевичга оид қисми ўзгартирилган.
С.Қурбоновни Жиноят кодексининг 64-моддаси 1-қисмининг «а» бандига асосан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан кодекснинг 207-моддасининг 1-қисми билан, кодекснинг 45-моддасини қўллаган ҳолда тайинланган жазодан озод қилинди.
Тўғри, олим жазодан озод бўлди, аммо оқланмади.
Суд ажримида эса «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси йўл лабораторияси бошлиғи лаборатория низомида кўрсатилган ваколатларни бажармагани айтилган.
Олимнинг айтишича, «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси йўл лабораторияси бошлиғи OʼzDSt ISO/IEC 17025-2019 стандарти асосида аккредитация қилинган гувоҳнома ва унга илова қилинадиган аккредитация соҳаси доирасида, лаборатория томонидан ишлаб чиқилган сифат бўйича қўлланма ва сифат менежменти тизими тартиб-тамойил ҳужжатлари ва директор томонидан тасдиқланган лавозим йўриқномаси асосида фаолият олиб боради.
«Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси фаолиятини низом ёки ИҚН 14-1-10 идоравий қурилиш нормаси билан эмас, балки халқаро ISO 17025-2017 талаблари асосида олиб боради.
Қолаверса, «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси йўл лабораторияси низоми асосида аккредитация ҳужжати шаклланмаган ва бўлим бошлиғига қўшимча ваколат юклатилмаган.
– Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судлов ҳайъати ажримида келтирилган «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонаси йўл лабораторияси низоми ҳеч бир ваколатли идора томонидан ёки мансабдор шахс томонидан тасдиқланмаган бўлиб, 2003 йил 2 декабрда ўз кучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 8 ноябрдаги қарорига асосан ишлаб чиқилган, – дейди С.Қурбонов. – Амалдаги қонунчиликка мутлақо тўғри келмайдиган бу низомда йўл лабораторияси ўзининг ҳисоб рақамига эга ҳуқуқий шахс сифатида ёзилган. Амалда эса йўл лабораторияси «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» унитар корхонасининг бўлими бўлиб, алоҳида юридик шахс эмас ва ўз ҳисоб рақамига ҳам эга эмас.
Мазкур лаборатория суд ажримида кўрсатилган ишларга ваколати йўқлиги бўйича бир қатор вазирлик ва идораларнинг хулосалари ҳам мавжуд.
Ўз навбатида «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси бўйича махсус ваколатли идора – Автомобиль йўллари қўмитаси ва 61-моддаси бўйича – Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясига юқоридаги ваколатлар юклатилган.
Шу сабабли Салоҳиддин Қурбонов қонун билан ҳимоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлари бузилгани, қадр-қиммати топталганини айтмоқда.
С.Қурбонов бизга мурожаат қилар экан, ўзи, адвокати судга етарли асосларни тақдим этиб келаётганига қарамай, оқланмаганидан норози бўлган. У бизга тақдим этган ҳужжатлар, асослаб бераётган ҳолатлардан юқорида айрим муҳим жиҳатларини келтириб ўтдик, холос.
Олимнинг ўз ҳуқуқини тиклаш бўйича кураши давом этади! Илм йўлида ҳаракат қилаётган, халқимизга наф келтириш учун йўллар бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиб, янгиликлар яратиш устида бош қотираётган олим, умид қиламизки, оқланади!
Норгул Абдураимова, ЎзА