Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биргина ҳолат билан бутун фаолиятга баҳо бериш мутлақо нотўғри
12:20 / 2020-07-06

Марказнинг вилоят бўлими раҳбари имзоси билан йўлланган маълумот ҳам веб-саҳифада эълон қилинди.


Шу йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги расмий веб-сайтида “Эътиборсизлик қачонгача давом этади?” сарлавҳали мақола чоп этилиб, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Бухоро вилояти бўлими маъмурий биноси пештоқидаги “YUKSAK MAʼNAVIYAT – YENGILMAS KUCH” ёзуви бундан салкам 2 ой олдин, аниқроғи, жорий йилнинг 27 апрель куни содир бўлган кучли шамол натижасида абгор аҳволга келиб қолганлиги ва бошқа бир қатор обьектлардаги шу каби жузьий камчиликлар ҳақида сўз юритилган.

Гарчи республика Маънавият ва маърифат марказининг Бухоро вилояти бўлими маъмурий биноси пештоқидаги “YUKSAK MAʼNAVIYAT – YENGILMAS KUCH” ёзуви мақола эълон қилинган куннинг эртасигаёқ тузатилган бўлсада, 25 июнь куни мазкур марказ вилоят бўлими раҳбари имзоси билан йўлланган маълумот ҳам веб-саҳифада эълон қилинди.

Куни кеча, яъни 2 июль куни ЎзА худди шу масалада, айнан Бухородаги ҳолатларга дахлдор “Ўзбек тили бировнинг томорқаси эмас-ку” деган сарлавҳали мақолани эълон қилиб, унда кечикиб йўлланган жавоб хатига алоҳида уруғу берилади. Шунингдек, “Эътиборсизлик қачонгача давом этади?” мақоласида келтирилган далилларга тўхталиб, “...Бухоро шаҳридаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари биноларининг пешлавҳаси ҳам умуман ажнабий тилда ёзилганлиги танқид остига олинади. Мавзуга оид суратлар илова қилиниши орқали бир неча мисоллар келтирилади. “Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да саводсизликни тарғиб қилувчи ёзувлар ўша-ўша аҳволда турибди. Шаҳар бедарвозами? Ким қаерга, қандай ёзув ёзиб кетса ҳам бировни иши йўқ бўлса, у нима маънони англатади, бу билан ҳеч ким қизиқмаса...” деган луқма ташланади.

Шак-шубҳасиз, тил—давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш Миллатнинг юксалиши демак. Шу нуқтаи назардан, 1989 йил 21 oктябрдa ўзбeк тилигa Дaвлaт тили мaқoми бeрилгани вa 30 та мoддaдaн ибoрaт “Дaвлaт тили тўғриcидa”ги Қoнун қaбул қилингани, шунингдек, Ўзбeкиcтoн Рecпубликacи Кoнcтитуцияcининг 4- мoддacидa вa “Дaвлaт тили тўғриcидa”ги Қoнуннинг 1-мoддacидa “Ўзбeкиcтoн Рecпубликacининг Дaвлaт тили ўзбeк тилидир” дeб қaйд этилгaни ўзини шу юрт фуқаросиман деган ҳар бир шахс зиммасига катта масъулият юклайди. Минг афсуски, миллат тақдирига бевосита дахлдор ана шу масъулиятни ҳамма ҳам бирдай тушуниб етмаяпти. Бош Қомусимизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилгани туфайли мамлакатда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишига эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Республика Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур меъёрий ҳужжатга мувофиқ жумладан, Бухоро вилоятида, қуйи бўғинда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талабидан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилояти ҳокимининг фармойиши ҳамда шу йил 25 мартида “Географик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссиясининг янгиланган таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу асосда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузурида Географик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссияси фаолиятига кўмаклашувчи “Тарихчи ва тилшунос олимлар эксперт гуруҳи” таркиби тасдиқланган.

Шу ўринда ўтган қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишлар хусусида баъзи далилларни келтириб ўтсак. Географик объектга ном бериш ва уни ўзгартириш масалалари бўйича ҳудудий комиссия ҳузурида ташкил этилган “тарихчи ва тилшунос олимлар эксперт гуруҳи” билан ҳамкорликда ўзгартириш тавсия этилган Бухоро шаҳридаги “Турун-Бурун” ва “Япалоқ” аҳоли пунктлари ўрганилган ҳамда Ўзбекистон Миллий архивининг И-126, И.Ф-323 рақамли фондларида сақланаётган Бухоро амирлиги девонхонаси тарихий ҳужжатларига асосланиб, жой номи тарихий аҳамиятга эга эканлиги исботланди ва топонимлар ўз ҳолича сақлаб қолинди. Географик объектлар номларини давлат тилида ифодалаш йўналишида эса, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда аҳоли пункти ва унинг таркибий қисмлари номлари, уй манзили ифодаланган номлавҳа чизмалари тайёрланди ҳамда тажриба тариқасида биноларга ўрнатилди.

Шахс номи билан аталган кўчаларни ифодалашда, биноларга кўча номи туширилган номлавҳа ва тарихий шахс тўғрисида қисқача маълумот ҳам ўрнатилмоқда. Шунингдек, географик объектларнинг давлат реестрида мавжуд, “Географик объектлар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат тили ҳақида”ги қонунлар талабларига мос келмайдиган жой номларидан бири сифатида вилоят марказидаги “Абдулхолиқ Ғиждувоний” номли МФЙ таркибидаги “ПМК” кўчаси номини ўзгартириш масаласи бўйича бу ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг фикр- мулоҳазалари билан танишиш ҳамда масала юзасидан уларнинг таклиф ва тавсияларини ўрганиш мақсадида ҳудудда сайёр йиғилиш ҳам ташкил қилинган. Шу куни вилоят марказидаги Ҳофиз Таниш Бухорий кўчаси ёқасида барпо этилган кўп қаватли замонавий турар жойларда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари билан тарғибот учрашуви ҳам ўтказилган. Унда кўча номлавҳалари билан бирга аҳолига Ҳофиз Таниш Бухорий тарихий сиймоси ҳақида қисқа ва мазмунли ахборот берилгани ҳолда пешлавҳаларни тайёрлаб жойлаштириш ишларига киришилган. Қолаверса, шаҳардаги ўндан ортиқ ажнабий тилда битилган савдо дўконлари пешлавҳалари янгиланмоқда ёки икки тилда (ўзбек ва инглиз) тайёрланмоқда.

Шу йил июль ойи илк кунларида вилоят ҳокимлиги, Монополияга қарши курашиш бошқармаси, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Жондор туманида бўлди. Жараёнда 1-сонли умумтаълим мактаби, “Тинчлик”, “Пахтакор”, “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғинларида иш юритиш аҳволи, географик объектларни номлаш ва қайта номлашда давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига нечоғли риоя этилаётгани, кўчаларга янгидан ўрнатилаётган номлавҳалар билан бирга ташқи реклама воситалари, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг пешлавҳалари, эълонлари ва рекламалари матнларининг давлат тилига мувофиқлиги атрофлича ўрганилди. Ҳудуддаги “Yoshlik” кўчаси, “Bodomzor”, “Chorzona”, “Mangit” аҳоли пунктларига янгидан ўрнатилган номлавҳаларга баҳо берилди. Бодомзор Умумтаълим мактаби жамоаси ҳамда маҳалла жамоатчилиги билан мулоқотда камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, вилоят ишчи гуруҳи Вобкент тумани “Марказий деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятидаги савдо шахобчалари пештоқида ўрнатилган ташқи ёзувлар, пешлавҳалар, эълонлар, реклама ва ахборот матнларини “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига мувофиқлигини ўрганди. Ташқи реклама борасида баъзи панноларни ўзгартириш, бунда бевосита "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда янгидан лойиҳа (эскиз)ларини тайёрлаб бир ҳафта муддатида жойлаштириш вазифаси юклатилди. Мазкур бозор “М-37” автомагистрал йўли бўйида жойлашганлиги ҳамда туризм маршрутига кирганлиги боис савдо расталарининг ёзувлари, пешлавҳаларни сайёҳлар учун ҳам тушунарли, яъни уч тилда (ўзбек, рус, инглиз) тайёрлаш топшириғи берилди.

Яна шуни айтиш жоизки, ижтимоий шериклик йўналишида Ўзбекистон Тарихчилар жамияти вилоят бўлими, “Бухоро мероси” илмий-тадқиқот маркази, “Карвон” маданий меросни ўрганиш ва туризмни ривожлантириш маркази ҳамда тарихчи, географ ва тилшунос олимларнинг сай-ҳаракатлари туфайли ҳудуд топонимлари йиғилмоқда ва тизимлаштирилмоқда.

Кўриниб турибдики, соҳа инфратузилмаси қайта шакллантирилаётганига бир неча ой бўлди, холос. Шунга қарамасдан, қайд қилинган биргина ҳолат билан бутун бошли тизим фаолиятига баҳо беришга ҳали жуда эрта ва бу мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий веб-сайтида эълон қилинган мақолада муаллиф мутасаддиларни эътиборсизликда айбламоқда. Аммо мазкур мулоҳазалар журналистнинг масалани тўлиқ ўрганмагани боис шаклланган.

Хулоса шуки, ЎзА имзоси остида эълон қилинган луқмада қайд этилаётган фикрлар бўрттирилган бўлиб, мутасаддиларни фаолиятсизликда айблаш бу ҳолатда ноўрин. Шу билан бирга, ҳокимнинг маслаҳатчиси фаолияти реклама ёзувларини давлат тили тўғрисидаги қонунларга мувофиқлаштириш билан чекланиб қолмайди. Лавозим жорий этилганидан буён ҳоким маслаҳатчиси томонидан географик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши, ҳудуд топонимиясини йиғиш ва тизимлаштириш, тарихий аҳамиятга эга топонимларнинг номларини сақлаб қолиш, шахс номи берилган географик объектларни қонун талабларига мувофиқлаштириш, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш йўналишида илм-зиёлилари, аҳоли ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалий ишлар қилинган. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида обрў-эътиборини тубдан оширишга давлат, миллат, халқнинг ўзи ҳам ҳеч қачон лоқайд муносабатда бўлмаслиги керак.

Бухоро вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, 
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси