Мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ва самарали ривожланмоқда.
Мустақиллигининг
29 йиллиги олдидан
Мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ва самарали ривожланмоқда. Ҳар икки мамлакат олий таълим даргоҳлари ва илмий тадқиқот муассасалари вакилларининг кўплаб ташрифлари, биргаликда ўтказилган конференция ва семинарлар, форум ва таълим кўргазмалари томонлар илмий алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганидан дарак беради.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни инобатга олиб, Япониянинг собиқ элчиси Фумихико Като ҳамда Сока университети президенти Дайсаку Икедага Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг “Фахрий доктори” унвони топширилди. Нагоя университети профессори Режи Ноёри ЎзР ФАнинг “Фахрий академиги” унвонига сазовор бўлди. Ушбу университет президенти Сейичи Мацуо эса ТДТУ фахрий ректори унвони билан тақдирланди. Мацуо Ўзбекистондаги илк фахрий ректордир.
1999 йилдан буён Ўзбекистонда “Япония ҳукуматининг беғараз ёрдами” (JDS) дастури бўйича “Кардларни тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур дастур доирасида ҳар йили 20 нафар Ўзбекистоннинг давлат хизматида фаолият юритадиган ёш ходимларига Япониядаги олий таълим даргоҳларида магистратура ёки докторантурада таълим олиш учун грантлар тақдим этилмоқда. 2019 йили 310 нафар ўзбекистонлик Японияда илмий даражага эга бўлди. Шу билан бирга 1999-2019 йилларда 350 нафар Ўзбекистон фуқароси Япония таълим, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида тақдим этиладиган стипендиялар асосида Япония олий таълим даргоҳларида таҳсил олишди.
2000 йил Ўзбекистонда JICA «Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги» - JOCV дастури йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида 310 нафар кўнгилли Япониядан Ўзбекистонга ташриф буюрди. Covid-19пандемияси бошлангунга қадар JICAнинг 20 нафар кўнгиллиси Ўзбекистоннинг қатор олий таълим даргоҳларида япон тили ва адабиёти, ахборот технологиялари, халқаро иқтисодиёт ва ҳуқуқ, дизайн ва тўқимачилик саноати каби йўналишлар бўйича ўқитувчилик қилдилар. Шу йили JICA кўмагида Тошкентда Инсон ресурслари бўйича Ўзбекистон - Япония маркази таъсис этилди. Марказ бизнес курсларни ташкил этиш, япон тили ва компьютер саводхонлигига ўқитиш, Ўзбекистон ва Япония ўртасида ахборот ва маданий алмашинувга кўмаклашиш йўналишлари бўйича фаолият юритади. 20 йил давомида қарийб 35 минг киши Марказ тингловчиси бўлди. Уларнинг ярми менеджмент дастурларини ўз ичига олган бизнес-курслар бўйича ўқишни якунлади. Ушбу марказ дипломи магистрлик даражаси билан тенг мавқега эга.
2010 йил Тошкентда Нагоя Университети ваколатхонаси очилди. Ушбу университет Япония ҳукуматининг «Глобал-30» дастурини Марказий Осиё бўйича амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи таълим даргоҳи саналади. Дастурдан кўзланган асосий мақсад - халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, Япония грантлари асосида Япония олий таълим муассасаларига истеъдодли хорижий талабаларни жалб қилишдир. Шундан сўнг ваколатхона томонидан «Нагоя Университети, Осий кампуси – Ўзбекистонда Сателлит» номли трансмиллий докторлик дастури йўлга қўйилди. Ушбу дастур асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда, Нагоя университетида доктрантурада таълим олишни кўзда тутади.
Нагоя Университети ваколатхонаси Японияда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари анжуманини ўтказиш ташаббускорларидан бири бўлди. Анжуманларнинг биринчиси 2011 йил, иккинчиси – 2015, учинчиси - 2019 йили Токиода бўлиб ўтди. Учинчи конференциянинг мавзуси: “Глобаллашув даврида истеъдодларни тарбиялаш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алмашинувга кўмаклашиш” бўлди. Унда Япония томонидан 17 та олий таълим даргоҳи қатнашди. Япония делегациясига Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири ўринбосари, Япония Парламенти вакиллар палатаси депутати Хироюки Накамура бошчилик қилди. Конференция якунида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида қатор келишувлар имзоланди.
2016 йил ТДТУ ҳузурида “Ўзбекистон - Япония ёшлар инновация маркази” тузилди. Марказ Нагоя, Цукуба, Кейо университетлари, Тойохаши технология университети ва Токио технология институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Марказнинг асосий йўналишлари: кимё, нефть-кимё, тоғ иши ва минерал-хом ашё ресурсларини қайта ишлаш, энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежамкорлиги, машинасозлик ва материалшунослик.
2019 йил Тошкентда Марказий Осиёдаги илк Япония тадқиқот маркази очилди. Бу ерда Япония давлати ва жамияти ўрганилади, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнлар, халқаро муносабатлар, ташқи сиёсат концепцияси бўйича тадқиқот олиб борилади. 2020 йили Ўзбекистонда Япониянинг рақамли университети очилди. Бу таълим муассасаси янги ўқув йилидан бошлаб “муҳандис-дастурчи” ва “бизнес бошқаруви” мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлай бошлайди.
