ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Жоллибой Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўтказилган маданий тадбирда ёшлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар устози, Қорақалпоғистон халқ рассоми Женис Лепесов билан учрашиб, яқиндан мулоқот қилди.
Тадбирда маҳоратли мўйқалам соҳиби Женис Лепесовнинг ҳаёти ва ижоди, самарали фаолияти ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берилди.
Тасвирий санъат соҳасида ўз ўрни ва ижодий услубига эга тажрибали рассом Женис Лепесов жорий йил ўзининг 80 йиллик юбилейини нишонламоқда. У санъатнинг рангтасвир йўналишида ўзининг бир қанча асарлари билан мамлакатимиз, шунингдек чет давлатларда ўтказилган нуфузли бадиий кўргазма ва биенналеларда муваффақиятли иштирок этган. Бундан ташқари, ижодкор бир неча йиллар давомида ёш авлодга тасвирий санъат бўйича дарс бериб, янги иқтидор эгаларини тарбиялашда самарали меҳнат қилган.
Тадбирда Женис Лепесов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратилган кенг имкониятлар, тасвирий санъат соҳасидаги янгиланишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди, ўғил ва қизларга фойдали маслаҳатларини берди.
[gallery-25732]
Рассом Женис Лепесов ҳамда мактаб-интернатининг бир гуруҳ малакали ўқитувчиларига Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан “Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишони ва ташаккурномалар топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА