Таяни: Вашингтон вазиятни кескинлаштирмоқчи эмас
ЎзА ҳамкори ANSA ахборот агентлиги хабар беришича, Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Брюсселдаги еттилик гуруҳи савдо вазирлари учрашувидан сўнг АҚШ билан янги тариф сиёсати бўйича муҳит ижобий ҳолатда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Олий суд томонидан Президент Дональд Трамп жорий этган кенг қамровли бож бекор қилиниши ва кейинчалик 15 фоизлик янги ставка эълон қилинишидан сўнг томонлар кескинлашувни истамаяпти.
Мулозим аввал келишилган тариф даражасини янги ҳуқуқий асосда сақлаб қолиш мумкинлигига ишонмоқда. Зеро, учрашув давомида Вашингтон вазиятни оғирлаштирмасликдан манфаатдорлиги яққол сезилган.
Таяни эътироф этганидек, Италия ҳамкор давлатлар билан музокара тарафдори сифатида амалдаги келишувларга риоя этилишини кутмоқда. АҚШ билан “самарали мулоқот босқичи” бошланган, савдо уруши ёки тажовузкор позиция кун тартибида эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА