2022 йилнинг сўнги ўн кунлигида ижтимоий тармоқларни ларзага солган фожиавий хабарлар оқими Ўзбекистон жамияти учун ўтган йил оғриқли тугаётганидан дарак берди.
Расмий маълумотларга кўра, Док-1 Макс сиропидан 19 нафар бола вафот этган. Айни пайтда ҳам ҳудудлардаги шифохоналарда бемор болалар ушбу сироп оқибати туфайли даволанмоқда.
ЎзА “Док-1 Макс” дори воситаси келтирган фожиа хронологиясини тузиб чиқди.
2022 йил 15 декабрь.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Ҳ.Жуманиёзовга 2022 йилнинг 15 декабрида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи М.Қ.Азизов томонидан хат ёзилган.
Унда “Док-1 Макс” препарати қўлланганда жуда кўп ҳолатларда болаларга салбий таъсир қилгани, марказга охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дорини қабул қилгандан сўнг ножўя таъсири сабаб мурожаат қилгани баён этилган.
“Булардан 17 нафарида касаллик ниҳоятда оғир кечди, ҳатто бир нечта гемодиализ сеанслари ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди”, дейилган тарқалган хатда.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 22 декабрида “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари ҳақида маълумотлар кенг тарқай бошлади.
***
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ вазият дарҳол назоратга олингани, беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилиб, ҳолат ўрганилаётгани юзасидан расман хабар берди.
***
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари томонидан Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли “Док-1 Макс” таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилаётгани айтилди.
Шунингдек, ушбу дори воситаларининг юртимиздаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилгани ва бу ҳақда “Quramax Medical” МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилгани таъкидланди.
***
Самарқанд шаҳрида “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари оқибатида ножўя таъсирлар кузатилгани гумон қилинган беморлар ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ таркибига вазирлик, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ходимлари, болалар нефрологи, педиатр каби малакали мутахассислар киритилди.
***
23 декабрь.
“Эффект Макаренко” телеграм-каналида Самарқандда таблетка ва сироп кўринишидаги “Док-1 Макс” дори воситаси қабул қилинганидан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани билан боғлиқ вазиятга фикр билдирди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мазкур хабарга расмий муносабат билдириб, ЖССТ огоҳлантириши Агентлик ходимлари томонидан ўз вақтида ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилганини таъкидлади.
***
27 декабрь.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган Махсус ишчи гуруҳнинг жойига чиққан ҳолда ўтказилган хизмат текшируви натижалари эълон қилинди.
Унда Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилгани, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилгани, юртимизга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилингани айтилган.
***
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан расман тергов бошланди.
ДХХнинг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
***
Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев видеомурожаат билан чиқди. Видеомурожаат орқали “Док-1 Макс” дори воситасини ичиш натижасида дунёдан кўз юмган 18 нафар боланинг ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Шу билан бирга, мазкур ишга алоқадор бўлган ва хатоликка йўл қўйган барча айбдорлар жавобгарликка тортилиши ҳамда ҳеч ким билан муроса қилинмаслигини маълум қилди.
***
28 декабрь.
Деҳқонобод туманида яшовчи 2021 йилда туғилган Х.Ш 5 кун давомида ўз турар жойида “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб келиб, соғлиги ёмонлашгани сабабли 27 декабрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази Қашқадарё филиалига олиб келинган.
Маълум қилинишича, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, бола 28 декабрь куни вафот этган.
***
Самарқандда республика Ишчи гуруҳ томонидан 7 нафар тизим мутасаддиси ва тиббиёт ходими ишдан олингани хабари тарқалди. Уларнинг орасида "Док-1 Макс" ножўя таъсири ҳақида юқори раҳбариятини огоҳлантирган Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи М.Қ.Азизов ҳам лавозимидан озод қилинган.
***
29 декабрь.
Соат 11:47 да Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги телеграм канали орқали Ҳиндистон ҳукумати "Док-1 Макс" дори воситасини ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясига қарши суриштирув бошлаганини маълум қилди.
***
ССВ Ўзбекистонда 20 га яқин боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарувчи Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компанияси раҳбари Хасан Ризо мазкур сиропларни ишлаб чиқариш тўхтатилганини маълум қилганини билдирди.
“Ўлим ҳолатларидан афсусдамиз, ҳукумат тергов ўтказмоқда. Унинг натижаларидан келиб чиқиб, тегишли чораларни кўрамиз. Намуналар олинган. Ушбу маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилган, қолган жараёнлар давом этмоқда”, – деган Хасан Ризо ANI нашрига берган интервьюсида.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан дорихоналарда “Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt.Ltd” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сироп 100 мл” ва “ДОК-1таблетки №10” дори воситаларининг реализациясини тўхтатиш, реализация қилинган қолдиқ дори воситаларини дорихоналардан чақириб олиш кўрсатма берилди.
***
АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур масалага оид илк брифинги ўтказилди. Унда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева «Док-1 Макс» воқеасини фош қилганларни ишдан олинганини тасдиқлади.
Вазирликнинг бўшатиш қарорини бу ходимлар 2 ойдан бери ҳолат тўғрисида хабар бермагани билан асослади.
***
Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларга “Док-1 Макс” дори воситаларини сотиб олмаслик бўйича СМС-хабарнома юборишни бошлади.
***
30 декабрь.
Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган барча дори-дармонлар савдоси тўхтатилди.
***
ОАВда Ҳиндистонда “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарган завод устидан текширувнинг дастлабки натижаларига оид хабарлар жойланди.
***
Соғлиқни сақлаш вазири ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Амрилло Шодиевич Иноятов Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тасдиқланди.
***