Нобель мукофоти қариганда берилса ҳам кашфиётлар ёшликда қилинади (2-қисм)
Зудлик билан кўрилаётган чора-тадбирлар дастлабки натижаларни ҳам бера бошлади.
Зудлик билан кўрилаётган чора-тадбирлар дастлабки натижаларни ҳам бера бошлади. Ихтиро ва кашфиётлари билан янги ёш олимлар юзага чиқмоқда. Улар ўзининг ишга, фанга, ҳаётга принципиал янги ёндашувини намоён қилмоқда.
Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “ақлли технологиялар”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бухорода ҳаводан сув ажратиб оладиган атмосфера генератори ишга туширилди. Ускуна кунига ҳаводан 900 литр ширин ичимлик суви ишлаб чиқариш қувватига эга. Ўзбекистонда биринчи қуёш электростанцияси электр ишлаб чиқара бошлади. Яна 3 гелиостанция қурилиши кўзда тутилган. 2030 йилга қадар 4 гигаватт қувватга эга бўлган қуёш электростанциясини ишга тушириш режалаштирилган.
Ўзбекистонда далалар узра парвоз қилиб ўсимликларни чанглатадиган дельталет тақдимоти бўлиб ўтди. Бу техника гулга кирган экинларни чанглатишдан ташқари, уларга кимёвий ишлов беришда, пахтазорларни дефоляция қилиб, ғўза баргларини сунъий тўкдиришда ҳам қўлланилади. Демак, фанимиз тарихида янги давр бошланди, десак бўлади.
Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли Ядро физикаси институтида ўтган асрнинг 90 йилларида тўхтатиб қўйилган ядро реакторининг иши қайтадан тикланадиган бўлди. Жиззах вилояти Зомин туманидаги ноёб Супа радиотелескопининг қурилиши ниҳоясига етказилади. Хитой компанияси Ўзбекистонда пахта плантациялари узра учувчисиз парвоз қиладиган дронларни ишлаб чиқара бошлайди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида яримўтказгичлар ва микроэлектроника физикаси бўйича янги илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Ўзбекистонда илм-фаннинг ривожланишига хорижий давлатларда ҳам қизиқиш катта. Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 44,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Тошкентда Ахборот технологиялари технопарки қад ростлайди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари пахтанинг “Занги-Ота-2”, “Ишонч”, “Зафар” номли янги навларини яратди. Амалга оширилаётган бундай ишларни узоқ давом эттириш мумкин.
Сўнгги йилларда ёшларнинг нуфузли миллий ва халқаро илмий мусобақа ва танловларда қатнашиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга катта эътибор берилмоқда. Мамлакатимизда ёш истеъдод соҳибларининг илмий-ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ҳар йили республика ва халқаро фан олимпиадалар ўтказилиши одат тусини олаяпти. Бакалавриат босқич талабалари орасида Беруний, Навоий, Улуғбек, Ибн Сино, Имом Бухорий номидаги давлат стипендиялари таъсис этилди.
Энг сўнгги янгиликлардан: Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёш олимлар Германия Федератив Республикаси тадқиқот институтларида малака ошириш курсларига юбориладиган бўлди. Юртимиз олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларидан иборат тадқиқотчилар Германиянинг Берлин, Потсдам, Галле, Лейпциг ва Дрезден шаҳарларидаги нуфузли университетлар, тадқиқот марказлари, технологик инкубаторлар, инновацион компаниялар фаолияти билан танишади. Германияга стажировкага кетаётган олимлар ўртача 27 ёшни ташкил этади. Улар робототехника, муқобил энергия, инновацион қурилиш материаллари, зараркунанда ҳашаротларга қарши экологик тоза воситалар билан курашиш каби соҳаларда малака ошириб келади.
Ёш олимимиз ўзи яратган гипоаллерген биолатекс препарати учун халқаро мукофот олди. Ватандошимиз оёқ остимизда ўсиб ётадиган, пишганда оппоқ момиқлари енгил шамолда учиб кетадиган оддий момақаймоқ гиёҳи бандидан гипоаллерген, хоссаси ва хусусиятларини узоқ сақлайдиган биолатекс, биорезин ва инулин олиш технологиясини яратгани учун халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниб ана шундай мукофотга сазовор бўлди.
Ўзбекистонда яқин келажакда дори-дармонларни ишлаб чиқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш йўлга қўйилади.
Илмий тадқиқот муассасаларимизда, олимларимиз фаолиятида ҳам жиддий муваффақиятлар қўлга киритилиб, катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Ўзбекистон фани ютуқларини жаҳон тан ола бошлади.
Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти бўлим мудири, физика-математика фанлари доктори Бобомурод Аҳмедов Умумжаҳон фанлар академияси аъзолигига сайланди.
Ўзбек олими аъзо бўлган Умумжаҳон фанлар академиясига покистонлик таниқли физика назариётчиси Абдус Салом асос солган эди. “Покистон атом технологиясининг отаси” деб ном чиқарган Абдус Салом ядро физикаси соҳасидаги покистонлик яна бир олим Абдул Қодир Хон каби нафақат ислом оламида, балки бутун дунёга маълум бўлган йирик тадқиқотчилардан ҳисобланади. Иккала олим ҳам ислом динига мансуб бўлган дастлабки Нобель мукофоти соҳиби. Шуниси ҳайратланарлики, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ҳиндистондан ажралиб чиқиб мустақиллигини эълон қилган Покистон қисқа муддат ичида жаҳонга машҳур Оппенгеймер, Курчатов, Сахаровлар қаторида қайд этиладиган Абдус Салом билан Абдул Қодир Хонларни берди.
TWAS Умумжаҳон фанлар академиясининг Италиянинг Триест шаҳрида ўтган 28-Бош ассамблеясида дунёнинг 104 давлатидан мазкур нуфузли илмий даргоҳнинг 46 янги аъзосини сайлаш маросими бўлиб ўтди. Сайлов натижалари бўйича ўзбек олими, физика-математика фанлари доктори Бобомурод Аҳмедов The World Academy of Sciences TWAS – Умумжаҳон академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлди.
Покистонлик олим, Нобель мукофоти соҳиби Абдус Салом ҳақида қисқача маълумот. У Карачи университетини тамомлаган. 1961 йили Ғарбий Германиядаги техника университетига металлургия сир-асрорларини ўрганиш учун ўқишга кетади. 1972 йили фан доктори диссертациясини немис тилида ёқлайди. Сўнгра Амстердамга физика лабораториясига ишга киради. Уранни бойитиш бўйича Ғарбий Германия, Буюк Британия ва Голландия давлатлари томонидан ўта махфий равишда олиб борилаётган дастурда иштирок этади. 1975 йили ватандоши Абдул Қодир Хон Покистонга қайтгандан кейин Покистоннинг шу пайтдаги Бош вазири Зулфиқор Али Бхутто мамлакат олимлари олдига ядро технологиясини яратиш вазифасини қўяди. 1998 йил 28 май куни Покистон атом бомбаси синовдан ўтади. Бу лойиҳани Абдус Салам сафдоши Абдул Қодир Хон билан ҳамкорликда яратади.
Яна бир эҳтиром. Биология ва кимё фанлари, дори тайёрлаш технологияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда Хитой билан самарали илмий ҳамкорлиги учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Салихов Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси аъзолигига қабул қилинди.
Шавкат Салихов Нобель мукофоти совриндори Жорес Алферовдан кейин МДҲ давлатларидан Хитой Фанлар академиясига аъзо бўлган иккинчи олимдир. Ўзбек олими раҳбарлигида инсон организмига бўлган таъсири ўрганилган 10 дан ортиқ янги дори-дармонлар яратилди. Вирусга қарши, шамоллашни даволайдиган, қоннинг қуйилиш хусусиятини яхшилайдиган янги дори-дармонлар бугун тиббиётда кенг фойдаланилмоқда.
Таъкидлаш жоиз бу гал Хитой фанлар академиясининг хорижий аъзолари қаторида Буюк Британиядан нанотехнологиялар бўйича йирик бир мутахассис, Нидерландиядан бир физик, Польшадан бир олим, АҚШдан турли фанлар бўйича 9 олим, космик тадқиқотлар бўйича Россиядан, Ер тўғрисидаги фан бўйича Швециядан, техника фанлари бўйича Япониядан, шунингдек, 61 хитойлик олим Академиянинг янги аъзолари этиб сайланди. Хитой фанлар академияси дунёдаги йирик илмий марказга айланиб бормоқда. Кейинги сайловда 8 давлатдан яна 16 олим Хитой фанлар академиясига аъзо қилиб олинди. Улар орасида Буюк Британиядаги Манчестер ва Шимолий-Ғарб университетларининг профессори, Нобель мукофоти лауреати Андрей Гейм ҳам бор. Хитой фанлар академиясининг хорижий аъзолари 92 кишига етди. Хитой академиясида бугун 800 академик хизмат қилмоқда.
Шавкат Салиховнинг фаол иштирокида Ўзбекистонда дори-дармонлар яратадиган ва уларни ишлаб чиқарадиган Хитой фанлар академиясининг хориждаги дастлабки филиали – Марказий Осиё дори-дармонлар маркази ташкил этилмоқда.