Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Асоссиз айбловларни ҳеч қачон бўйнимга олмайман” ёхуд айбсиз “айбдор” олим изтироби

Бу докторлик ишини ёқлаш арафасида турган, бироқ судма-суд юриб овора бўлаётган олимнинг иқрори.

Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ фожиа, яъни иншоот тўғонининг ўпирилиши оқибатида инсонлар ҳалок бўлган, кўпчилик уй-жойидан айрилган эди.

Фожиа рўй беришида айбдор деб топилган шахсларга нисбатан жиноят ишлари ҳам кўриб чиқилди. Лекин фожиа оқибатларини бартараф этиш учун борган кўнгиллилар, айниқса, ҳолат юзасидан ўрганиш, илмий-текшириш ишлари олиб борган ёш бир олимга ҳам жиноят иши очилгани тушунарсиз.

Сир эмас, ушбу фожиа нафақат катта талофат келтирди, балки кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга ҳам сабаб бўлди. Узоқ вақт фожианинг ҳақиқий айбдорларини жазолашни талаб қилувчи чақириқлар тинмади...

Ўша фожиадан кейин судма-суд қатнаб юрган суҳбатдошим – йўл қурилиши соҳасида илмий ишлар қилган, таклифлари амалиётда муваффақиятли синовдан ўтган, айни вақтда докторлик диссертацияси ҳимояси арафасида турган ёш олим Салоҳиддин Қурбоновдир.

Гап шундаки, Сардобадаги фожиа талофатларини бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги лойиҳа ташкилотлари, илмий-тадқиқот институти, экспертиза ташкилотлари, пудратчилар ва махсус йўллардан фойдаланувчи унитар корхоналар жалб этилган. Чунки талофат етган автомобиль йўллари ва кўприкларнинг диагностика таҳлиллари ўтказилиши талаб этилган.

– Ўша вақтда Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти синов лабораторияси бошлиғи бўлиб ишлаганим учун шу ишга жалб этилдим, – дейди Салоҳиддин Қурбонов. – Менга тўққизта автомобиль йўлининг диагностика таҳлилини олиб бориш юклатилди. Ушбу объектларни кўриб, таҳлил қилиб ўзимнинг таклифларимни бердим. Жумладан, зарар кўрган автомобиль йўлларида оғир автомобиллар учун ҳаракатни чеклаш, ҳаракат тўхтатилган автомобиль йўлларида табиий офат оқибатларини бартараф қилишда йирик ҳарсанг тошлар олиб келиб таъмирлаш, стандарт талабларига мос келадиган табиий шағал-қум аралашмасидан фойдаланиш, асфальтбетон қоришмалари учун қўлланиладиган инерт материалларнинг сифатлисидан фойдаланиш, қоплама остки ва асос устки қатламлари учун йирик донали асфальтбетон қоришмаларидан фойдаланиш ва ҳоказо. Мен берган диагностика хулосасига кўра, автомобиль йўли реконструкция қилиниши лозим эди. Аммо, бу жараёнда Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги ПҚ – 4563 - сон қарорини инобатга олиш зарурати туғилди. Қарорда 2020 йилда ишлаб чиқиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхатида А-373 “Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон” умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлининг 0 - 37 км қисми мавжуд эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майда қабул қилинган 294 - сонли қарорининг 9 - бандида ҳам ушбу йўлнинг 0-37 км қисми халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига цементбетон қоплама орқали реконструкция қилиниши назарда тутилган. Техник топшириқ ҳамда 294 - сонли қарор асосида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Текширув натижаларига кўра, бажарилган ишнинг ҳажми, миқдори ва сифати бўйича муаммо йўқ. А - 373 автомобиль йўлининг 5-26 км қисми сифатли бажарилгани комиссиявий текширувда эътироф этилган. Лекин шунга қарамай менга “ишга совуққонлик билан қаради”, деган тамға билан жиноят иши очилди.

С.Қурбонов шуларни айтар экан, синов лабораторияси ваколатига кирадиган барча ишларни бажарганини, Сардобада 2020 йил 4 майдан октябрь ойи охиригача зиммасига юклатилган ишларни тўлиқ бажарганини таъкидлайди.

– Менга дахли бўлмаган айбловлар билан судландим. Бу инсон ҳуқуқлари бўйича қонунлар ва халқаро ҳужжатлар талабларига ҳам зид. Асоссиз айбловларни ҳеч қачон бўйнимга олмайман, – дейди у.

Қизиқ ҳолат шундаки, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 2022 йил январь ойидан июнь ойигача кўриб чиқилган суд ҳукмида С.Қурбонов иш фаолияти билан боғлиқ камчилик бўлмагани қайд этилган. Нега унда у оқланмади?

– Таъмирлаш даврида ходимларим билан бирга ҳар куни узлуксиз мобиль лабораторияда энг сўнгги замонавий ўлчов воситаларида асфальтбетон сифати ва қурилиш технологиясини назорат қилиб борганмиз, – дейди Салоҳиддин Қурбонов. – Иш вақти соат 06:00 дан то 21:00 гача давом этар эди. Бирор кун йўқ эдики, таъмирлаш ишлари бизнинг иштирокимизсиз бажарилган бўлса. Синов баённомаларини вақтида берганмиз. Камчиликларни вақтида айтиб, бартараф қилдирганмиз. Бироқ, мен сифатли йўл таъмирлатганим учун ҳозир айблиман. Суд-терговида юзга яқин ҳужжатлар, халқаро нормалар, давлат стандартлари, вазирлик ва идораларнинг хулосалари ва гувоҳларнинг ижобий хулосалари тақдим этилди, бироқ булар менинг оқланишим учун камлик қилди.

С.Қурбонов Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти синов лабораториясига 5 йилдан бери раҳбарлик қилади. Бу вақт ичида тўрт маротаба инспекциявий текширувдан ўтиб, 2022 йилда эса аккредитация синовларидан ўтиб, янгиланган ISO 17025 нинг янги версияси бўйича аккредитация гувоҳномасига эга бўлди.

– Агар виждонсиз ва совуққон бўлганимда халқаро ISO талабларини бажара олмаган бўлар эдим, ташкилотим эса аккредитация гувоҳномасини сақлаб қололмаган бўлар эди, – дея ёзғиради олим.

Бугунги кунда Тошкент давлат транспорт университетининг мустақил тадқиқотчиси сифатида ҳам фаолият олиб бораётган Салоҳиддин Қурбонов давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида илмий иш қилмоқда.

2022 йил 20 - 23 июль кунлари Ўзбекистон тарихида илк маротаба С.Қурбонов раҳбарлигида ўзбек мутахассислари томонидан автомобиль йўлларига маҳаллий минерал материаллар асосида чақиқ тош-мастикали асфальтбетон қоришмаси (ЧМА-10 маркали) 4Р21 автомобиль йўлининг 9-км чап томони ҳаракат йўналишидаги кўприкка тажриба-синов усулида ётқизилиб, ижобий натижалар олишга эришилди.

Жорий йилда олим ушбу натижалар бўйича докторлик диссертация ишини ҳимоя қилишни режалаштирган. Аммо айбсиз айбдорлик туйғуси олимга тинчлик бермагани етмагандай, судма-суд овора бўлишига сабаб бўлмоқда.

Олим Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа тегишли идоралар бу ҳолатга бефарқ бўлмай, оқланишига кўмаклашади, деган умидда.

Норгул Абдураимова, ЎзА