Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tashkent City”нинг янги: “Ўқчи“, “Заргар“, “Хадра“ кўчалари
11:53 / 2020-01-14

Лойиҳалар катта тажриба тўплаган машҳур хорижий қурилиш, лойиҳалаш компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.



Лойиҳалар катта тажриба тўплаган машҳур хорижий қурилиш, лойиҳалаш компаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Қурувчиларнинг айтиши бўйича, лойиҳада кўзда тутилган иншоотлар тўрт йилда ва икки навбатда қуриб битказилади. Бизнес-марказ қурилишининг биринчи навбати 2020 йилнинг май ойига қадар якун топса, иккинчи навбатининг қурилиши 2021 йил охирига қадар давом этади.

“Tashkent City” бизнес-марказида умумий майдони 1,75 миллион квадрат метрга тенг бўлган бинолар қад кўтаради. Таъкидлаш жоизки, бундай катта кўламдаги қурилиш ишлари 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин биринчи бор амалга оширилмоқда. Тошкент-ситида 18,6 гектар майдонда маданият ва истироҳат боғи қурилди, 1,5 гектар майдонни жазирама ёзда ором бахш этадиган сунъий кўлнинг зангори сувлари эгаллайди. Президентимизнинг таклифи билан бу ерда кичик молия маркази – банклар ва бизнес-офис бинолари жойлашган алоҳида ҳудуд пайдо бўлади.

“Tashkent City” Дирекциясининг директори Баҳром Ризаев берган маълумотга кўра, “Tashkent City” бизнес марказининг дастлабки концепцияси Tabanlıoğlu Architects компанияси томонидан яратилган. “Tashkent City” бизнес маркази қурилишига Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон Республикаси қурувчи, архитекторлари катта қизиқиш билдирмоқда.

– Инвестицияларни киритиш бўйича ҳозир биз бошланғич даврларнинг биридамиз, – дейди “Tashkent City” комплексини қуриш Дирекциясининг директори Баҳром Ризаев. – “Tashkent City” лойиҳасининг тақдимоти натижасида бу – “ХХ1 аср шаҳри ичидаги энг замонавий шаҳар” қурилишига қизиқиш тобора ортиб боришига ишончимиз комил, – деди сўзининг якунида комплекс директори. Бизнес-комплекс Алишер Навоий, Ислом Каримов номидаги проспектлар билан Олмазор ва Фурқат номли кўчалар оралиғидаги 80 гектар майдонни эгаллади.

“Tashkent Сity” халқаро бизнес маркази ҳудудидаги кўчаларнинг номлари ҳам маълум бўлди. Кўчалар “Янги Тошкент“; икки кўчани бирлаштирувчи “Янги Тошкент“ тор йўли; “Ўқчи“; “Заргар“; “Хадра“ кўчалари ва “Хадра“ тор кўчаси деб юритилади.

Ер куррасининг турли мамлакатларида иқлими турлича, урф-одати ўзгача, ҳар бир замин ўзининг географик, геологик, геотехтоник хусусиятларига эга, ҳар бир халқнинг, миллатнинг ажойиб миллий меъморчилик анъаналари мавжуд. Асрлар оша сақланиб қоладиган биноларнинг қурилишида жаҳон тажрибаси эътиборга олиниши, юксак тараққий этган давлатлар мутахассисларини ёрдамга чақириш, ҳамкорларни жалб этиш одат тусига кирмоқда. Бу бизга ўтмишдан қолган ота мерос. Соҳибқирон Амир Темур Самарқанд, Шаҳрисабз, Туркистон шаҳарларида қурмоқчи бўлган сарой, мадраса, масжид ва мақбараларни барпо этишга дунёнинг кўплаб давлатларидан моҳир лойиҳачиларни, меъморларни, тоштарошларни, қурувчиларни йиққан эди. Ва бугунги фахр-ифтихоримиз бўлган Соҳибқирон қурдирган маданий меъморий ёдгорликлар мана, ярим минг йилдан зиёд жаҳонга ўз тароватини кўз-кўз қилиб келмоқда.

Тан олиш керак, не машаққатлар билан амалга оширилаётган оламшумул ишларга яхши ният билан ҳавас қиладиганлар қанча кўп бўлса, атайлаб камчилик қидириб, хафа бўлишмасину, ҳасад қилгувчилар ҳам топилар экан. Шу йил 2 декабрь куни ўзимизда ҳам, айрим хорижий ижтимоий тармоқларда ҳам блогерлар томдан тараш тушгандек: “нима дейсан “Tashkent City” даги Конгресслар марказининг томи босиб қолибди!”, деб ҳамма ёққа шов-шув гап тарқатдилар. Кимларнидир ташвишга, таҳликага солган бу шов-шув ана шу Конгресс марказининг 9 балли зилзилага чидайдиган катта залидан олиб берилган видеорепортаждан кейингина барҳам топди.

Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлсак, ана шу – 2 декабрь куни: “Tashkent City”да қуриб дастлаб фойдаланишга топширилган Конгресслар маркази томининг бир қисми қулаб тушган, деб хабар берилган. Воқеага сиёсий тус берилишини қаранг: бу воқеа 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан ўтказиладиган байрам дастурига тайёргарлик кўрилаётган вақтда, репетиция чоғида юз берган, – дейилади. Ўша ерда бўлганларнинг маълумотига кўра, том қулаган пайтда унинг тепасида уста ҳам бўлган экан, лекин у чаққонлик қилиб ўз ҳаётини сақлаб қолган эмиш. Репетициядагилар эса қўрқиб, ваҳимага тушиб қолишган. Орадан кўп ўтмай, воқеа жойига шаҳар ҳокими етиб келган.

