Саёҳат манзиллари: “Сузук ота” мажмуаси (+видео)
ЎзАнинг янги “Саёҳат манзиллари” лойиҳаси орқали Тошкентнинг Чорсу бозори яқинида жойлашган муқаддас тарихий маскан – “Сузук ота” мажмуасига ташриф буюрамиз.
Бу манзил нега шу ном билан аталади? Нима учун Амир Темур бобомиз шу жойда 6 ой қолиб кетган? Шўролар даврида завод жойлаштирилган жой қандай қилиб яна муқаддас даргоҳга айланди? Айни савволларга саёҳатимиз давомида етарлича жавоб оласиз, деган умиддамиз.
Исмнинг сири: нега Сузук ота?
Ҳазрат Шайх Мустафоқул Хўжа 1140 йил Туркистоннинг Қорачиқ қишлоғида туғилган. У Яссавия тариқати асосчиси Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг набираси, Гавҳари Хуштож ва Шайх Аҳмад Ал-Қорачиғийнинг кенжа ўғли.
Одоби, итоати ва заковати билан ажралиб турган Мустафоқул ёшлигидан бобосига сидқидил хизмат қилган. Аҳмад Яссавий набирасини меҳр билан “сузугим, менинг суюклигим”, деб атаган экан. Вақт ўтиши билан халқ орасида шу ном кенг тарқалган. Ривоят қилишларича, Сузук ота нафақат олим, балки дуоси ижобат бўладиган зот ҳам бўлган. Ногаҳон, далада ишлаётган пайти бир оқсоқол у кишидан ёрдам сўрайди. Сузук ота ерга қараб “Экилгани қолсин, бегонаси чиқсин”, дейдилар. Қаранг-ки, бегона ўтлар ўз-ўзидан суғурилиб чиқади. Бу ҳодиса тезда маҳаллага аён бўлади. Одамлар Мустафоқулни илмли, донишманд ва дуогўй зот сифатида таниб, насиҳат олиш, илм ўрганиш учун унинг олдига кела бошлайдилар. Шу тариқа, ҳудуд маънавий, илмий марказга айланиб боради.
Амир Темур ва меъморчилик
1363 йил Соҳибқирон Амир Темур ҳарбий юриш пайти Тошкентда бетобланиб қолади. Айнан шу ҳудуднинг ҳавоси, маънавий муҳити эса унинг дардига шифо беради. Шунда бобомиз миннатдорлик рамзи сифатида Сузук ота қабри устига мақбара ва масжид қурдиради.
Шарқ меъморчилиги анъаналари асосида қурилган бино деворидаги нафис ўймакор нақш, гумбаз ва айвон мажмуага ўзига хос маҳобат бағишлаган.
Қора кунлар: заводга айланиш
Тарих ҳар доим меҳрибон эмас, дейишади. Дарҳақиқат, 1936 йил ўша замон ҳокимияти томонидан масжид ва мақбара ёпилиб, мажмуа ҳудудида металл буюмлар ишлаб чиқариладиган корхона ташкил этилади. Хоналар омбор, ишлаб чиқариш цехларига айлантирилади. Йиллар давомида заҳарли чиқинди ариққа ташланади. 1966 йил юз берган зилзила оқибатида мақбара гумбази қулайди ва узоқ вақт таъмирланмайди. Ниҳоят 1989 йил маҳаллий аҳоли норозилиги сабаб, ишлаб чиқариш фаолияти тўхтатилади. 1990 йил мажмуани тиклаш ишлари бошланади. Кутубхона ва айвон қайта барпо этилади. 1996 йилдан бошлаб масжид расман рўйхатдан ўтказилиб, Ҳайит байрамида тантанали ваъз ўқилади.
Фақат 2017 йилга келибгина, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мажмуа тўлиқ реконструкция қилина бошлайди. 2019 йил тўлиқ тикланган бу масканда ҳозир нафақат масжид, балки ҳунармандлар сулоласи яшайдиган 34 та махсус уй барпо этилган.
Ҳунармандлар маскани
Сузук ота шогирдларига шундай деган экан:
– Илм ўрган, аммо ҳунаринг ҳам бўлсин.
Асрлар давомида шаклланган бу масканда ёғочга жон бахш этаётган уста ёки тилла қош тикаётган ҳунармандни кўриб, беихтиёр халқимизнинг бой маданиятига яна бир бор таҳсин айтасан, киши...
Бугун бу даргоҳда ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, тўқувчилик, гиламдўзлик каби қадим ҳунарларимиз авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтмоқда. Бу жой шунчаки ғишт ва кошиндан иборат бино эмас, балки бизнинг кимлигимизни англатадиган, сабримиз, маданиятимиз қай даражада мустаҳкамлигини исботлайдиган маскан. Пойтахтга келсангиз, Чорсу бозори яқинидаги “Сузук ота” мажмуасига албатта киринг. Руҳингиз ором олади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BcTxl-OXnMk" title="Sayohat manzillari: “Suzuk ota” majmuasi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева,
Ойбек Давронов (видео), ЎзА