Ватан тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди
Бу йил дунё халқлари Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонлайди. Ўтган йиллар давомида сайёрамиз манзараси ўзгариб, ер юзининг турли минтақаларида нотинчликлар кузатилаётган, катта ва кичик мамлакатлар манфаатлари турли нуқталарда тўқнашаётган бўлса-да, ўтган аср ўрталаридаги урушнинг сабаб ва оқибатлари унутилган эмас. Тинчлик қадр-қиммати ошиб бормоқда. Шунинг учун ҳам 9 май айрим давлатларда ғалаба куни, баъзиларида уруш қурбонларини ёд этиш билан боғлиқ сана сифатида қайд этилади. Лекин аксарият дунё халқлари учун бу сана Иккинчи жаҳон урушининг тугаши, инсониятнинг фашизм устидан ғалабаси куни.
Мамлакатимизда ҳам 9 майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаш бугун ҳам расман, ҳам халқимиз томонидан таомилга айлантирилди.
Бу йил ушбу санага тайёргарлик, муносиб нишонлашга анча эрта киришилди. Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари томонидан “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармон ҳамда “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қайд этилгандек, юртимизда Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳамда Ватанимиз тараққиёти ва унинг ҳимояси учун курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотирасини улуғлаш олийжаноб қадриятга айланган. Уларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги юксак мардлик ва қаҳрамонликлари бугун ёш авлод учун эртакдек тингланса-да, катта ибрат мактабидир.
Афсуски, бугун жангу жадалларда мардлик, фидойилик кўрсатиб, наинки оила аъзолари, балки давлатимиз, халқимиз эъзозида умр кечираётган, асрга тенгдош инсонлар жуда кам ва уларнинг умрига умр қўшиш, қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
– Бугунги кунда вилоятимизда атиги, тўрт нафар уруш қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Улар – Каттақўрғон тумани Боғот маҳалласида яшовчи Раҳмат Қобилов, Самарқанд тумани Саховат маҳалласидан Аҳад Очилов, Ургут тумани Испанза маҳалласида истиқомат қилувчи Бўрон Гадоев ҳамда Самарқанд шаҳар Боғи Темур маҳалласидаги Михаил Колмогоров, ҳар бирлари юз ёшли отахонлар. Афсуски, энди уларни санашга бармоқларимиз етади ва бу кўнглимизга оғир ботади. Бугун бу нуронийларимиз яшаётган хонадонлар энг азиз остоналардан бири, раҳбарлар ҳам, маҳалла аҳли ҳам ҳар куни йўқлаб туришади. Нафақат Хотира ва қадрлаш кунида, балки бошқа байрамлар муносабати билан ҳам шахсан давлатимиз раҳбари уларга табрик, совға-саломлар йўлламоқда. Президентимиз фармонига кўра, бу йил Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уларга 10 минг АҚШ долларидан бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 миллион сўмдан, 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига эса 3 миллион сўмдан пул мукофотлари берилиши белгиланди. Вилоятимизда айни пайтда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар йўқ, лекин уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари кўпчилик – 263 нафарни ташкил этар экан. 90-100 ёшли бу нуроний отахон ва момоларимиз доимий эътиборимизда. Ҳозир уларнинг рўйхатлари тузилиб, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотларига етказилган, байрам муносабати билан пул мукофотлари тантанали топширилиши билан бирга ҳар бирларидан ҳол сўралиб, совға-саломлар улашилади.
Умуман, давлатимиз раҳбарининг қарорида бу йил 9 майни ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда нишонлаш, тадбирларни “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ўтказиш белгиланди.
Уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари хонадонларига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ҳарбий қисмлар командирлари, давлат ва жамоат арбоблари, фахрийлар, фан, маданият ва санъат намояндалари, ёшлар борган ҳолда улар кўрсатган мардлик ва жасорат мадҳ этилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Заруратга қараб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг яшаш жойлари таъмирланади, ободонлаштирилади.
– Президентимиз қарорида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахсларнинг ҳар бирига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларни парвариш қилиш мақсадида тиббиёт ходимларини бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини йўлга қўйиш белгиланиши ҳам уларга давлатнинг юксак эътибори намунаси, – дея сўзида давом этади Ш.Негматов. – Аслида, шу пайтгача ҳам бу нуронийларимизнинг саломатлиги, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши асосий масалалардан бири эди. Улар мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур дори-дармон билан таъминлаб келинмоқда. Энди эса бу эътибор яна ҳам кучаяди. Бундан ташқари, уруш қатнашчиларининг хоҳишларига кўра республика ҳудудидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бир марталик бепул йўлланмалар тақдим этилади. Айни пайтда жамғарма вилоят бўлими ва туман, шаҳарлардаги бўлинмаларимиз давлатимиз раҳбари фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ҳамкор ташкилотлар билан чора-тадбирларни белгилаб оляпмиз. Бу эзгу ишларни Рамазон ойида, Наврўз умумхалқ байрами кунларида бошлаб, йил давомида амалга ошириб борамиз. Маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда уч авлод учрашувлари ташкил этамиз, боболаримиз жасоратини улуғловчи маънавий-маърифий тадбирлар уюштирамиз.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири