Бир муддат аввал ЎзА сайтида “Қамчиқ довонидаги тирбандлик қачон ҳал этилади?” сарлавҳаси остида материал эълон қилинган эди.
Унда водий вилоятларини пойтахт ва воҳа билан боғлайдиган Қамчиқ довонидаги А-373 йўлининг 119–121 км қисмида цемент-бетон қоплама қўйиш ишлари олиб борилиши кераклиги, аммо уч йил ўтса-да, ишлар тугалланмаётгани баён қилиниб, ушбу масала бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилноза Азизова транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга депутатлик сўрови юборгани маълум қилинган эди.
Депутатнинг маълум қилишича, мазкур депутатлик сўровига Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигидан расмий жавоб хати келган.
Жавобда қайд этилишича, биринчи тасмада бетон қопламаси қўйилиши якунланган. Иккинчи тасмадаги ишлар 2025 йил 10 октябрга қадар тугалланиши режалаштирилган. 2025 йил 15 октябрдан бошлаб ушбу йўналишда транспорт ҳаракати тўлиқ йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Шунингдек, вазирлик жавобида текширувлар жараёнида айрим қоидабузарликлар аниқлангани, масъул ташкилотларга расмий чоралар кўрилгани, талабларга риоя қилинмагани сабабли айрим шартномалар бекор қилингани баён этилган.
Йўл қурилишида сифат ва хавфсизликни таъминлаш, йўлдан фойдаланувчи фуқароларга қулайлик яратиш муҳим масала. Шу боис, депутат ушбу йўлдаги ишлар белгиланган муддатда ва сифатли қилиб амалга оширилиши устидан назоратни давом эттиришини маълум қилган.
М.Комилова, ЎзА