Томорқага тош отаётган “Миллий тикланиш” партияси нимани истайди ўзи?!
Бугун ҳатто кўзга кўринмас зарралар – коронавирус деган балои офат қарийб саккиз миллиардлик инсониятни чиллага солиб, уйга қамаб қўйди.
Бугун ҳатто кўзга кўринмас зарралар – коронавирус деган балои офат қарийб саккиз миллиардлик инсониятни чиллага солиб, уйга қамаб қўйди. Бутун сайёрамиз карантинда. Ушбу нозик вазиятдан чиқарилган кўплаб хулосалардан иккитасини алоҳида ажратиб кўрсатишни истардим. Табиат устидан ҳокимликка даъво қиладиган Инсон керак пайти ҳаддини ҳам билиши керак экан. Яна, она Ер барчамизга, 7,8 миллиардлик аҳолига чини билан ОНА экан. Бани башар бир қориндан талашиб тушган оға-инилардек якдил, баҳамжиҳат яшаши лозимлигига такрор ва такрор иқрор бўлинди.
Хитойнинг бир бурчагида тарқала бошлаган тожўлатга ҳатто ўша яқин атроф-жавониб ҳам бегонанинг муаммосидек қарагани рост. Яширишнинг ҳожати йўқ, эпидемия Чин диёрида кенг қулоч ёзганида айримларимиз диний-миллий амбицияларни ўртага чиқариб, қўшнисининг бошига ташвиш тушган пайти “ажаб бўпти, хўп бўпти” қабилида қарсак чаладиган авомга айландик. Буюк Алишер Навоий беш-олти юз йил илгариёқ уқтирган, пойтахтимиз марказидаги ҳазратнинг ҳайкали устига қурилган гумбаз ичра ёзилмиш “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-биринғизгаким, эрур ёрлиғ иш” мисраларини унутдик. Алалхусус, эндиги хулоса – дунё яхлит; инсоният эса чексиз уммон аро сузиб бораётган ягона кеманинг турфа йўловчиларига ўхшайди. Бу менинг бўлмам, билганимни қиламан, дея кема тагига теша урадиган ўзбилармонларнинг танобини вақтида тортиб қўймаслик инсоният бошига янада оғир кунларни солиши ҳеч гап эмас.
Жаҳон афкор оммаси пандемиядан кейин келиши муқаррар муаммолар гирдобидан қандай чиқиш чораларини ҳалитдан ўйламоқда. Турли ҳисоб-китобларга қараганда сайёрамиз аҳолисининг қарийб бешдан бири (1,6 миллиард), яъни ҳар бешинчи одам – яқинимиз, қариндошимиз, дўсту ёр ёки ҳамкасбимиз очликка, очарчиликка дучор бўлиши эҳтимоли юқори экан (яъни, бу борадаги кўрсаткичлар икки баробар ошади). Мен қолган тўрт кишининг орасида бўламан, дея хотиржамликка берилиш ярамайди. Озиқ-овқат тақсимотида бугунги улушларнинг қисқариши, йўғон ичак ҳам чўзилиши турган гап. Шу маънода айни экин-тикин мавсумидаги карантин деҳқону чорвадорларимизнинг қўлини қаттиқ боғлаб қўймаслиги, оёғига калта тушов бўлмаслиги керак. Кўкламнинг бир куни кузнинг ўн кунига тенг. Ҳозирги тараддудимиз бизни бу йилни ўтказиб, келгуси йил пишиқчилигигача етказиши зарур. Ишлаб чиқаришдаги оқсашларнинг ўрнини эрта-индин меҳнат суръатини тезлаштирган ҳолда тўлдириб олиш мумкиндир, лекин озиқ-овқат захиралари ғамини бугуноқ емасак, кеч бўлади. Кеч бўлади! Худо кўрсатмасин, ўша ҳар беш инсондан тўрт омадлиси сафига киришимиз даргумон.
Бу йил озиқ-овқат маҳсулотларини ҳар доимгидан икки карра кўпроқ етиштиришимиз тақозо этилади. Ер юзининг қай бир гўшасидаги тақчиллик занжир реакцияси натижасида бизгача таъсирини ўтказиши тайин. Хориж мамлакатларидаги талабдан келиб чиқиб айни йўналишда экспортни оширишга эҳтиёж кучаяди. Алалоқибат, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишимиз юрт равнақига ҳисса қўшишга тенгдир. Бугун томорқамизни бўш қолдирсак, қайлардадир кимларнингдир ризқини қийган, ҳаққига хиёнат қилган бўламиз. Зотан, она ерда ҳамманинг ҳаққи бор. Ҳатто Саҳрои Кабирнинг олис овулидаги занжи боласининг ҳам. Айнан сизнинг кафтдеккина ҳовлингизда. Коронавирус пандемияси шундай хулоса чиқаришга мажбур қиляпти бизни.
Битта мен экмасам, экмабман-да, шунгаям ота гўри қозихонами, бозордан сотиб олиб еявераман, десангиз адашасиз. Агар рўзғорингиз эҳтиёжи бўлган 100-120 килограмм картошка, 50-60 килограмм сабзи-пиёз, яна қанча помидор-бодринг ўз томорқангиздан чиқса, сиз бозордан оладиган сабзавотлар бошқа эҳтиёжмандларга насиб этади. Шу тариқа фақат бир мамлакатнинг эмас, бутун сайёранинг тўкинчилигига ҳисса қўшиш мумкин-ку. Оилавий бюджетга фойдасини айтмасам ҳам биласиз. Мана, нима учун ҳукуматимиз, қолаверса, етакчи партиямиз – OʻzLiDeP томорқа, томорқа ва яна томорқа дея жон куйдирмоқда.
Мамлакатимизда аҳолининг шахсий томорқалари банд этган ер ҳам ҳазилакам имконият манбаи эмас (440 минг гектар). Яна 124 минг гектар оборотдан чиққан ерлар ўзлаштирилиши, ҳатто лалми далалар ҳам қудуқлар қазилиб, сув чиқарилиб, боғу роғларга айлантирилиши белгиланди. Аммо статистик маълумотлардан маълумки, ҳар йили бир неча минг гектарлаб томорқалар қаровсиз қолмоқда. Шу боис ҳукумат одамларни ҳар қарич ерни даромад манбаига айлантиришга ўргатиш мақсадида турли-туман чора-тадбирларни қўллаб келмоқда.
“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда ҳудудлардан келиб чиқиб, якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган ер учун фуқаролардан ундириладиган солиқ тарифлари 1 квадрат метрга 99,2 сўмдан 1037,9 сўмгача, деҳқон хўжаликлари, жамоа боғдорчилиги ва полизчилиги учун ажратилган ердан эса бир сотихига 479,3 сўмдан 9076,5 сўмгача ставкаларда белгиланди. Солиқ кодексига якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмаса ёки ободонлаштирилмаса, солиқ уч баравар миқдорда тўланиши нормаси киритилган (437-модда). Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги 205-сонли қарори билан тасдиқланган “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисида”ги низомда тасарруф ҳуқуқини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрсатилган (имтиёзлар ҳам, албатта). Мана, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддасига қўшимча сифатида томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланмаганлик учун жарима белгилаш таклифи билдирилди. Аввал огоҳлантириш, кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача жарима (669 минг сўм), шу ҳолат йил давомида яна такрорланса, уч бараваридан беш бараваригача жарима (1 115 минг сўм) қўллаш назарда тутилмоқда.
Пандемия вазиятида давлат ва жамият орасидаги муносабатлар жудаям илиқлашган, халқимизнинг ҳукуматга ишончи тобора кучайиб бораётган ва айни пайтда ҳукумат ҳам инсонпарварлик сиёсатини тобора кучайтириб бораётган бир паллада ўз ичимиздаги айрим кучлар, янаям аниқроғи, “Миллий тикланиш” демократик партияси гуручга тушган митага ўхшаб орага рахна солиб қўймоқда. Масала моҳияти бир ёқда қолиб кетиб, халқнинг ҳамияти, ҳис-туйғулари билан ўйнашиб, “Яна жаримами?” тарзида популистик чиқишларга зўр бердилар. Гўёки ҳўлу қуруқ бирваракайига ёнадигандек, эртагаёқ мутасаддилар ҳамма томорқачининг бўйнига отнинг калласидек жарима илиб ташлайдигандек. Нима эмиш, бундан намунали томорқачиларнинг кўнгли оғрир, ишдан қўли совирмиш?
OʻzLiDeP тадбиркор ва ишбилармонлар, фермер ва томорқачиларнинг манфаатларини кўзлаб сиёсий майдонга чиққанини ҳали унутганича йўқ, азизлар. Аҳолини ўз тасарруфидаги ердан унумли фойдаланишга ўргатишга қанча тез эришилса, омилкор юртдошларимизга шунчалик яхши бўлади. Тепса тебранмаслар ҳам ҳаракатга келиб, бўш ётган майдонларини ҳечқурса ижарага беришга, тенг шерикчиликка ишлашга мажбур бўлади. Вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилса-чи, ўзи емас, итга бермас қабилида ернинг умрини ўтказиб юраверадилар. Шахсан ўзим Тошкент вилоятида томорқачилик билан шуғулланган пайтларим бунақа юртдошларимизнинг кўпини кўрганман.
“ХХI asr” газетасига республикамизнинг турли ҳудудларидан фермер хўжаликлари ҳисобидаги далаларни ҳам халққа 1-2 гектардан бўлиб берилиши бўйича таклифлар келиб тушади. Бир қарашда бу кўплаб ижтимоий муаммоларнинг, жумладан, ишсизлик ва камбағалликни камайтириш, хорижга гастарбайтерлар оқимини қисқартиришнинг ечими бўлиб кўринади кўзга. Аммо... одамларимиз ўз томорқасидан ҳам уддалаб фойдалана олмаётган бир шароитда яна гектарлаб ер тарқатишнинг оқибатларини ўйлаб қоласан. Бир ялқовнинг касри ўн ишбилармонга урмаслиги керак, албатта. Шу маънода айрим вилоятларимизда (Наманган, Андижон) ёшларга тажриба тариқасида экин майдони ажратиб берилаётгани таҳсинга лойиқ.
OʻzLiDeP Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда миришкор юртдошларимизни рағбатлантириш бўйича ҳам аниқ ва таъсирчан таклифларни ишлаб чиққан. Жумладан, икки ва уч марта ҳосил олаётган фуқароларга ер солиғи имтиёзини янада кенгайтириш, яъни 50 фоизгача камайтириш (зотан, улардан ундирилган солиқдан кўра улар етиштираётган маҳсулотларнинг иқтисодиётимизга фойдаси кўп), имтиёзли кредитлар фоиз ставкасини икки бароб ар камайтириш ёки қоплаб бериш механизмини жорий қилиш; артезиан қудуқлари қазишга ва ихчам иссиқхоналарга ажратиладиган кредитларни икки карра кўпайтириш ва ҳоказо.
Жарима солишдан олдин шароит яратиб берсин, дея иддао қилаётганлар шу йилнинг 8 ва 14 апрель кунлари Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларидан бехабар кўринади. Ўша мажлислардан сўнг қабул қилинган ҳукумат қарорида (ВМҚ-216, 2020 йил 14 апрель) сиз бармоғингизни бир-бир букиб санаётган барча масалаларнинг ечими кўрсатилган, вазифалар аниқ белгиланган. Гапни чўзиб, узундан-узун қилиб санаб ўтирмадим, ҳужжат матнини топиб танишиб оларсизлар.
Бир пайтлар зиёлилар партияси сифатида майдонга чиққан “Миллий тикланиш”нинг кейинги ҳаракатлари, очиғи, ўзбек зиёлиларининг юзини ерга қаратмоқда. Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ ёки ётиб қолгунча отиб қол қабилидаги, шошма-шошарлик ва калта ўйлаш оқибатидаги популистик чиқишлар мақсади тушунарсиз. Ўзларини мухолифат ўрнида тақдим этишга уриниш деб оқлаймизми буни, билмадим. Партия етакчиси Алишер Қодиров “Шароити бўлатуриб томорқасига ўзи учун, ўзи хоҳлаган бирор нима экмаган фуқарони жаримага тортишга қарши эмасмиз”, деб чиқди, ҳайтовур. Аввалбошидан ҳам масала бошқача қўйилмаган эди-ку!
Хулоса ўрнида яна гапни қалаштириш ниятидан йироқман. Сарлавҳани тағин бир карра ўқиб қўйсангиз, етарли...
Норқобил ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист