“Регистратор офиси” қандай тузилма?
Олий таълим тизимида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Регистратор офиси” фаолияти йўлга қўйилди. Хўш, бу тузилма аслида қандай мақсадда тузилди?
Саволга Тошкент давлат техника университети “Регистратор офиси” хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Санжар Шоқўчқоров қуйидагича жавоб берди:

—Бугун биз ахборот технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Барча соҳалар қатори таълим тизимини ҳам рақамлаштириш долзарб масалалардан бири. Давлатимиз раҳбари ҳам ўз чиқишларида олий таълимни сўнгги технологиялар билан жиҳозлаш, рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш, жаҳон илм-фани ютуқлари билан интеграциялашишнинг муҳим шартларидан бири эканини таъкидлаган. Шу маънода, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли қарорига асосан олий таълим тизимида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Регистратор офиси” фаолияти йўлга қўйилди.
Шу ўринда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида худди шундай тузилма ташкил этилганини қайд этиб ўтмоқчиман.
Рақамли таълим технологиялари маркази билан ҳамкорликда “Регистратор офиси” ва университет ўқув бўлими, деканатлар, бухгалтерия, маркетинг ва амалиёт бўлими, илмий, халқаро алоқалар бўлимлари ўртасида ягона электрон ҳужжат айланишини таъминловчи “r-office.tdtu.uz” тизими ишлаб чиқилди.
Ушбу замонавий тузилма университет бош биносида жойлашган бўлиб, самарали фаолият олиб бориши учун барча қулайликларга эга. 31 нафар ёш, малакали, бир нечта хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ва хорижий олий таълим муассасаларида малака оширган ходимлар офисда фаолият кўрсатиши учун саралаб олинди. Улар талабалик гувоҳномаси, талабалар ўқув варақаси, ўқиш жойидан маълумотнома, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари, талабалар турар жойларига ариза бериш ҳамда айланма варақаларни рақамлаштирган тарзда мурожаатчиларга етказади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, абитуриентлар ҳамда биринчи курсга тавсия қилинган талабаларнинг ҳужжатлари ҳам айнан “Регистратор офиси” орқали қабул қилинади.

Офисга ташриф буюрган мурожаатчилар тартибсиз навбат кутиб қолмасликлари учун электрон навбат олиш тизими йўлга қўйилган. Келгусида олисдан туриб ҳам навбат банд қилиш хизмати амалиётга жорий қилинади. Бу борада техник ишлар олиб борилмоқда.

Албатта, олий таълим муассасаларида жорий этилаётган рақамли “Регистратор офиси” фаолияти қоғоз кўринишида юритиладиган ҳужжатларнинг бекор қилинишига замин яратади. Бу эса ўқув йили давомида ўртача 100 миллион сўмгача бўлган маблағнинг тежалишига олиб келади.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.