Глобал таълим ҳамкорлиги: янги босқич ва истиқболлар
Жаҳон миқёсида таълим сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бирига айланган. Шу нуқтаи назардан, YUNESKO томонидан ташкил этилаётган “2026 йилги Глобал таълим мониторинги (GEM)” тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
YUNESKO Бош офисида ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова иштирокида қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтди.

Жумладан, YUNESKO Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жаннини билан Тошкент шаҳрида II-тоифали YUNESKO марказини ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” муҳокама қилинди. Унда халқаро экспертлар миссиясини жалб қилиш, қўшма конференциялар ўтказиш ҳамда пилот лойиҳаларни амалга ошириш каби таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси таълим вазири Сюяй Жинпин билан мактаблар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, ўқувчилар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш ва педагог кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуман доирасида Туркманистон таълим вазири Жуммамират Гурбангелдиев билан ўтказилган мулоқотда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, фан олимпиадалари ва ўқувчилар алмашинуви бўйича тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Озарбайжон фан ва таълим вазири ўринбосари Ҳасан Ҳасанли билан мактабгача таълим, ўқитувчилар алмашинуви, шунингдек, STEM ва сунъий интеллект йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олди.

Шу билан бирга, Саудия Арабистони режалаштириш вазири ўринбосари Саад бин Абдул Ғаний ал-Ғамдий билан бўлиб ўтган учрашувда таълим соҳасида қўшма дастурларни ишга тушириш таклифи билдирилди. Ушбу ташаббус ижобий қабул қилиниб, келгусида аниқ механизмлар ишлаб чиқиш бўйича музокараларни давом эттиришга келишилди.
Умуман олганда, бу учрашувлар Ўзбекистоннинг нафақат глобал, балки минтақавий таълим ҳамкорлигини ҳам янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА