Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги энг йирик янги Молия маркази

“Tashkent City”да “А” тоифасидаги юқори комфорт қулайликларга эга бизнес-офислар жойлашади.


Янгиланаётган Ўзбекистон


“Tashkent City”да қад кўтараётган Республикамизнинг энг йирик Молия марказида Ўзбекистон банк муассасаларининг етакчи ёш мутахассислари фаолият юритади, “А” тоифасидаги юқори комфорт қулайликларга эга бизнес-офислар жойлашади. Бу ерда 28-33 қаватдан иборат 4 та бино бўлади. Молия маркази қурилишига Жанубий Кореянинг “Bomi E&C” компанияси, Ўзбекистоннинг “Алоқабанк”, “Асакабанк“ ва “Узпромстройбанк”лари инвестиция киритишаяпти. Хитой Халқ Республикасининг Shanghai Construction Group билан Кореянинг “Bomi E&C” компаниялари Молия марказининг Бош пудратчилари ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Кореянинг “Bomi E&C” компанияси қурилаётган объектларига ўзи инвестиция киритиб, ўзи пудратчи вазифасини адо этмоқда.


Сити Тошкент шаҳар аҳолиси, пойтахт меҳмонлари ҳамда ички ва хорижий сайёҳ, туристларнинг шанба-якшанба кунлари севиб дам оладиган, мазали, хушхўр таомларни тановул қилиб, мазмунли ҳордиқ чиқарадиган жойига ҳам айланади. Улар бу ерда қад кўтарадиган минора-биноларининг баланд қаватларида жойлашган махсус ресторан, кафе, томоша майдонларида кундузи, оқшом, кечаси эсадиган салқин майин шабадалардан баҳраманд бўлади, осмону фалакнинг тоза ҳавосидан нафас олиб, Ўзбекистон пойтахтининг гўзал манзараларини томоша қиладилар.

“Tashkent City” тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари дам олиб ҳордиқ чиқарадиган йирик маскан бўлади. Бу ерда барпо этилаётган ноёб Tashkent City Parkи дам олиш зонаси 18,6 гектар майдонни эгаллаб, Ўзбекистондаги энг йирик маданият ва истироҳот боғига айланади.

Tashkent_City_Park_at_night_2019.jpg

2019 йил 13 октябрь куни Навоий кўчаси билан Ўзбекистон проспекти оралиғидаги Бизнес-комплекснинг 8-лотида жойлашган “Tоshkent City” паркининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу маданият ва истироҳат боғи, эътибор беринг, 20 футбол майдонига тенг бўлиб, 18,6 гектар ерни эгаллайди. Бу ерда турли ёшдаги кишиларнинг фаол дам олиши учун бир қанча имкониятлар яратилган, узунлиги 1 минг 740 метр бўлган велосипед йўли, workout-зоналар – кўча гимнастикаси билан шуғулланадиган спорт майдонлари, планетарий, flying-theatre ва машҳур кишиларнинг мумдан тайёрланган қиёфалари музейи, шунингдек, катта ёшдагилар кўлнинг ажойиб манзарасида ўтириб дам олишга мўлжалланган қулай ўриндиқлар, турли суратлар томоша қиладиган фотозона мавжуд.

Tashkent City Parkига 3.000 дан ортиқ турли-туман манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 15 минг 700 квадрат метр майдонни эгаллайдиган Ўзбекистон пойтахтидаги энг катта кўлда узунлиги 200 метрга чўзилган фавворалар чор атрофга сув пуркаб туради, шунингдек, бу ерда планетарий, Ўзбекистонда биринчи 7D кинотеатри ва бу ерда ҳам Ўзбекистонда ягона, машҳур мадам Тюссоникига ўхшаш ўтмиш ва замонамизнинг тарихий машҳур шахсларининг мумдан тайёрланган ҳайкаллари музейи жой олади.

AZZvXvWTzpU.jpg

Бизнес-марказнинг қоқ ўртасида 2500 квадрат метрли жойларда болалар ва спорт майдонлари, қадимги юнонча очиқ ҳаво остида амфитеатр, 15 700 квадрат метр майдонда гулзор, кафе, ресторан ва 13 киоскада Signature cafe, Steakhouse, Baskin robbins, Bon! Express ва бошқа кичик савдо дўконлари қад ростлайди.

“Tashkent City”да диодли ёритгичлар ёрдамида тайёрланган сарғимтил рангдаги ҳосили ғарқ пишган буғдой даласи, худди тирикдек сувдан сакраб чиқиб келаётган пўлатдан ясалган дельфинлар, катта миқдорда сув пуркаб, микроиқлим яратаётган улкан фавворалар, “Орифжанбой” масжиди ва бошқа кўплаб дам олиб, ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

Бизнес-комплекс ҳудудига келганларнинг адашиб қолмаслиги учун сиз шу дақиқада қаерда турганлигингизни аниқ билдириб, қаерга қараб юришингиз кераклигини овоз чиқариб, уч тилда айтиб турадиган электрон инфокиосклар ишлаб туради.

XhUyOlcUFvw.jpg

Яна шуни таъкидлаш жоизки, бизнесмен, ишбилармон, тадбиркорлар ҳаётда роса пишган, тажрибали, кўпроқ таҳлилий, танқидий фикрлайдиган, катта ақл ва нозик идрокка эга бўлган, тез ўйлайдиган, эпчил, зудлик билан хулоса чиқариб, қарор қабул қиладиган инсонлар бўлади. Бизнесменнинг ютуғу муваффақияти ҳам ана шунда. Уларга хизмат кўрсатадиган ўзбек Сити ходимларимиз эса улардан, яъни турли давлатлардан келадиган бизнесменлардан ҳам тез ўйлайдиган, мижоз бир фикрга келмасидан олдин унинг мақсадини англаб, бир қарорга келишига ёрдам берадиган, ундан ҳам ақллироқ, ишбилармон, тадбиркор бўлиши лозим. Мижознинг юзига, кўзига қараб, унинг истак-ҳохишини тезда уқиб, фикри-ёдию режасини билиб оладиган киши бўлиши ва қулай фурсатдан фойдаланиб, ўз хизматини таклиф этиши лозим. Сити ходими юксак эстетик дидга эга бўлган, тез ва нозик фикрлайдиган психолог, руҳшунос, сўзга чечан, муносабатда дипломат бўлиши даркор.

“Tashkent City”да барпо этиладиган мадам Тюссо музейида Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Россия ва АҚШ Президентлари – Владимир Путин билан Дональд Трампнинг, шунингдек, Терминатор, Брюс Уиллис, Дуэйн Джонсон, Мэрилин Монро, Джек Воробей, Марк Цукерберг ва Альберт Эйнштейнларнинг мумдан ясалган ҳайкаллари бўлиши режалаштирилмоқда.

photo_2019-10-14_08-10-20.jpg

Музейда қон томирларигача бўртиб чиққан ва сизга ниҳоятда таниш бўлган инсонлар қиёфасини, уларнинг худди тириклигидагидек самимий табассумлари-ю ёниб турган кўзларини кўриб ҳайратга тушмай иложи йўқ. Машҳур футбол ўйинчилари Роналдо билан Месси, Бурак Озчивит, Султон Сулаймон, Ҳожибой Тожибоев ва сизга қадрдон бўлган бир қатор ҳинд ва Хитой, турк халқларининг таниқли артистлари, жаҳонга машҳур кишиларини кўришингиз мумкин.

Қубба шаклидаги каттагина залда юмшоқ ва қулай бин-бэгларда маза қилиб ўтириб, улкан экранда осмону фалакдаги узоқ юлдузлардан тортиб бир неча минг метр чуқурликдаги денгизу уммонлар тубларига қадар саёҳат қилишингиз мумкин. Машҳур Мадам Тюссонинг мумдан ясалган кишилар қиёфалари музейининг чипта нархи – 20 минг сўм, планетарийга 30 минг сўм, 7D кинотеатрига кино томоша қилиш учун 40 000 сум тўланади.

Ёзда бироз салқинлаб, қулай ўриндиқларда маза қилиб дам олиб ҳордиқ чиқарадиган паркнинг энг гўзал ва диққатга сазовор жойи бу – узунлиги 200 метр бўлган ранг-баранг тусга кирадиган мусиқали фавворалар мажмуаси атрофидир. Бу ерда кўзни қамаштирадиган лазер нурлари ёрдамида ҳосил бўладиган сув шоу-томошалари мамлакатимизда биринчи бор намойиш этилади. Фаввора сувлари 80 метр баландликка кўтарилиб, улар ёрдамида турли шакллар, инсонлар портретлари, тарихий картиналар, воқеа-ҳодисалар акси намойиш этилади.

Сув шоу-томошаларини эса Arrows&Sparrows кафеси амфитеатрида сизни аввалроқ бериб қўйган буюртмангизга биноан стол-дастурхонингиздан туриб томоша қилишингиз ҳам мумкин. Яна кимнингдир қорни очиб қоладиган бўлса, парк ҳудудида Dayako Chiken билан Arrows&Sparrows кафеларидан ташқари, 3 та ресторан, 2 та қаҳвахона ва яна бир нечта фаст-фуд киосклари ихтиёрингизда бўлади.

Тез кунда бу ерда пишириқлар, ширинликлар, сувенирлар ва болалар ўйинчоқлари дўконлари очилади. Истироҳат боғида ХХ асрда қурилган ва яқинда таъмирдан чиққан яхшигина меъморчилик ёдгорлиги – “Орифжанбой” масжиди ҳам хизмат кўрсатади. Бу ерда ажойиб микроиқлим яратилади, ер остидан узум ишкомларига ўхшаш сувлар отилиб чиқиб турибди.

Истироҳат боғида меҳмонларнинг тинчлиги, осойишталиги, хавфсизлиги ҳам яхши таъминланади. Буни “Tashkent City”нинг махсус қоровул хизмати ходимлари амалга оширади. Уларни таниб олиш ҳам қийинчилик туғдирмайди. Тошкент-ситининг махсус хизмат ходимлари товуш чиқариб чироқлари ёниб-ўчиб турадиган электромобилларда Сити бўйлаб ҳаракат қилишади. “Tashkent City”да озодаликка алоҳида эътибор берилади. Бу ерда ишлатиб бўлинган қоғоз сочиқ, стакан, целлофан пакет каби чиқинди турларининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида урна, корзиналар ўрнатилади.

“Tashkent City” боғига тез ўсиб, тез соя берадиган 2 минг 900 туп махсус дарахт кўчатлари ўтқазилди. Улар орасида катта гулли магнолия, Австриянинг қора қарағайи, қишин-ёзин кўм-кўк яшнаб турадиган шарқ туяси ва бошқа дарахту гиёҳлар экилган. Бизнинг иқлим шароитимизга мос бўлган айрим дарахт кўчатлари хориждан – Италиядан махсус келтирилди. Бир неча йилдан кейин “Tashkent City”да ҳам кўпчиликка маъқул бўлган соя-салқин жойлар пайдо бўлиб, ёзда ҳам бу ерда маза қилиб дам олиб ҳордиқ чиқариш имконияти пайдо бўлади. Парк ҳафтасига 7 кун эрталаб соат 10.00 дан кечаси соат 22.00 га қадар очиқ бўлади. Паркка кириш бепул, ҳақ тўланмайди.

home-bg-6.jpg

“Tashkent City”га келиб кетиш ҳам қулай бўлиши кўзда тутилган. Ситига келган киши машинасини ер остидаги парковкага қўйиб, истаган қаватидаги идора, офис, хизмат жойига лифтда чиқади. Иш битгандан сўнг қайтишида ҳам худди шундай подвал гаражига тушиб машинасини миниб, уйига ёки бошқа истаган жойига йўл олади. Тошкент-Ситида вақтингиз бекор кетмайди. Бу ерда ҳамма нарса ўйланган, ҳисоб-китоб қилинган ва ечими топилган. Ишлайсиз, шартнома тузасиз, шартномаларни имзолайсиз, шу билан бирга, катта даромад кўриб, сифатли дам олиб, яратилган қулай шароитларда маза қилиб ҳордиқ чиқарасиз. Ишингизнинг муваффақиятли битиши Сити мутасадди ходимлари зиммасида.

Сайтимизни кузатиб боринг, давоми бор.