Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ўқитувчилари ва талаба-ёшлари Наврўз умумхалқ байрами –дам олиш кунини янада кўтаринки руҳда ўтказиш, юртимизнинг ички туристик имкониятларидан фойдаланиш, кўҳна обидалар ва диққатга сазовор жойларни кўриб, унинг тарихи билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштиришди.
Саёҳат давомида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек обсерваторияси ва музей мажмуаси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабри ва ёдгорлик мажмуаси, Шоҳи Зинда мажмуаси каби Самарқанднинг гўзал ва бетакрор манзилгоҳларида бўлиб, улар тўғрисида қўшимча маълумотларга эга бўлишди.



– Тўғрисини айтганда, Самарқандга уюштирилган саёҳат мазмун жиҳатидан ниҳоятда бой бўлди, – дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали иқтидорли талабалар билан ишлаш сектори бошлиғи Ҳилола Кучкарова. –Институт ўқитувчилари, талаба-ёшлар саёҳат давомида Самарқанднинг гўзал манзараларини, тарихий обидаларини томоша қилиб, улар тўғрисида кўп маълумотлар олишди. Шу билан бирга, ҳунармандчилик соҳасини юксак санъат даражасига кўтарган, уста ҳунарманд ва ҳунармандлар сулолалари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, улардан ҳунармандчилик касбининг сир-синоатлари тўғрисида қўшимча маълумот олишиб, гўзал, бетакрор ҳунармандчилик асарларининг яратилиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.


Ғулом Примов,
ЎзА мухбири