30 йил уй қамоғига ҳукм қилинган Алихонтўра Соғунийни КГБ ходимлари яна нега пойлаб ётишган?
Унинг «Тарихи Муҳаммадий», «Туркистон қайғуси» каби асарлари Соғунийнинг қандай вазиятида яратилган?
Уламонинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган ва ноёб қўлёзмалари топилди... Алихонтўра Соғунийнинг шахсий буюмлари қаерда?
Бу ва бошқа кўпгина саволларга Алихонтўра Соғунийнинг кенжа ўғли Қутлуғхонтўра Соғуний жавоб берди.
– Ислом оламининг йирик алломаларидан бири бўлмиш Алихонтўра Соғуний ҳақида халқимизда тасаввурлар етарли эмас, назаримда. Бу инсоннинг ҳаёт йўллари борасида турли баҳслар мавжуд. Ҳазрат, қадимий Боласоғунда, яъни ҳозирги Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган бўлсалар-да, оталари Шокирхонтўра у ерларга Андижондан кўчиб борган эканлар. Оиланинг бошқа юртга кўчиб боришига нима сабаб бўлган? Сиз бундан қанчалик хабардорсиз?
– 1871 йилда Чор Россияси юртимизга кириб келгач, хонга хизмат қилганлар муҳожиратга кета бошлади. Бобомиз Шокирхонтўра ҳам Қашқирга кетган қариндошларига етиб олиш учун савдо билан шуғулланган карвон билан йўлга чиққан, – дея изоҳ беришни бошлади Қ.Соғуний. – Бироқ, улар қароқчиларга дуч келади ва карвон таланади. Кўплаб инсонлар қурбон бўлган. Қароқчилар бобомизнинг диний билимдан хабардорлигини билиб, унга бир шарт билан шафқат қилишади. Яъни шу қишлоқда қолиб, болаларни ўқитиб, саводини чиқариш керак эди. Шу тариқа бобомиз қирғиз овулида 2 йилча ўқитувчилик қилиб, болаларнинг хат-саводини чиқарган.
Қачонки, рус ҳукумати овулларни текшириб, диний билим эгаларини тутиб, жазолашни бошлаганида, бобомиз бу ердан яхши одамлар кўмагида қочадилар. Улар «қизиллар»нинг қўлига тушиб қолмаслик учун кечаси йўл юриб, кундузи бекиниб ётишади.
Шу тариқа йўл юриб, Тўқмоқ шаҳрига келиб қоладилар. Бу шаҳар тижоратчилар шаҳри бўлиб, мулла-ўқитувчилар йўқ экан. Шаҳар аҳолиси бувамизни шу ерда қолишга ундайди. Шу тариқа бобомиз Андижонга кетаётган жойларида тўхтаб, қадимий Боласоғун, яъни Тўқмоқ шаҳрида қоладилар.
– Билишимизча, Алихонтўра Соғунийни 30 йил уй назоратида тутишган. Бу вақтда КГБ ходимлари бу инсонни ва оиласини бир зум ҳам холи қолдирмай пойлаб ётган. Шунга қарамай, ҳазрат «Тарихи Муҳаммадий», «Туркистон қайғуси» каби асарларни ярата олганлар. Бу асарлар қандай шароитларда ёзилган? Уларни КГБнинг назоратидан сақлаш осон бўлмагандир? Шу боис бу асарлар тайёр бўлганда улар йўқолиб қолган, КГБ ходимлари ўғирлаб қўйган, деган гаплар бор. Бу миш-мишлар қанчалик тўғри?
– Оиламиз Тошкент шаҳрига олиб келинганидан кейин ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ва КГБнинг доимий назоратида ушланган. Ҳар бир босилган қадам, келиб-кетувчилар барчаси қатъий назорат қилинган. Шунга қарамай, отамиз «Тарихи Муҳаммадий», «Туркистон қайғуси” каби асарларни ижод қилдилар. «Тузукоти Темур»ни таржима қилдилар.
Хўп, буни қандай амалга оширдилар? Одатда тунда ишлардилар. Баъзан саҳарга қадар ёзар, чарчоқ нима эканини билмай, илҳом билан ёзардилар. Эслайман, бу асарлар тайёр бўлгандан кейин йўқолиб қолган вақтлари бўлган. «Тарихи Муҳаммадий» тайёр бўлгандан кейин йўқолиб қолди. Билсак, бизга яқин инсонлардан бири қизиқиб, берухсат олиб кетган экан. Ундан қайтариб олдик.