Киото Университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Орол бўйича халқаро инновация маркази ҳамкорлигида ишлаб чиқилган лойиҳа 2020 йилда тадқиқот лойиҳаси сифатида қабул қилинди. У SATREPS дастури доирасида Япония фан ва технологиялар агентлиги, Япония тиббиёт тадқиқотлари агентлиги ва JICA ҳамкорлигида амалга оширилади. Ушбу тадқиқот лойиҳаси бутун дунё мамлакатлари томонидн юборилган 145 аризадан саралаб олинган 12 та лойиҳанинг бири бўлиб, SATREPS дастури доирасида нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда амалга ошириладиган илк лойиҳадир. Илмий-тадқиқот йўналишидаги истиқболли ушбу лойиҳалар кўплаб олимларни жалб қилишига ишонамиз.
Тошкент давлат шарқшунослик университети японшунослик бўйича минтақадаги йирик олий таълим муассасаси
Япониянинг қатор етакчи олий таълим муассасалари, хусусан, Цукуба университети, Токио хорижий тиллар университетида ўзбек тили ўқитилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 6 та олий таълим даргоҳида япон тили ўқитилади. Тошкент давлат шарқшунослик университети японшунослар – филолог, адабиётшунос, файласуф, тарихчи, сиёсатшунос, иқтисодчиларни тайёрлайдиган Марказий Осиёдаги ягона олий таълим муасассасидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи арафасида Тошкент давлат шарқшунослик университетида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун собиқ иттифоқ маконида биринчи бўлган японшунослик факультети очилди. Дипломатик ваколатхоналар, Япония олий таълим даргоҳлари бу ташаббусни кўтаринки кайфиятда қабул қилишди. Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма японшуносликни ривожлантириш учун кўрсатилаётган эътибор учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Ўтган давр мобайнида японшунос ўқитувчилар республикамизда японшуносликни ривожлантириш мақсадида япон тажрибаси асосида ўқув, ўқув-методик ва илмий база яратдилар. Мамлакатимиздаги мутахассислар билан ҳамкорликда япон педагоглари ва олимлари ҳам японшуносликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшдилар. Улар бугунги кунда ушбу таълим даргоҳида илмий ва меҳнат фаолиятини давом эттиришмоқда. Япон филологияси кафедраси фахрий доценти Сугано Рейко ушбу олий таълим даргоҳида 30 йилдан буён фаолият юритмоқда. Истиқлол йилларида таълим муассасаси томонидан икки минг нафарга яқин японшунос мутахассислар етиштирилди.
Японшунослик факультетида улкан кутубхона мавжуд. 1996 йилда ташкил этилган ушбу кутубхонада болалар бадиий адабиёти, Япония лингвистикаси, иқтисодиёти, тилшунослиги ва тарихига оид 15 000 дан зиёд китоб бор. Бугунги кунда кутубхона фондида кўплаб ноёб китоблар сақланмоқда. “Япон адабиёти классик асарлари тўплами” ва кунчиқар мамлакат тасвирий санъатига бағишланган китоблар шулар жумласидан.
Тошкент давлат шарқшунослик университети Япониянинг 10 та университети ва ташкилоти билан ҳамкорлик қилади. Сўнгги тўрт йил ичида ТДШУнинг 55 нафар талабаси Японияга грант асосида стажировкага юборилди, 15 нафар япониялик талаба ҳам мамлакатимизда бир йиллик стажировка ўташ учун қабул қилинди.
Цукуба университети билан ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. 2006 йил Тошкент давлат шарқшунослик университетида Цукуба Университети Офиси очилган. Бу Цукуба университетининг хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган 12 та офисидан биридир. Марказнинг асосий мақсади – Марказий Осиёдаги японшуносликка ихтисослашган таниқли унивверситетлар ва илмий-тадқиқот институтлари тармоғини яратиш ҳамда ҳамкорликдаги изланишларга кўмаклашишдир. 2012 йилда Цукуба университети Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Цукуба офисига видеоанжуманлар ўтказиш учун ускуналар тизимини тақдим этди. Шу тариқа офисда онлайн режими асосида японшунослик маърузалари ўтказиш имкони яратилди.
Цукуба университети билан ҳамкорликда 12 маротаба “Цивилизациялар чорраҳасида тил, маданият ва жамият” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди, “Замонавий Япония маданияти ва жамияти”, “ Япония маданияти тарихи” китоблари нашр этилди. Жорий йил кузда ўтказилиши режалаштирилган “Қиёсий типологик тадқиқотлар призмаси орқали турли маданиятлар, этник гуруҳлар, тилларни тушуниш” мавзусидаги анжуманда Япониянинг 30га яқин олими иштирок этиши кутилмоқда.
ТДШУ мунтазам равишда Япония инвестициялари ва грант маблағларини қўлга киритиб келмоқда. Шу кунларда Мицубиши корпорацияси билан 20 нафар талаба ёки японшунослик факультетининг қарийб 10 фоиз контингенти йиллик ўқиши учун шартнома пулини тўлаб беришни назарда тутувчи навбатдаги битим имзоланди. Кам таъминланган оилалардан чиққан истеъдодли японшунос талабалар ушбу стипендия эгаси бўладилар. Бу пандемия шароитида талабаларни қўллаб қувватлашга қаратилган.
Элёр Маҳмудов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
халқаро ҳамкорлик бўйича
проректори, доцент
Тосинобу Усуяма,
Цукуба университети глобал коммуникация
таълими бўйича директори, профессор