Пойтахтимизда Савдо-саноат палатаси, "Ўзмиллийбанк" АЖ ҳамда "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси ҳамкорлигида заргарлик соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди.
Ўзбекистон заргарлик санъати асрлар давомида миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Бироқ, сўнгги йилларда ушбу соҳа нафақат маданий мерос, балки миллий иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган, юқори қўшилган қиймат яратувчи стратегик тармоқларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан заргарликни "драйвер" соҳа сифатида белгиланиши, ишлаб чиқарувчиларга берилган кенг имтиёзлар ва хомашё базасининг очиқлиги ички бозорни сифатли маҳсулот билан тўлдириш ва экспорт географиясини кенгайтириш имконини бермоқда.
Тадбирда соҳанинг йирик вакилларидан тортиб, якка тартибдаги тадбиркорларгача иштирок этиб, ўз муаммо ва таклифларини баён этди. Мулоқот давомида соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар тингланди ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
– Тадбирда йирик ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари иштирок этди, – деди “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Мираҳмедов. – Соҳадаги муаммоли масалалар, ривожланишга тўсқинлик қилаётган айрим сабаблар атрофлича муҳокама қилинди. Экспорт ҳажмини ошириш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Заргарлик саноатининг модернизация қилинишида "Ўзмиллийбанк" АЖ асосий молиявий локомотив вазифасини бажармоқда. Банк томонидан тадбиркорларга тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар, лизинг хизматлари ва биржа орқали хомашё сотиб олиш учун ажратилаётган айланма маблағлар янги қувватларни ишга туширишда бош омил бўлмоқда.
Банк кўмаги ва яратилган қулай муҳит натижасида соҳадаги асосий кўрсаткичлар (2023–2025 йй.) кескин ўсди:
- Экспорт: 78 миллион АҚШ долларидан 468 миллион АҚШ долларга;
- Ишлаб чиқариш: 6 минг 776 Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ижтимоий қарашларидан 15 минг 920 килограммга;
- Иш ўринлари: 1 минг 500 тадан 5 минг 785 тага етди.
Мамлакатимиздаги инвестиция муҳити нафақат маҳаллий, балки хорижий заргарлик гигантларини ҳам ўзига жалб этмоқда. Хусусан, Туркия тажрибаси асосида ташкил этилаётган корхоналар соҳанинг технологик салоҳиятини оширмоқда.
– Ўзбекистонда, Чирчиқ технопаркида бундан бир ярим йил аввал “Занжир дунёси” МЧЖ хорижий корхонасига асос солдик, – дейди туркиялик тадбиркор, “Занжир дунёси” фирмаси раҳбари Сейҳун Эвбеклер. — Яқин ойлар ичида корхонамиз ишга тушади. Бугунги тадбирда илгари сурилган таклифларимиз ва муаммолар инобатга олиниб, ижобий ҳал этилишига ишонаман. Ўзбекистон инвесторлар учун яхши имконият берувчи ўлка, шу боис корхонамиз келажаги порлоқ бўлишига ишонаман.
Бугунги кунда Ўзбекистон заргарлик саноати шунчаки ишлаб чиқариш эмас, балки юқори технологиялар ва миллий дизайннинг уйғунлигига айланмоқда. "Ўзмиллийбанк" АЖ каби кучли молиявий институтларнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда хорижий инвесторларнинг ишончи натижасида соҳа яқин йилларда мамлакат иқтисодиётига энг кўп валюта тушумини олиб келувчи тармоқлардан бирига айланиши шубҳасиз.
Мақсад аниқ — заргарлик соҳасини кучли иқтисодий механизм асосига қуриш орқали Ўзбекистонни минтақанинг заргарлик маркази сифатида дунёга танитиш.
Камола Юсупова,
ЎзА