Сирдарёдаги аянчли ҳолатларга вилоят ҳокимлигининг муносабати
Хабарингиз бор, ЎзА сайтида “Президентимиз Олий Мажлис Сенатида бонг урган Сирдарёдаги ҳақиқий аҳвол ҳақида ФОТОЛАР” сарлавҳали материал эълон қилинди.
Хабарингиз бор, ЎзА сайтида “Президентимиз Олий Мажлис Сенатида бонг урган Сирдарёдаги ҳақиқий аҳвол ҳақида ФОТОЛАР” сарлавҳали материал эълон қилинди.
Шундан сўнг ушбу материалга муносабат сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасидан маълумотлар олиниб, муаммолар бартараф этилаётгани ҳақида “Сирдарё: Оғир вазиятга тушган одамларга, айниқса аёлларга қандай ёрдам кўрсатилмоқда?” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳам вазиятга ойдинлик киритди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра,фотосуратларда акс этган ҳолатларда яшаётган оилалар, афсуски, Сирдарё вилоятида мавжуд. Нафақат Сирдарё туманида, балки бундай оилалар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди.
Айни вақтда ушбу оилаларнинг яшаш шароити ўрганилмоқда. Мақоладаги суратларда акс эттирилган манзиллар аниқланиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлигида мутасадди мутахассислардан иборат махсус гуруҳ тузилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Камчиликлар қисқа фурсатларда бартараф этилади. Бу ҳақда қўшимча маълумотлар бериб борилади.
Жорий йилнинг 21 январь куни Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати йиғилишида қайд этган фикрларидан келиб чиқиб, айни пайтда нафақат Сирдарё тумани, балки вилоятнинг барча туман ва шаҳарлардаги оилаларнинг яшаш шароити қайта ўрганилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Президентимиз топшириқларига асосан Сирдарё туманида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика жамоат ташкилотлари ходимларидан иборат 50 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Сирдарё туманидаги маҳаллардаги оилаларни ўрганди.
Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги 38 маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалардаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Ўрганиш жараёнида 627 хонадон ўрганилди ва 15 йўналишдаги 840 муаммо аниқланди. Шундан, 75 таси уй-жойлар билан боғлиқ.
Ушбу муаммоларни ижобий ҳал этилиши учун республика бюджетидан маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, кейинги йилларда вилоятда ижобий кўрсаткичларга ҳам эришилмоқда. Кенг миқёсдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мисол учун, 20 миллиард сўм маблағ эвазига вилоят маркази замонавий қиёфага келтирилди.
Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан
қарийб 350 миллиард сўм маблағ ҳисобига “Ховос сити” қуриб битказилмоқда. Бугунги кунда “Ховос сити”да юзта 2 сотихли арзонлаштирилган уй-жойлар фойдаланишга топширилган бўлса, ўнта 5 қаватли 240 хонадонли ҳамда йигирмата 5 қаватли 600 хонадонли арзонлаштирилган уйларда қурилиш ишлари якунланган.
2019 йилнинг ўзида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан 24 қишлоқ, 8 маҳаллада қарийб 320 миллиард сўмлик қурилиш, ободонлаштириш ишлари бажарилди. Энг асосийси, ушбу қишлоқларда аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, ижтимоий соҳа объектларидан 26 мактаб, 15 соғлиқни сақлаш ва 10 мактабгача таълим муассасаси замонавий талабларга келтирилди.
Кейинги йилларда Хотин-қизлар қўмитаси ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда вилоятдаги барча туман, шаҳарларда хотин-қизларнинг турмуш шароитлари ўрганиб чиқилган. Унга кўра, 650 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бўлган хотин-қизлар аниқланиб, уларни уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳал этиб келинмоқда.
Жумладан, 2017-2019 йиллар давомида ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, уй-жойга эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 410 нафарига уй-жойларнинг бошланғич бадал маблағлари тўлаб берилиб, уларнинг 253 нафари намунавий лойиҳалар асосида қурилган турар-жойлар билан таъминланди. Шундан, 24 нафарини Сирдарё туманида яшовчи хотин-қизлар ташкил этади.
Албатта, бу ишлар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг барчасининг эҳтиёжини қондириш мақсадида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шунингдек, вилоятимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 2020 йилда 550 миллиард сўм маблағ ҳисобига 33 қишлоқ ва маҳаллада аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш борасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳудудларда сектор раҳбарлари тегишли масъуллар билан биргаликда маҳаллаларда уйма-уй юриш натижасида аниқланган камчиликлар ҳам алоҳида назоратга олиниб, белгиланган тартибда бартараф этиб борилмоқда.