Яна бир неча кундан сўнг, аниқроғи, 4 март куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё 20-вазирлар йиғилиши бўлиб ўтади. 4 апрель куни эса Самарқанд шаҳрида ЕИ – МО биринчи саммити бошланади.
ЕИнинг мамлакатимиздаги ваколатхонасида ўтказилган матбуот анжумани мазкур нуфузли тадбирларнинг аҳамияти ва эҳтимолий натижаларига бағишланди. Элчи Тайво Клаар мавзу юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
– Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб, турли соҳаларда жадал ривожланмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ўзаро муносабат янги босқичга кўтарилиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар йўналишларда кенгайиб боряпти.

Айни кунларда Ашхобод ва Самарқанд анжуманларига тайёргарлик қизғин кетяпти.
ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида Ашхободда ўтадиган йиғилишда икки минтақа ҳамкорлигини чуқурлаштириш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.
Томонлар қатор стратегик йўналишлар, жумладан транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, савдо ва инвестиция кўламини кенгайтириш, “яшил” ва рақамли трансформация, сув захирасидан оқилона фойдаланиш ҳамда қайта тикланадиган энергия тизимини ривожлантириш бўйича шериклик истиқболига урғу берилади.
Шунингдек, терроризм, уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва кибер хавфсизликка қарши кураш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Кун тартибидан ўрин олган Афғонистондаги вазият мавзусида инсон ҳуқуқи, гуманитар муаммолар, шунингдек минтақа хавфсизлигига таъсир этиши эҳтимоли мавжуд хавф-хатар масалалари қамраб олинади.
Айтиш жоиз, ҳамкорлигимиз узоқ муддатга мўлжалланган. Бу борада 2019 йил қабул қилинган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси ва 2023 йил тасдиқланган Қўшма йўл харитаси асосий ҳужжатлар ҳисобланади. Қолаверса, “Global Gateway” (Глобал дарвоза) ташаббуси доирасида МО иқтисодиётини рақамлаштириш ва минтақада барқарор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган.
Қўшма молиявий лойиҳалар доирасида 2021-2027 йиллар учун минтақада инфратузилма, энергетика, иқлим ўзгариши ва таълим соҳаларини ривожлантириш учун 550 миллион евро ажратилган. Транскаспий транспорт йўлагини шакллантириш учун 88,4, рақамли боғлиқлик лойиҳалари учун 80 миллион евро йўналтирилган.
Самарқандда ўтказиладиган тарихий Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити икки минтақа стратегик ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга нисбатан умумий интилиш ифодасидир.
ЕИ ушбу 5 қўшни давлат билан сўнгги йиллардаги саъй-ҳаракатлар самарасини таҳлил қилиш, келгуси режаларни белгилаш ҳамда умумий муаммоларни ҳал этиш йўлида мулоқотни давом эттиришга ҳамиша тайёр.
Масалан, жорий йил биринчи ярми охирида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими” имзоланиши кутиляпти.
Умуман, мазкур нуфузли анжуманга юртингиз мезбонлик қилаётгани икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа. Янги битим эса нафақат иқтисодий ҳамкорлик, балки ижтимоий-сиёсий, маданий-гуманитар алоқаларни ҳам мустаҳкамлашни кўзда тутади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.