Кейин эса, барака топкур блогерлар, шундай дейишди: “Аввалроқ сайтимизда “zarnews.uz” ахборотига таяниб “Tashkent city” даги Конгресслар марказининг томи қулаб тушгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун мутасадди расмий ходимларнинг маълум қилишича, том жойида турибди, устанинг ҳаёти ҳам хавф остида эмас, ҳаммаси жойида, деб “zarnews.uz” тарқатган бўҳтон хабар учун кечирим сўрагандек, мустаҳкам турган Конгресслар марказининг ичидан туриб хабар беришди. Шу билан бирга, Конгресс-холл 9 баллик зилзилага ҳам бардош бера олиши мумкинлиги алоҳида таъкидланиб ўтилди кейинги ахборотларда.

Сити қурилиши Ўзбекистонда кўп қаватли бинолар барпо этиш тажрибаси, амалиётини янги поғонага кўтаради. Бу ерда Тошкент сейсмик зонасига мослаштирилган мустаҳкам, чидамли ва бехатар бинолар қад ростлайди. Ахир зилзила кўп бўладиган Токио, Шанхай, Пекинда ҳам бугун 60-70 қаватли бинолар қуриш амалиёти авжида-ку?!

Шу ерда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев “Tashkent Сity” ишбилармонлар халқаро бизнес маркази қурилиши лойиҳасини ҳар 10 кунда шахсан ўзи назорат қилишини билдирди. Бу сўзларини шарҳлар экан: “Tashkent City” бизнес-маркази билан биз дунё ҳамжамиятига ўзимизни танитишимиз керак. Бу – тарих. Тошкент янгиланиши лозим. Пайсалга солишга вақтимиз йўқ”, – деди Президент одатдаги бизнес-марказга борадиган шанба кунларининг бирида.

Тошкентнинг нақ марказида жойлашган Шайхонтоҳур туманидаги “Tashkent City” Халқаро бизнес марказида ишбилармон-тадбиркорлар ўзаро учрашувлар ўтказиб, шу ернинг ўзида бизнес музокараларини олиб бориши, люкс классдаги апартаментларда дам олиб ҳордиқ чиқариши, буларнинг барчасидан улар ҳеч қаерга бормасдан, бир жойнинг ўзида – бизнес-марказида баҳраманд бўлиши мумкин. Бунинг учун комплексда барча шарт-шароит муҳайё этилади.

“Tashkent City” бизнес комплекси пойтахт марказида, ниҳоятда қулай ерда жойлашган. Тошкентнинг турли ҳудудлари: Самарқанд йўли, Фарғона йўли ёки Қозоғистон томондан йўл олганлар “Tashkent City” га у ерларга борган метро линиялари орқали “Халқлар дўстлиги”, “Пахтакор”, Алишер Навоий номли ва “Ўзбекистон” метро станциялари орқали етиб келиши мумкин.

photo5253941667252251761.jpg

“Tashkent City” Халқаро бизнес марказининг барпо этилиши жадал суръатлар билан бораётган бугунги кунда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим, қурилишга тайёргарлик ишлари осон кечгани йўқ. Шаҳар марказида 80 гектар ер тозаланди. Ўтган асрнинг 50-йилларидан бузилиши режалаштирилаётган ва 2015 йилдан янги турар жой биноларига аста-секин кўчирилаётган “Ўқчи” ва “Олмазор” маҳаллалари аҳолисининг қадимги ҳовлилари бузилди. “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижоди маркази, (илгариги В.И.Ленин номидаги пионерлар ва мактаб ўқувчилари саройи), архитектор Рафаэл Хайрутдинов лойиҳаси асосида қурилган Киночилар уйи бузилди, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни қайд этиш Бош бошқармаси, Тошкент метрополитени бошқармаси аппарати ходимлари бошқа биноларга кўчирилди.

Келинг, энди “Tashkent City” Халқаро бизнес марказининг бош объектлари билан батафсилроқ танишайлик: “Gardens Residence” – катта боғ номи билан юритиладиган бизнес-комплекснинг люкс классидаги турар жойлар қурилишига Буюк Британиянинг архитектура, қурилиш ва дизайн масалалари билан шуғулланадиган “High Land City” ХК МЧЖ компанияси инвестиция киритган. Компания мутахассислари ўз зиммаларига шундай масъулиятни олишган: “Турар жой биноси инсон организмидаги юракка ўхшаб “гуп”-“гуп” этиб доимо уриб туриши, бошқа барча аъзолар ҳам соат милларидек тўхтовсиз ҳаракатда бўлиши керак. Томирларда қон айланиши ва у бутун танага кислород, озуқа етказиб туриши лозим. Шу сабабли биз қураётган уйларнинг муҳандислик тизими бир дақиқа ҳам тўхтамай ишлаб туриши керак. Бу ерда яшаш учун илгари Ўзбекистонда бўлмаган, жуда қулай замонавий шарт-шароитлар яратилади. Янги – 2020 йили Тошкент-ситида ана шундай ажойиб турар жой бинолари қад кўтаради”. Компания дунёда “Биз уй қурадиган эмас, тарих яратадиган компаниямиз!” деган шиор остида фаолият юритмоқда. Мазкур турар жой бинолари Туркиянинг “Özgüven mimarlik” ва “Prime Tower Group” компаниялари лойиҳалари асосида қад кўтараяпти.

Сайтимизни кузатиб боринг, давоми бор.