Сенатор: Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи стратегик давлат сиёсатига айланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти келажагимиз эгаларига бўлган эътибор билан бирга юксак ишонч ифодаси ҳамдир.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ва инновация соҳаларида ўзини синаб кўриши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Таълим тизимини модернизация қилиш, хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш, стартап ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, спорт ва маданият соҳасида шароитларни яхшилаш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ёш авлоднинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, ёшларга бўлган ишонч ва эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларнинг муаммоларини эшитиш ва таклифларини қўллаб-қувватлаш доимий мулоқот механизмига айланди.
Ана шу изчил сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти мамлакатимиз тараққиётида ёш авлод ҳал қилувчи куч эканини яна бир бор намоён этди. Ушбу учрашув мазмун-моҳияти жиҳатидан Янги Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари 22 миллиондан зиёд ёшлар юртимизнинг улкан иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти эканини таъкидлаб, уларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя ва стартапларини қўллаб-қувватлаш, ишли ва даромадли қилиш барча даражадаги раҳбарлар учун устувор вазифа бўлиши шартлигини қайд этди.
Бундай эътибор амалда ўз самарасини бермоқда: ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 олтин, 147 кумуш ва 221 бронза медалини қўлга киритди. Нуфузли хорижий олийгоҳларда таҳсил олаётганлар сони изчил ортиб, ТОП-100 университетларда ўқиётганлар 3,5 минг нафардан ошди.
Ёш спортчилар халқаро ареналарда юзлаб медалларга сазовор бўлди, 63 стартап лойиҳа хорижий бозорларга чиқди. Ёш тадбиркорлар эса мамлакатимиз бизнесининг 35 фоизини ташкил этмоқда. Ўзбекистоннинг Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилиши ҳам ана шу тизимли сиёсатнинг халқаро тан олинишидир.
Ёшлар тадбиркорлигини янада кучайтириш бўйича янги босқич бошланди. Қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши, кредит миқдорларининг 300 миллион сўмдан 10 миллиард сўмгача оширилиши, “Келажак тадбиркори” дастури орқали имтиёзли молиялаштириш, ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори”ни ташкил этиш ёшларнинг ғоясини реал бизнесга айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Банклар томонидан минглаб ёшларга бепул бизнес-режа тайёрлаб бериш ва уларни тадбиркорликка ўқитиш вазифаси қўйилгани эса ёшларнинг мустақил иқтисодий куч сифатида шаклланишини янада тезлаштиради.
Шу билан бирга, ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Янги авлод тадбиркорлари” дастури орқали 40 минг ёшни бизнесга ўқитиш, хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, техникумларда “spin-off” лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда “Work and Travel” дастури орқали хорижда ишлаш имкониятларини яратиш – глобал рақобат шароитида рақобатбардош авлодни шакллантиришга хизмат қилади. Бугун 600 мингдан ортиқ ёш хорижий тил сертификатига эга, 72 минг инструктор фаолият юритмоқда, хусусий ўқув марказлари сони эса бир неча баробар ошди – бу таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг аниқ натижасидир.
Ёшлар сиёсати ижтимоий ҳимоя ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишларини ҳам қамраб олмоқда. Ёш оилалар учун ипотека ставкасининг бир қисми давлат томонидан қопланиши, “Иккинчи имкон” лойиҳаси орқали жазони ўтаб бўлган ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, волонтёрлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ҳамда китобхонликни рағбатлантириш ташаббуслари – давлатнинг ёшларнинг ҳар бир қатламига эътибор қаратаётганини кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Кўксаройда бўлиб ўтган очиқ мулоқот Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи стратегик давлат сиёсатига айланганини яна бир бор яққол намоён этди.
Ёшларга ишонч билдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини тўғридан-тўғри эшитиш амалиёти барқарор тизимга айланаётгани мамлакат тараққиётига хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ёшлар сиёсати қисқа муддатли чора-тадбир эмас, балки узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишдир. Чунки ёшларнинг билимли, ташаббускор ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиши – мамлакатнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайдиган асосий омилдир.
Шу маънода, ёшларга йўналтирилган ҳар бир сармоя – бу Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам ва фаровон келажагига қўйилган ишончли пойдевордир.
Н.Абдураимова, ЎзА