«Туркистон қайғуси»га келсак, унга жуда эҳтиёт бўлганмиз. Шу сабабли уни асраб қолдик. Лекин «Темур тузуклари»нинг илк таржимаси тайёр бўлган вақтида йўқолиб қолди. Уни топган одамга мукофот ваъда қилдик.Лекин, ҳеч ким мурожаат ҳам қилмади, уни махсус хизмат одамлари олдими ёки бошқа нарса бўлдими аниқ бир гап айтолмайман.
Билганим, у араб тили имлосида ёзилган эди. Агар бирор киши топиб олган бўлса ҳам, у вақтларда араб имлосида китоб ўқийдиган одам йўқ эди. Камига қўлёзма кимга керак бўлди, ҳанузгача билмаймиз.
Бир нарса аниқ, эсимда. Ўша вақтларда ўсмир ёшда эдим. Яхши хотирлайман, отамиз бундан жуда таъсирланган эдилар. Чунки бу асарни беш ой меҳнат қилиб, машаққат билан таржима қилган эдилар. У йўқолиб қолганда қаттиқ таъсирланиб, озиб-тўзиб, ранглари оқариб қолди. Мен отам билан 29 йил бирга яшаган бўлсам, ҳеч қачон ўша даврдаги каби таъсирланиб, эзилганларини эслай олмайман. Ҳозир 70 ёшдан ошганман, лекин ўша кунларни эсласам, ҳаяжонланиб, кўзимга ёш келади.
«Тузукоти Темур» йўқолгандан кейин кўп ўтмай, бир куни қарасам, дадам қайтадан ёзаяптилар. Кечалари таржима қилишни бошладилар ва секин-аста ўзларига келдилар. "Отажон иккинчи таржима қандай бўлаяпти", деб сўрадим. «Ўғлим шундай бўлаяптики, қулоғим ортида соҳибқирон туриб, қани ғайрат қилиб, таржима қилинг, иншааллоҳ тезда бу ишни бажарасиз», деб турибди. Соҳибқироннинг ғойибона қизиқтиришга қараб ишлаяпмиз", деб жавоб бердилар.
Ҳозир ҳам яхши эслайман, аввалги таржима 4-5 ой давом этган бўлса, бу сафар 76 кунда тайёрлаб, халқимизга арғумоқ этдилар.
– Эслаб ўтдингиз, «Темур тузуклари» икки марта таржима қилинган экан. Аслида ҳам Алихонтўра Соғуний нима сабабдан Вамберининг «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» каби асарларни таржима қилиш учун танлаб олган? Бундай қарорга қандай келинган?
– Отамиз «Темур тузуклари» ёки Вамберининг «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» асарларини таржима қилганларининг сабаби бу асарлар жуда кучли манбалар асосида ёзилган. Уларни ўқиган одамда ватанпарварлик туйғуси уйғонади, уйғонган бўлса, янада кучаяди. Раҳматли ота шу ватанпарварлик ҳис-туйғусини халқда кучайтириш ва келажаги ёрқин бўлсин, деган мақсадда уларни меҳр ва ғайрат билан таржима қилган эдилар.
– Ҳозиргина кўплаб асарларни араб тилида таржима қилган деб эслатиб ўтдингиз. Билишимизча, Ҳазрат Соғуний араб, форс-тожик, турк, дунган каби ўнга яқин тилларни мукаммал билган эканлар. Бу билимни қачон ва қаерда эгаллаган эдилар? Қаерларда таълим олганлар?
– Ҳа, бир неча тилларни яхши билардилар. Яъни бошида араб, кейин форс-тожик, туркий тиллар, хитой, дунган тилини ҳам ўргандилар. Фақатгина рус тилини ўрганмаган эдилар. Бу тилларни қачон ва қаерда ўрганди десак, отам Арабистонда Макка ва Мадинада таҳсил олган. Бу вақтда мамлакат усмонли давлатини ҳудуди ҳисобланар эди. Ўрта Осиёдан кўплаб талабалар бориб, диний билимини ошириб қайтган. Ота амаким Олимхон билан шу ерда 3 йил ўқиб, араб тилини ҳам ўрганган. Усмонли давлатининг ҳудуди бўлгани учун турк тилини ҳам қизиқиб ўрганган. Бухорода ўқиган даврида форс-тожик тилини ўрганган. Негаки. аҳоли ўзаро форс-тожик тилида гаплашган. Боласоғунда дунган миллатига оид мусулмонлар кўп бўлгани учун бу тилни ҳам ўрганган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.
Албатта, истак, ғайрат ва кузатиш бўлмаса, бу тилларни ўрганиш осон эмас. Ота кўп ўқиган ва бир мақолни кўп такрорлар эдилар «ёшликда олинган, болаликдаги, ёшликдаги илм тошга ўйилган нақшдир. Шу боис мен ҳам ёшлигимда кўпроқ ўқишга амалга қилганман, шу сўзларга амал қилган ҳолда дердилар.
Ўзлари мутолаа қилиш, илм олишнинг ўзига хос услубини ўйлаб чиққанлар. Сўраганман, қизиқиб. Шунда айтиб берганлар. Масалан, янги дарс ўрганаётганингда эрталаб оч қоринда ўқийсан. Кейин ўқиб бўлгач, бирор соатдан кейин мутолаа, яъни сенга ўхшаган талаба билан ўрганганларинг устида савол-жавоб қиласан, баҳс қиласан. Шунда ўқиган илмингни мустакамлаб оласан дерди.
Шунинг учун мадрасада ҳамма қизиққан фанлари бўйича дарс ололмаганлар. Масалан, Бухоро мадрасаларининг деярли ҳаммаси диний мадраса бўлган. Бошқа илмлар ҳам бор . отамиз тиб илмига қизиққан. Математикага қизиққан эканлар. Спортга ҳам қизиққанлар. Энг қизиқиғи мусиқага қизиққан эканлар. Шу дарс берадиган ўқитувчилар бор экан, лекин улар мадрасада бўлмаган. Шунинг учун уйига бориб хусусий таълим олинган.
Ёшлик даврларини бутунлай илмга бериб, самарали илм олиш методини ўзлаштирганлар. Бу тилларни шеър, китоб ёзиш даражасида ўзлаштирганлар. Масалан, арабча ва форсчада назм ва насрда ижод қилган.
– Соғунийнинг «Иллатлар шифоси» китоби қандай шароитда ёзилган? Ҳазратнинг табиблик билан шуғулланганликлари борасида гапириб берсангиз. Ҳатто "рак", яъни саратон хасталигини тузатган, дейишади.
– Отамизнинг асосий касблари табиблик эди. Тирикчилик табиблик орқали бўлган. Деҳқончилик ҳам қилганлар. Катта олим бўлганлари билан уни тирикчилик манбаига келтирмаганлар. Нақшбандия тариқатининг жуда кучли шиори бор. «Дил ба ёру, даст ба кор», яъни юрагинг Аллоҳда бўлсину, қўлинг ишда бўлсин, бобомиз ҳам тариқат йўлидаги инсон бўлгани учун бутун оилалари, фарзандларини шу тариқатнинг қадриятлари руҳида тарбиялаганлар. Отамиз ҳам тирикчиликни табиблик ва деҳқончилик билан юргизар эдилар.
«Иллатлар шифоси» асарига келсак, бу асарнинг ёзилиши ҳақиқатдан қизиқ. 1937 йилда отамиз ўша вақтдаги яшаб турган жойларидаги ҳукуматнинг зулмидан қочишга мажбур бўлганлар. Шунда Шарқий Туркистондан жанубий районга ўтиш мақсадида тоғлар орасидаги довонда қолиб кетганлар. Майнинг охири июннинг боши бўлишга қармай, йўл музлаган эди. Ер очилмаган. У ерда йўл очилишини, қорлар эришини кутишга мажбур бўлганлар. Дўстлари тоғда қарағайзор ўрмонлар орасида бир кишилик ўтов тикиб беришган. Бир ўзлари шу манзилда йўл очилишини кутиб, шамчироқ ёқиб, вақтдан унумли фойдаланганлар. Халқимга бир фойдам тегсин, деб шу маҳалга қадар ўрганган илмларига асосланиб, бу рисолани ёзишга қарор қилганлар. Ўз даврида тиббиётнинг аҳволи оғир эди. Шунинг учун бир рисола ёзайки, ҳар бир саводи бўлган одам ундан фойдаланиб, ўзининг тиббий жиҳатдан ҳимоя қилиш имконига эга бўлсин.Касалдан ўзини тузата олсин, деб шу ишга киришган. Бир ярим ойда китобни ёздилар. Кейин бу китобни оққа кўчирдилар. 1937 йилларда у Ўзбекистонга ҳам етиб келди.
ЭСЛАТМА: суҳбатнинг давомидан яқин кунларда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/e7VoXDPSy1s" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Сайтимизни кузатишда давом этинг!
Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, ЎзА