“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”
Навоий вилояти Учқудуқ туманида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” мавзусида фестиваль бўлиб ўтди.
Юртимиз ёшларига давлатимиз томонидан барча имконият, шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг билимдон, ўз иқтидорларини рўёбга чиқариши, турли жабҳаларда фаолият олиб бориши учун манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада Давлат дастури қабул қилинди. Шунингдек, Президентимиз томонидан ўтказилаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишлари ва вилоятларга ташрифи чоғида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинмоқда.
Шу билан бирга турли фестиваль ва мусобақалар ўтказилиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларда иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фестиваль доирасида ўнга яқин спорт турларидан мусобақалар, китобхонлик викторинаси, санъат ва маданият йўналишларида танловлар ташкил этилди.
Спортнинг мини футбол туридан “ДХХ кубоги” туман босқичи қизғин баҳслар асосида ўтди. Муросасиз кечган ўйинларда “Мустақиллик” МФЙ жамоаси фахрли биринчи, “Дўстлик” МФЙ жамоаси иккинчи, “Дўстлик-2” МФЙ жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.
"Ҳар бир тадбиркор бир ёшга мададкор" шиори остида ўтказилган меҳнат ярмаркасида эса 150 дан зиёд ёш иштирок этди.

Шунингдек, туман корхона ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 30 ёшгача бўлган ходимлар ўртасида "Ошга марҳамат" танлови ўтказилди. Унда фахрли биринчи ўринни 20-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси қўлга киритди.
Бундан ташқари, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 20 нафар ёшга тикув машинаси, пишириқлар пиширишга мўлжалланган печ ва ускуналар тақдим қилинди.
Бу каби маиший техника жиҳозлари “Ёшлар дафтари”да турган ёшларга “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан бепул топширилди.

Фестиваль доирасида ўтказилган лойиҳаларда фаол иштирок этган ёшлар туман ҳокими Соли Ҳамроев томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Абдували Бўриев, ЎзА