Ноқобил сиёсатчиларгина ҳақиқатни яширмоқчи бўладилар
Журналист Норқобил Жалил “Томорқага тош отаётган “Миллий тикланиш“ партияси нимани истайди ўзи?!” мақоласига партия мутасаддилари жавоб қайтарди
ЖУРНАЛИСТ НОРҚОБИЛ ЖАЛИЛНИНГ “Томорқага тош отаётган “Миллий тикланиш“ партияси нимани истайди ўзи?!” МАҚОЛАСИГА ПАРТИЯ МУТАСАДДИЛАРИ ЖАВОБ ҚАЙТАРДИ
Муаллиф мақоланинг икки қулочли кириш қисмини “Буюк Алишер Навоий беш-олти юз йил илгариёқ уқтирган, пойтахтимиз марказидаги ҳазратнинг ҳайкали устига қурилган гумбаз ичра ёзилган “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш” мисраларини...” унутганимизни эслатишдан бошлайди.
Ана шундай иқтибосларга тўла мақоланинг бешинчи хатбошисидагина муаллиф муддаога яқинлашгандек бўлади: “...ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишимиз юрт равнақига ҳисса қўшишга тенгдир. Бугун томорқамизни бўш қолдирсак, қайлардадир кимларнингдир ризқини қийган, ҳаққига хиёнат қилган бўламиз. Зотан, она ерда ҳамманинг ҳаққи бор. Ҳатто Саҳрои Кабирнинг олис овулидаги занжи боласининг ҳам”.
Томорқа ерларимизда Саҳрои Кабирда яшаётган занжи боланинг қанча ҳаққи борлигини билмадиму, аммо кейинги хатбошида муаллифнинг “Мана, нима учун ҳукуматимиз, қолаверса, етакчи партиямиз – OʻzLiDeP томорқа, томорқа ва яна томорқа дея жон куйдирмоқда”, деган хулосаси Норқобил Жалилнинг буюк адвокатлик ролини ўз зиммасига олаётганидан далолат беради.
Бироқ шунга қарамай асл муддаони англамаётган ўқувчида ҳақли бир савол туғилади: куя дори ҳиди анқиётган духоба кўрпачадек узундан-узун мақола муаллифи аслида нима демоқчи ўзи?
Биздаги маълумотларга қараганда, апрель ойи бошларида OʻzLiDeP фаркцияси аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 65-моддасига биринчи қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш ташаббуси билан чиқишади.
Ушбу лойиҳада томорқасига бирон нарса экмаган томорқа эгаларига жарима белгилаш назарда тутилган эди.
Шундан кейин “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари OʻzLiDePчилар ташаббусига қарши эканликларини билдирадилар. Сабаб сифатида яқинда қабул қилинган Солиқ кодексининг 437-моддаси 6-қисмида томорқасидан оқилона фойдаланган фуқарога имтиёзли солиқ, фойдаланмаган фуқарога уч баробар оширилган солиқ ҳисоблаш тартиби белгиланганлиги, аммо на солиқчилар, на маҳаллий хокимликлар ёхуд Фермерлар кенгаши ушбу норманинг ижобий-салбий жиҳатларини одамларга, хусусан томорқа эгаларига тушунтирмаганликлари натижасида одамлар ушбу тизимдан бехабар экани кўрсатилган эди.
Кўп ўтмай матбуот, ижтимоий тармоқлар орқали ушбу масала кенг муҳокама қилинди. Жамоатчилик ва энг муҳими кўплаб томорқа эгалари “Миллий тикланиш”нинг ушбу таклифини қўллаб-қувватлайдилар. Албатта, бу ерда масаланинг асл моҳиятини тушунишни ҳам истамай “Миллий тикланиш” томорқа эгаларига жарима белгилаяпди” деган гапни байроққа айлантирган айрим журналист ҳамда OʻzLiDePга хайрихоҳ троллар ўз анъаналарига содиқ қолиб, даврани қиздирганларини ҳисобга олмаганда, оддий аҳолининг эътирози асосан сув йўқлиги, уруғ ва ўғитни топиш қийин экани, шундай шароитда қандай қилиб томорқа юритиш мумкинлиги билан боғлиқ бўлди.
Айнан ана шундай таклифлардан келиб чиқиб, “Миллий тикланиш”чилар қонун лойиҳаси мазмунини ўзгартириш таклифини билдирдилар. Фақат шундан кейингина қонунда OʻzLiDeP таклиф қилганидай барча томорқа эгаларини ёппасига эмас, балки “...экиш хақида расман огоҳлантирилишига қарамай, томорқа ер участкасидан асоссиз (!) равишда оқилона фойдаланмаган”ларга жарима белгилаш кўзда тутиладиган бўлди. Бошқача айтганда экин экмагани учун асоси бўлган томорқачилар жаримага тортилмаслиги белгилаб қўйилди.
Ялпи мажлис ўтгач, унинг натижалари бўйича “Миллий тикланиш” партияси вакиллари оммавий ахборот воситаларига “Биз энди бундай ўзгаришга қарши эмасмиз”, дея ахборот берадилар.
Аммо шунга қарамай, юртимизда анчайин таниқли бўлган журналист, шоир, катта бир нашрнинг раҳбари, бундан ташқари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони соҳиби Норқобил Жалилнинг навбатдаги “буюк” чиқиши билан танишган ҳар қандай ўқувчи жарима билан боғлиқ норманинг қонунчиликка киритилишига OʻzLiDeP эмас, “Миллий тикланиш” сабабчи эканда, деган фикрга бориши муқаррар. Чунки OʻzLiDeP мусичага ҳам озор етказмайдиган фуқарои комил сифатида мадҳ этилган мақолада Навоий ҳазратларининг ўгитлари, Саҳрои Кабирнинг занжи боласидан тортиб ўзбек зиёлиларигача тилга олиндию, томорқачиларни отни калласидек жаримага тортиш ташаббуси айнан OʻzLiDePдан чиққани, “Миллий тикланиш”нинг кескин қаршилиги билангина вазият юмшатилгани тўғрисида бирон сўз айтилмайди. Ғарб сиёсатдонларидан бири ёлғоннинг сиёсатдаги салбий ролига тўхталиб, “Ёлғон сиз ўйлаганчалик ёмон нарса эмас. Тўғри, баъзи баъзида зиён етказишини ҳисобга олмаганда у керак ва сиёсатда ҳатто фойдали ҳамдир”, деган экан.
Шу ўринда муаллиф ўз мақоласига “Томорқага тош отаётган “Миллий тикланиш” партияси нимани истайди ўзи?!” деб сарлавҳа қўйганини эслатиб ўтмоқчимиз.
Гарчи тадбиркорлар, фермер ва томорқа ер эгалари “Миллий тикланиш” демократик партиясининг электорати саналмасада, партия уларни бугунгидек мураккаб шароитда қўшимча жарималар билан қийнамаслик тарафдори эканини алоҳида таъкидлашни истардик. Ушбу қатлам вакилларини фермерлар уюшмасига мажбурона аъзо қилиш, уларни сифатли уруғ, ўғит, сув, табиий газ ва электр энергияси билан таминламай туриб, жаримага тортиш аграр соҳа вакилларининг ислоҳотларга бўлган ишончини сўндиради, холос.
Бугун чиндан ҳам ҳар бир қарич ер тиллога тенг. Ундан фойдаланиш, бир эмас, бир неча марта ҳосил олиш кераклиги давр талабига айланди. Бунга ҳеч ким қарши эмас. Пандемиядан кейин ер юзида 2 миллиардга яқин фуқарони очарчилик кутаётгани ҳақида таҳлиллар ҳам билдирилмоқда. Аммо ер эгаларига қулай шароитлар яратилмас экан, юзта Норқобил Жалил мақола ёзсин, томорқанинг беқиёс жиҳатларини тарғиб қилиб, партия ва фермерлар кенгаши бободеҳқонга ойни олиб беришга тайёр эканига ишонтирсин, барибир бефойда.
Бизнингча юқоридаги мақолани ёзиш, уни эълон қилишдан олдин ҳар қандай журналист ўз-ўзига томорқа эгаларини жаримага тортиш, шу йўл билан уларнинг “ақл”ини киритиб қўйиш ташаббуси асли кимдан чиққан эди, бугунги карантин шароитида, ҳаракатлар чекланган кунларда томорқа эгаларини ҳеч бўлмаса энг керакли ашёлар билан таъминламай туриб, жаримага тортиш тўғрими, дея савол бериши лозим эди.
Айниқса, мақолага “хизмат кўрсатган журналист” дея имзо чекаётган одамда ҳеч бўлмаса журналистика факультетининг 1-курс талабасининг ҳам ақли етадиган даражадаги оддий саволлар туғилиши керак эди.
Демак, унвони бор дегани ҳалол, пок, виждонли, боринг ана партиянинг 750 минг аъзоси кўзига тик қараб, гапира оладиган одам, дегани эмас экан.
Ана энди муҳтарам ўқувчи аслида ким кимга тош отаётганини тушуниб етди, деган умиддамиз.
Дониёр ТОШБОЕВ,
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг
Жамоатчилик билан алоқалар ва ОАВ билан ишлаш бўлими бошлиғи