Қашқадарёда ёш китобхонлар беллашди
Давлатимиз раҳбарининг беш муҳим ташаббуси доирасида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш ва тарғиб қилиш мақсадида 2017 йилдан буён “Ёш китобхон” танлови анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда.
Бу танлов ёшларни мутолаага қизиқтириш, уларнинг тафаккурини бойитиш, адабиётга меҳр уйғотиш ва уларга миллий ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Танловнинг Қашқадарё вилоят босқичи ҳам қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Унда танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар уч ёш тоифаси бўйича иккита шарт – бадиий асарлар билимдони ва тезкор савол-жавоб асосида синовдан ўтказилди.
Танлов иштирокчилари фақатгина ўқиган китобларини билиш билан эмас, балки улардаги асосий ғоялар, қаҳрамонлар характери, асар мазмуни ҳамда фикр-мулоҳазалари билан ҳам баҳоланди.
[gallery-21726]
Якуний натижаларга кўра, 10-14 ёш тоифасида косонлик Азизжон Тўлқинов ғолибликни қўлга киритган бўлса, 15-19 ёш тоифасида қаршилик Мафтуна Темирова ҳамда 20-30 ёш тоифасида Мавлуда Саъдуллаевага тенг келадигани топилмади. Улар танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.
Маълумотларга кўра, ўтган йилда танловга 65 минг нафарга яқин ёш 5tashabbus.uz платформаси орқали ариза топшириб, иштирок этиш истагини билдирган. Улар ёш тоифаларига ажратилиб, махсус белгиланган адабиётларни ўқиб чиқишлари лозим эди.
Жумладан, 10-14 ёшдаги иштирокчилар – 40 та асар (миллий ва жаҳон адабиёти), 15-19 ва 20-30 ёшдаги иштирокчилар – 50 тадан асар ўқиши белгиланган эди.
Мазкур китоблар таркибида ўзбек ва жаҳон адабиёти классикаси, илмий-оммабоп асарлар ҳамда бадиий дурдоналар бор бўлиб, уларнинг барчаси Ватан, оила, дўстлик, шунингдек, комил инсон тарбияси мавзуларига бағишланган.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган мазкур лойиҳа ёшларнинг билимга чанқоқлигини ошириш, уларга ўқиш маданиятини сингдириш ҳамда комил инсон бўлиб шаклланиши учун муҳим имконият яратмоқда.
Маълумот ўрнида, ҳозиргача танловда 300 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этган бўлиб, иккита қашқадарёлик ёш китобхон Президент совғаси – автомашина билан тақдирланган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари