2021 йил 9 февралдан Тошкент давлат шарқшунослик университетида Япониянинг Кансай университети билан ҳамкорликда Япония иқтисодиёти бўйича туркум онлайн дарслар йўлга қўйилди.
Мазкур дарслар университетлар ўртасида 2019 йил декабрь ойида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида ташкил этилди.
Кансай университети профессори Масахиро Токунаганинг маърузалари “Глобаллашув даврида Япония иқтисодиёти”, “Япониянинг инвестиция сиёсати”, “Японияда корпоратив менежмент”, “COVID-19 пандемияси шароитида Япония иқтисодиёти”, “Япониянинг иқтисодий сиёсати”, “Япониянинг молиявий институтлари ва банк фаолияти” мавзуларини қамраб олади.
Жорий ўқув йилида Япония билан бундай амалиёт иккинчи марта амалга оширилди. Жумладан, ўтган йил октябрь ойидан япониялик амалиётчи мутахассис, UBS Bank, BNP Paribas, Dresdner Bank AG, Union Bank of Switzerland молиявий ташкилотларида раҳбар лавозимларида ишлаган Хачиро Ямамотонинг “Япония молия тизими” бўйича туркум маърузалари йўлга қўйилганди.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда ТДШУда 76 нафар талаба Япония иқтисодиёти бўйича таҳсил олмоқда. Японшунослик факультети ўқув жараёнига эса 3 нафар япониялик филолог мутахассис жалб қилинган.
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент давлат шарқшунослик университетида японшунослик соҳаси 30 йилдан бери ривожланиб келмоқда ҳамда ушбу мамлакат бўйича мутахассислар комплекс тайёрланмоқда (http://uza.uz/oz/society/zbekiston-yapertoniya-amkorlikning-zamonaviy-bos-ichi).
Элёр Маҳмудов,
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори