Ўзбекистон — Қозоғистон: ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси ўртасидаги Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда делегация раҳбарлари ўтган йили Олмаота шаҳрида ўтказилган йиғилишдан сўнг Бухорода ташкил этилган мазкур учрашувда кўриб чиқилган масалалар юзасидан ахборот берди.
Йиғилиш давомида давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, шунингдек, икки мамлакат Президентлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишда парламентлар олдида турган вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва олий даражадаги мунтазам учрашувлари натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда кўп қиррали ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.
Икки давлат Президентлари парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишдаги ташаббусларни самарали амалга ошириш ва парламентлар ролини кучайтириш мақсадида ўзаро муносабатлар Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши даражасига кўтарилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари аъзолари эришилган олий даражадаги келишувларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқда.

Йиғилишда Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши аъзолари томонидан икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қонунчилик жиҳатдан таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, рақамлаштириш, ахборот технологиялари, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлис давомида парламентлараро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларнинг ижроси устидан доимий парламент назоратини ўрнатишга келишиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА