Табиатни асраб-авайлаш, экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги устувор вазифалар
Бугунги кунда инсоният олдида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни асраш, экологик муаммоларни ҳал этиш каби долзарб вазифалар турибди. Глобал иқлим ўзгариши жараёнида умуминсоний манфаатларга қаратилган саъй-ҳаракатлар нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар тақдири учун ҳам ҳаётий заруратга айланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида глобал экологик муаммоларни бартараф этиш, табиий мувозанатни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида илгари сурилган қатор ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини Орол денгизи буткул қуришининг олдини олишга чақирди.
Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этишини таъкидлади. Президентимизнинг таклифига биноан БМТ Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжат Оролбўйи минтақаси экологиясини ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган биргаликдаги чораларни амалга оширишга инвестициялар жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси билан БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилгани, бу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилаётгани ҳам эътиборга моликдир. Орол денгизининг қуриган тубида экологик ҳолатни барқарорлаштириш муҳим масала ҳисобланади. Шу мақсадда ўтган йиллар мобайнида икки миллион гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди, келгусида унинг кўлами янада кенгайтирилади.
2023 йили Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган CОP28 саммитида, 2024 йили Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси CОP29да ҳам давлатимиз раҳбари томонидан дунё мамлакатларини ташвишга солаётган иқлим ўзгаришини юмшатиш ва глобал экологик таҳдидларни биргаликда бартараф этишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Таъкидлаш лозим, юртимизда 2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йили”, деб ном берилгани нафақат Ўзбекистон, балки сайёрамизда дунё аҳлини ташвишга солаётган иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини камайтириш, экологик вазиятни яхшилаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, “яшил” ҳудудларни кенгайтириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан янада муҳим аҳамият касб этади. Зеро, табиатни асраш — инсонни асраш демакдир.
Одатда, элимизда азалдан катта тадбирларга киришишдан аввал кўпчилик билан маслаҳат қилинган, фикр алмашилган. Бу, ўз навбатида, одамлар орасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаган, эзгу ишларнинг муваффақиятли амалга оширилишига замин яратган. Янги Ўзбекистонда ушбу анъана давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳар бир юртдошимиз мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига тегишли ҳужжатлар қабул қилинишида бевосита иштирок этиб, бу борада ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлди.
Яқинда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Йил номига монанд тарзда ишлаб чиқилган давлат дастури лойиҳасидан “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, табиатни асраб-авайлаш, экологик барқарорликни таъминлаш каби долзарб вазифалар ўрин олган.
Давлат дастури лойиҳасида 5 та устувор йўналиш бўйича белгиланган бир қатор чора-тадбирлар Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанг бўлиб, партиямиз платформасидан бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, хавфсиз ва самарали бўлган яшил иқтисодиётга ўтиш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда яшил ва мусаффо ҳаёт барпо этишнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топган.
Муҳокама қилинаётган давлат дастури лойиҳасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб бориш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, 1 984 та яшил боғ барпо этиш, 112 та йирик саноат корхонаси томонидан ўз ва туташ ҳудудларида уч йил давомида 30 млн. туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ”лар яратиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, экологик муаммолар глобал кўриниш касб этаётган ҳозирги даврда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлашда энг муҳим тадбирлардан бири – дарахт экиш ҳисобланади.
Аслини олганда, дарахт экиб, боғ барпо этиш халқимизга хос азалий қадрият саналади. Ота-боболаримиз дўпписида сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартирган, ҳовлисидаги бир парча ерга ҳам гулу райҳон экиб қўйган. Бугун эзгуликка йўғрилган бу анъана Янги Ўзбекистонда замон билан ҳамнафас тарзда, янги ташаббуслар кўринишида намоён бўлмоқда. Корхона, ташкилот, муассасалар тасарруфидаги ҳудудларда, шаҳару қишлоқларимиз, қолаверса, 10 мингга яқин маҳаллаларда бир вақтнинг ўзида миллионлаб дарахт кўчатларининг ўтқазилишини тасаввур қилиш ҳар биримиз учун нақадар мароқли.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги дарахт кўчатларини экиш ва парвариш қилиш каби ишларга ҳар бир ташкилот, ҳар бир юртдошимиз виждонан ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Шундагина шаҳару қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшувчи боғ-роғлар кўпайиб бораверади.
