Тарих – бу шунчаки саналар йиғиндиси эмас, балки ақл бовар қилмас сирлар ва мантиқий тугунлар занжиридир. Баъзан буюк империялар тақдирини битта кичик буюм, ғалати урф-одат ёки кутилмаган шахс ҳал қилган. Шайбонийлар даври тарихи ҳам бундан мустасно эмас. Қуйида сизнинг эътиборингизга ушбу даврнинг энг қизиқарли, мантиқий ва айни пайтда ҳаётий фактларига асосланган тарихий жумбоқлар ҳавола этилади. Уларнинг жавоби сиздан фақат чуқур билимни эмас, балки ўткир зеҳн ва мантиқни ҳам талаб қилади. Ўз заковатингизни ишга солинг ва ўтмишдаги жумбоқларнинг жавобини билиб олинг.
БИРИНЧИ ЖУМБОҚ
Қадимги турк-мўғул қўшинларида ушбу нарса энг қўрқинчли “биологик қурол” ҳисобланган. У қилич ёки ўқ эмас, балки ҳайвонларнинг (кўпинча кийик ёки ҳўкизнинг) ички аъзоларидан топиладиган махсус нарса эди. Ишончларга кўра, у табиат қонунларини бузишга, ёзнинг жазирамасида душман устига дўл ва бўрон чақиришга қодир бўлган. Шайбонийлар даврида ҳам бу усулдан фаол фойдаланилган ва бу амалиёт жанг тақдирини ҳал қилган паллалар бўлган. Гап бир ғайритабиий восита ҳақида кетмоқда.
Диққат, савол: Жанг майдонида “иқлимни ўзгартирувчи” ушбу афсонавий тош қандай аталган?
ИККИНЧИ ЖУМБОҚ
Биз одатда “пойтахт” деганда аниқ бир шаҳарни, саройлар ва биноларни тушунамиз. Лекин Шайбонийлар давридаги “бошқарув маркази” тушунчаси бироз бошқача бўлган. У бир жойда турмаган, балки хон қаерда бўлса, ўша ер “марказ” ҳисобланган. Бу мўғуллардан қолган анъана бўлиб, хоннинг қароргоҳи, яшаш жойи ва маъмурияти кўчма шаклда фаолият юритган.
Диққат, савол: Хон истиқомат қиладиган, кўчманчи анъаналарига хос бўлган давлат бош қароргоҳи (пойтахт) қандай аталган?
УЧИНЧИ ЖУМБОҚ
Шайбонийлар қўшини фақат қилич ва камон билан чекланиб қолмаган. Улар Ғарбдан, аниқроғи “Рум” (Усмонийлар империяси)дан келган махсус мутахассисларни ёллаганлар. Бу мутахассислар маҳаллий темирчилар билмайдиган, даҳшатли шовқин ва олов чиқарувчи янги турдаги қуролларни ясаш сирларини олиб келишган. Бухоро ва Самарқандда уларнинг номи билан боғлиқ устахоналар пайдо бўлган. Бу технология Сафавийларга қарши урушларда ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Диққат, савол: Шайбонийлар армиясини ўқотар қуроллар (тўп ва милтиқ) билан таъминлаган хорижлик бош муҳандиснинг лақаби нима эди?
Олдинги мақоладаги жумбоқларнинг жавоблари
Биринчи жумбоқнинг жавоби: омий (оми, гўл). “Валекин омий табибким, эрур шогирди жаллод, ул тиғ била ва бу заҳр била ҳалок қилғучи бедод”, деб ёзади Навоий.
Иккинчи жумбоқнинг жавоби: аллергия. Баҳоуддавла ўз асарида иситмалар ҳақида ёзганда баҳорда, дарахтлар гуллаган вақтда қўзғайдиган касаллпк “ҳумм ал-қашши” (аллергия) устида алоҳида тўхтаб, уни бошқа иситма (ҳумм) касалликларидан фарқлаш зарурлигини таъкидлайди. Бу касаллик Европада фақат XIX асрга келиб очилган.
Учинчи жумбоқнинг жавоби: ер (ҳовли ва томорқа). Беҳбудий Бухоро амирлиги ва ер масаласига оид мақолаларида одамлар тўй қилиш учун ўз ҳовли ва ерларини арзонга сотиб юбораётганини, ваҳоланки, Қрим ва Кавказда ер нархи 50 йил ичида минг баробар ошиб кетганини мисол қилиб, ерни сотмасликка чақирган.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА