ЎзА аввал хабар берганидек, 24-27 июль кунлари Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Бугун Ташқи ишлар вазирлигида ШҲТ Миллий координаторлар кенгаши мажлиси якуни ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг бўлажак йиғилишига доир режаларга бағишланган брифинг ташкил этилди.
Анжуманда мамлакатимизнинг ШҲТ ишлари бўйича Миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов тўрт кун давом этган тадбир тафсилотига тўхталди.
Маълум қилишларича, Миллий координаторлар иштирокида ўтган анъанавий йиғилишда бугун ва эртага – 28-29 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтаётган аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати лойиҳалари келишиб олинган.
2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарликнинг мазмуний, ташкилий-протокол масалалари муҳокама қилинган. Мулоқот чоғида ташкилот фаолиятининг амалдаги кун тартибига киритилган режалар ҳам кўриб чиқилган.
Р.Нуримбетов, шунингдек, Миллий координаторлар кенгаши ташкилотнинг жорий фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва бошқарувчи органи ҳисобланишини алоҳида тилга олди. Айнан шу механизм доирасида давлат раҳбарлари кенгаши, ҳукумат раҳбарлари (Бош вазирлар) кенгаши ва ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишларига тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
Б.Худойбердиев, ЎзА