Давлат дастури лойиҳасида мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш юзасидан 14 та ҳудудда экологик тоза ҳудуд режимини жорий қилиш белгиланаётгани ҳам эътиборга молик.
Бундан ташқари, ўрмон билан қопланган майдонларни 6,1 млн. гектарга, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 2,3 млн. гектарга етказиш, атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш ҳамда 249 та саноат корхонасида локал оқова тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида атроф-муҳитга, одамлар саломатлигига зарари юқори бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга тақиқ қўйиш таклиф этиляпти. Мамлакатнинг барча ҳудудида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш ҳам назарда тутилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга ошириш бўйича давлат дастури лойиҳаси кўплаб таклифларни ўз ичига олган. Хусусан, Экологик партия, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Фанлар академияси ва кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш мақсадида 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилишга мораторий (чеклов) жорий қилинмоқда.
Бунда мораторий фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштириладиган ёввойи ҳайвонларни овлаш ҳамда санитар мақсадларда ов қилишга татбиқ этилмайди.
Овчиларга муқобил машғулот сифатида ҳудудларда ўқ отиш спортига ихтисослаштирилган махсус полигонларда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
Шаҳарлардаги табиий сув ҳавзалари ихтиофаунасининг популяциясини қайта тиклаш мақсадида республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларда 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 15 тоннадан кам бўлмаган чавоқлантириш ишлари амалга оширилиши очиқ сув ҳавзалари ҳайвонот дунёсини янада бойитишга хизмат қилади.
Шунингдек, давлат дастури лойиҳасида йилига қўшимча 2,5 млрд. метр куб сувни тежашга эришиш, 390 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилмоқда. Дарҳақиқат, Ер шарининг тўртдан уч қисмини сув эгаллаган бўлсада, чучук сув захиралари йил сайин чекланиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, бугун сайёрамизнинг 2,5 млрд.га яқин аҳолиси ичимлик суви таъминоти танқис шароитда яшамоқда. Сув танқислиги муаммоси Марказий Осиё минтақасига ҳам дахлдор. Сув ҳаёт манбаи экан, ундан оқилона фойдаланишимиз зарур.
Барчамизга аёнки, глобал иқлим ўзгариши, углевород хомашёси захираларининг камайиши бутун дунёда муқобил энергетикани ривожлантириш чораларини кўришни талаб этмоқда. Кейинги саккиз йилда Ўзбекистон “яшил” энергетика ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишда кўзга кўринарли ютуқларга эришди. Бу соҳада бугунга келиб 3,5 минг мегаваттли ёки 10 миллиард киловатт-соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қуввати ишга туширилди, шунинг ҳисобига 2024 йилда “яшил” энергия улуши 16 фоиздан оширилди. Жорий йилги давлат дастури лойиҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил” тарифларни жорий қилиш таклиф этиляпти.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоиз қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланувчан энергия манбалари улушини камида икки карра ошириш, қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир ташаббуслар илгари сурилган.
Бундан ташқари, йирик шаҳарлар атрофидаги чиқинди полигонлари базасида халқаро стандартларга мос келувчи электр станциялар қуриш, биокўмир ишлаб чиқариш ва чиқиндиларнинг энергия потенциалидан унумли фойдаланиш, электр таъминоти узилишларига чек қўйиш ва аҳолини арзон энергия билан таъминлаш чора-тадбирларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимиз умумий энергетик балансида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ишлаб чиқариш мажмуалари ҳамда аҳолини барқарор энергия билан таъминлашга хизмат қилади.
Ишончимиз комилки, давлат дастури лойиҳасида йил давомида барча йўналишларда амалга оширилиши белгиланаётган чора-тадбирлар, устувор вазифалар билан аҳолининг турли қатлами вакиллари танишиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдиради. Халқимиз билан маслаҳат қилиш асносида лойиҳа янада мукаммал кўриниш касб этади.
Бахтиёр Пўлатов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати техника фанлари доктори, профессор.