Энергия тежамкорлик – барқарор келажакка йўналтирилган сармоя
Куз-қиш мавсумида хонадонларни иссиқ сақлаш, электр энергияси таъминотида узилишларнинг олдини олиш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этади.
Бу вазифаларни ҳал этишда фақат энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эмас, балки уни тежаш, самарали тақсимлаш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш муҳим ўрин тутади.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ўтказилган брифингда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида банк молиялаштираётган лойиҳалар ва уларнинг амалий аҳамияти хусусида ахборот берилди.
– 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, банкнинг «яшил» кредит портфели 730 млн АҚШ долларидан ошган, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Абдурашид Ҳакимов. – Бу умумий кредит портфелининг қарийб 15 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич ортида қуёш энергетикаси, энергия тежамкор қурилиш материаллари ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Қуёш энергияси – янги имкониятлар манбаи
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш банк молиялаштираётган муҳим йўналишлардан биридир.
Хусусан, жисмоний шахсларга қуёш панелларини ўрнатиш учун 50,5 миллиард сўм кредит ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 1 781 нафар фуқаро умумий қуввати 10,9 мВт бўлган қуёш қурилмаларини харид қилиш имкониятига эга бўлган.
Тадбиркорлик субъектларига эса 30,4 мВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиш учун 241,1 млрд сўм молиялаштириш тақдим этилган. Бу имкониятдан 78 та юридик шахс фойдаланган.
Мазкур ташаббуслар хонадонлар ва корхоналарнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қисман мустақил қоплаш, анъанавий тармоқларга тушадиган юкламани енгиллаштириш имконини беради.
Йирик саноат корхоналаридаги лойиҳалар бу жараённинг яна бир муҳим бўғинидир. Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» АЖда 22,4 мВт, «Навоийазот» АЖда эса, 2 мВт қувватдаги қуёш қурилмаларини барпо этиш учун кредит ажратилган.
Шунингдек, биноларда иссиқликни сақлаш, айниқса, совуқ мавсумда ортиқча энергия сарфининг олдини олишда катта аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, банк томонидан базальт асосидаги иссиқлик изоляцияси материалларини ишлаб чиқарувчи «Qoraqalpoq basaltwool», «Basfiber trade» ва «Ecobasalt group» корхоналарига жами 100 млн доллардан ортиқ кредит ажратилган.
Мазкур материаллар девор ва томлар орқали иссиқликнинг ташқи муҳитга чиқиб кетишини чеклашга ёрдам беради. Натижада биноларда мўътадил ҳароратни сақлаш, иситиш учун сарфланадиган энергияни тежаш имкониятлари кенгаяди.
Қайта тикланадиган манбалардан электр ишлаб чиқариш қанчалик муҳим бўлса, уни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш шунчалик аҳамиятли. Шу мақсадда «Миллий электр тармоқлари» АЖга Қоракўл ва Нуробод подстанцияларини боғловчи электр узатиш тармоғи лойиҳаси учун кредит ажратилган.
Ушбу инфратузилма қайта тикланадиган манбалардан олинадиган электр энергиясини умумий тармоққа узатиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Банк фаолиятида энергия тежамкорлик
Брифингда банкнинг мижозлар лойиҳаларини молиялаштириш билан бир қаторда, ўз биноларида ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, энергия ва сувдан оқилона фойдаланиш, биноларнинг ресурс самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида банкнинг 39 та биноси халқаро EDGE сертификатига эга бўлган.
Бундан ташқари, банк объектларига умумий қуввати 1,7 мВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Тақдим этилган маълумотларга кўра, улар 2026 йил давомида 1 116 мВт соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
Бу натижалар энергия тежамкорлик банк учун фақат молиялаштириш йўналиши эмас, балки кундалик фаолиятига татбиқ этилаётган амалий тамойил эканини кўрсатади.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик, аввало, совуқ кунларда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергияга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлашни назарда тутади, – дейди Абдурашид Ҳакимов. – Бироқ, бунинг учун жорий мавсум чоралари билан чекланиб қолмасдан, узоқ муддатли ечимларни изчил ривожлантириш зарур. Иссиқликни сақлашга ёрдам берадиган қурилиш материаллари, қуёш энергетикаси, электр узатиш тармоқлари, замонавий жамоат транспорти ва ресурс тежамкор бинолар – буларнинг барчаси энергиядан оқилона фойдаланишга хизмат қилувчи ўзаро боғлиқ йўналишлардир. Шу боис Ўзсаноатқурилишбанк томонидан энергияни ишлаб чиқариш ва тежашдан тортиб, уни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи лойиҳаларни молиялаштириш изчил давом эттирилади.
ЎзА
Реклама ҳуқуқи асосида