Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алихонтўра Соғуний ҳақидаги фильмга ким ҳомийлик қилади?.. (видео)
12:31 / 2021-05-17

Суҳбат

Хабарингиз бор, 10 ва 12 май кунлари  сайтимизда Ислом оламининг улуғ алломаларидан бири бўлмиш Алихонтўра Соғуний ҳақида унинг кенжа ўғли Қутлуғхонтўра Соғуний билан суҳбат эълон қилинди.

Бугун ана шу суҳбатнинг учинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Туркияда охирги 10 йилда «Темур тузуклари» 7 марта нашр этилган экан. Хорижда ҳазратнинг асарларига ҳамда таржималарига қизиқиш шунчалик каттами?

– Аслида Соғунийнинг китобларига, қаламига оид бўлган асарларга қизиқиш катта. Яъни Соҳибқирон Темур ҳазратларига, шахсига қизиқиш бор. Ундан кейин «Туркистон қайғуси» асари орқали Марказий Осиёга қизиқиш бор.

Етти марта чоп этилишининг сабаби узоқ вақтларгача Туркияда Соҳибқиронга муносабат ижобий бўлмаган. Отамизнинг васиятлари бор эди, асарларим туркий халқларга тарқалсин, деган. Шу асарни туркиялик профессор билан ўзбекчадан турк тилига таржима қилдик. Сўзбошига кўнглимизда тугиб келган, отамизнинг мерос қилиб қолдирган илмий фикрларини баён қилдик. Жумладан, бу ерда аҳоли орасида «Тузуклар йўқ, бу ўзи сохта бир китоб, уни Амир Темур ёзган эмас. Чунки, у бесавод бўлган, нафақат бесавод, балки насл насаби номаълум йўлтўсар қароқчи», деган фикрлар ҳоким эди.

Шундай нотўғри фикрларга бутунлай барҳам бериш мақсадида сўзбоши ёздик. Унда «Темур тузуклари» нақадар қимматли экани, буни фақат жаҳонгирлик қилган давлат арбоби ёза олишини, бу асрни асли туркий тильда бўлган, Амир Темур ҳазратларининг келиб чиқишлари олий оиладан эканлиги, у кишининг кенг илм соҳиби бўлганликларини таърифладик.

Бартол ва бошқа шарқшуносларнинг таъсирида қолганлар Алишер Навоийнинг «Ҳайратул-аброр» асарига диққат қилса, унда Амир Темур ҳақида ёзилган. Соҳибқирон шеър ёзмас эдилар, аммо шеърни таҳлил қилиб, эшитишни яхши кўрар эдилар. У кишининг икки мисра шеърни эшитишлари бир қанча асар ёзишга тенг, дея катта баҳо берилган.

Темур тузукотини турк тилига таржима қилганда Соҳибқироннинг обрўсини муносиб оширишга ҳаракат қилдик. Мақсадимиз турк халқининг фикрини ўзгартириш керак эди. 60-70 миллион халқнинг фикрни қандай ўзгартирамиз, деб узоқ ўйладим. Бу китоб чиққанда ўқилгандан кейин кўплаб тортишувларга сабаб бўлди. Телекўрсатув ва радиоларда Амир Темур шахсини қайта ўрганиш бошланди.

Ҳозирда «илгаргидек бу ерни босиб олган, вайрон қилган, китобларимизни Самарқандга олиб кетган», деган гапларни айтиша олмаяпти. Айтишса, дарров бошқаси чиқиб, «Сиз Темур тузуклари»ни ўқиганмисиз? Бўлмаса ўқинг! Уни ўқиб Амир Темурни бундай инсон эмаслигига, амин бўласиз. Бундай инсон дунёга бошқа келмайди ва у бутун туркий халқларнинг фахри десак, бўлади.

– Алихонтўра Соғуний асарлари қайси чет тилларида чоп этилган? Ҳозирги кунда Соғуний ёзма меросига муносабат қандай?

– Соғуний асарлари биринчи турк тилига таржима қилинди. Туркияда, Германияда чоп этилди. Кейин тожик, қирғиз тилига таржима қилинди. Қозоқчага ҳам ҳаракат бор, деб эшитдим, лекин ҳали кўрмадим. Санаб ўтган тилларимда китоб бўлиб, босиб чиқарилган. Отамнинг асарларини бошқа тилларга ҳам таржима қилиш борасида орзуим бор. Умримиз вафо қилса, инглиз ва рус тилларига таржима қилиш ниятимиз бор.

– Алихонтўра Соғуний ҳаёти ва фаолияти борасида асар ёки фильм яратиш бўйича авлодларига таклифлар, мурожаатлар бўлганми?

– Отамизнинг ҳаёти жуда қизиқарли ва намунали, долғали, хавотирларга тўла бўлган. Машаққат ва синовларга тўла ҳаётни яшади ва 91 ёшда вафот этди. Отамиз жасур, қўрқмас инсон эдилар. Юртимизни 1872 йилда Чор Россияси босиб олди. Кейин қамалда яшадик. Шу даврда халқимизда мутелик ошиб кетди. Бизнинг халқимизда қаҳрамонлик, жасорат, довюраклик каби ижтимоий хусусиятлар кучли бўлиши керак. Бунга борада эса отамизнинг ҳаётларида ўрнак бор.

У инсонни отам бўлгани учун эмас, қилган ишлари, яшаган ҳаётлари туфайли ўзбек халқининг миллий қаҳрамони, дейман. Ҳамма қўрққан вақтда душманга баралла «Йўқ», дея олган, ор-номусини сақлай олган, оиласини севган, ҳалол меҳнат қилган.

Бу кишининг ҳаётларини кинога олиш, сериаллар чиқариш, китоблар ёзиш ҳақида таклифлар кўп бўлган. Раҳматли отамиз ҳақида кўплаб ёзувчилар қалам юритди. Мисол учун, Ёқубжон Хўжамбердиевнинг яхши асари бор.

Фильмга келсак, кинорежиссёр Али Ҳамроев таклиф билан келди. Ёзилган сценарийни кўрдик, мамнун бўлдик. Унинг ишчи номи «Исёнкор мулла» экан. Биз отамнинг мавқей муллаликдан баландроқ эди десак, улар фильмларнинг номи реклама характерида бўлади, кейин ўзгартираверамиз дедилар.

Туркияда ҳам фильм олиш борасида таклифлари бўлди. Бироқ, уларнинг ҳаммаси молиявий жиҳатга боғлиқ бўлиб турибди. Бу масала ижобий ҳал бўлса, сериал ҳам олиниши мумкин. Албатта, бу кўнгилдагидек, иш бўлар эди.

ЭСЛАТМА: суҳбатнинг тўртинчи, якуний қисмидан яқин кунларда баҳраманд бўлишингиз мумкин.

<iframe width="950" height="534" src="https://www.youtube.com/embed/XbgUr294AW8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>



Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, ЎзА