“Tashkent City”нинг 51 қаватли осмонўпар бинолари
Марказий Осиёдаги энг юқори – 215 метр осмонга қараб бўй чўзган 51 қаватли “Tashkent City”нинг осмонўпар биноси зилзилага чидамли бўлиб, унинг асоси – фундаменти 20 метр чуқурликда ковланган.
Янгиланаётган Ўзбекистон
Murad Buildings Ўзбекистон қурилиш компаниясининг берган маълумотига қараганда, Марказий Осиёдаги энг юқори – 215 метр осмонга қараб бўй чўзган 51 қаватли “Tashkent City”нинг осмонўпар биноси зилзилага чидамли бўлиб, унинг асоси – фундаменти 20 метр чуқурликда ковланган. Об-ҳаво яхши бўлган кунлари бинонинг юқори қаватларидан туриб Чимён тоғларини худди кафтингизда тургандек кўришингиз мумкин. “Tashkent City” қурилиши 2021 йилга мўлжалланган.
Ҳайрон бўласан киши. Қандай қилиб тарихи, илм-фани, маданияти кўпчиликка маълум бўлмаган Сингапур, Шанхай, Дубай каби янги шаҳар-давлатлар бир авлод умри мобайнида дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларига айланиб олмоқда. Бутун дунё сайёҳлари ҳам ойлик, йиллик даромадларини тўплаб, ана шу давлатларга саёҳатга бориб, сўнгги йилларда қуриб фойдаланишга топширилган ғаройиб мўъжиза биноларни томоша қилишга, дам олиб, ҳордиқ чиқаришга ошиқмоқда. Уларнинг туризмини ривожлантирмоқда.
Айтиш жоиз, инсоннинг ақли, хаёли, режаси, фантазиясини чеклаб ҳам, чегаралаб ҳам бўлмас экан. Азалдан ва моҳиятан инсон ана шундай яратилган. Бугун кечагидан, эртага бугунгидан, индинга эса яна ҳам яхши яшашни истайди у.
Сингапурда бўлганимизда ҳар бири 68 қаватли учта бинонинг устига қурилган, афсонавий Нуҳ кемасини эслатувчи баҳайбат Казино биносини кўриб ҳайратга тушган эдик ёки Қувайтнинг осмону фалакка қараб ҳамла қилаётган кобра илонлари мисол барпо этилган офис бинолари беихтиёр диққатимизни ўзига жалб қилган эди. Ҳа, бу ҳам замонавий эстетик дид, ҳам бугунги кун илғор меъморчилиги, ҳамда реклама, даромаддир.
Жаҳонни қойил қолдира оладиган ота-боболаримиздан бебаҳо мерос бўлиб қолган ажойиб фазилатларимизни намоён этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот, ҳозирги тил билан айтганда, промоушн, реклама қилиш вақти ҳам келди. Ахир бутун дунё аҳолиси жон-жон деб киядиган, дунёнинг турли минтақаларида ҳамон шаҳарма-шаҳар, дўконма-дўкон қидириб топиб бўлмайдиган кийимлар тайёрланадиган хом ашёлар: пахта, ипак, жун ва улардан тайёрланган атлас, адрас, банорас, гилам, мазаси тилни ёрадиган қовун, тарвуз, ўрик, узум, қулупной, гилос – буларнинг барчаси бизда, фақат бизда етиштирилади-ку!
Реклама қилиш мақсадида минора-офис биноларини қуриб, уларни кўз-кўз қилиб тарғиб қилиш ортида бугунги ҳаётимизни қулай, гўзал қилиш билан бирга, мўмайгина даромад кўриш, турмуш даражамизни кўтариш, қолаверса, бундан ҳам каттароқ режаларни амалга оширишга интилишдир. Имкониятларни кенгайтириш йўлида нималар қилмайди дейсиз тадбиркорлару бизнесменлар. “Шарқ йўлбарси“ деб ном олган давлатларнинг бирида чойнак шаклида қад кўтарган баҳайбат бино барпо этилган. Бу уйнинг энг юқори нуқтаси ердан 73 метр баландликда. Агар бу иншоотнинг ҳар бир қаватини етти эмас, беш метрдан деб ҳисоблайдиган бўлсак ҳам у 10 қаватли росмана бинога тенг келадиган ҳажмдаги чойнакдир. Бу чойнакка чой дамланса борми, унга таъми тилга, хушбўй ҳиди димоққа маъқул бўладиган 28 миллион литр шифобахш хитой кўк чойи кетар экан.
Бу биноларнинг диққатга сазовор томони шундаки, уларнинг электр қувватига бўлган эҳтиёжининг 90 фоизи қайта тикланадиган ва таги мўл табиий, қуёш энергияси ҳисобига қопланади. Бино хоналари ҳам қуёш нурлари ёрдамида иситилади. “Tashkent City”да бу масалалар қандай ҳал этилишини билмадигу, лекин бизнинг серқуёш диёримизда ҳам шундай инновацияли ғоялар қўлланса, нур устига нур бўлар эди, деган хаёлга борасан киши. Тошкент-Сити яқин йилларда дунёнинг ана шундай ажойиб шаҳарлари қаторидан ўрин олса ажабмас.
Кўпчиликнинг манфаатини кўзлаб қилинаётган савобли ишнинг қаноти кенг, парвози баланд, йўли очиқ бўлади, дейишади. Ҳозиргина олган маълумотимизда кўҳна Бухоро шаҳрида ҳам Ташкент ситининг укаси Bukhara City биносининг пойдевори – асосига дастлабки тош қўйилгани ҳақида хабар қилинади.
Яна бир янгилик. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси, Россия Федерациясининг Иқтисодий тараққиёт вазири Максим Орешкин Москвадаги Иқтисодиёт олий мактаби тингловчилари билан бўлган учрашувда “Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти собиқ Иттифоқ минтақасида Россиядан кейинги иккинчи ўринни эгаллаш имконини беради”, деб айтди. Россия вазирининг гапи бўйича бунга 20 йилга яқин вақт керак бўлар экан. Шу ерда бир нарсани таъкидлаб айтмоқчи эдик. Россия вазири Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш суръатларидан хабари бўлмаса керак, деган хаёлга борасан. Ва ўзингни мақташ, бино қўйишни тўхтатиб, Шарқ фалсафасига кўра, ошиқмай, лекин изчиллик билан қилинган астойдил ҳаракат албатта манзилга етказади, деган хулосага келасан.
Ўзбекистон пойтахтининг майдони 337 квадрат километрга тенг. Шаҳарда учта аэропорт, иккита темир йўл вокзали, Марказий Осиёдаги ягона метрополитен аҳолига хизмат кўрсатади. Янги Тошкент Шарқнинг гўзал пойтахтларидан бирига айланмоқда. Унинг кўчалари тонг саҳардан сув сепиш машиналари билан ювиб, супириб-сидириб озода ҳолга келтирилаяпти. Тошкентда ёз иссиқ бўлганлиги сабаб эрта тонгданоқ унинг кўплаб янги баланд фавворалари шаҳар ҳавосини намлаб чор-атрофга сув пуркай бошлайди.
Марказий Осиёда ягона бўлган “Tashkent City” бизнес маркази ўзимизнинг – ички ва чет эллик тадбиркор, бизнесмен, туристларни улар уй сотиб олмоқчи-ми, буюм харид қилмоқчи-ми ёки ишдан чарчагандан сўнг дам олиб ҳордиқ чиқармоқчими, барча-барчани ўз бағрига чорламоқда.