Хабарингиз бор, сўнгги кунларда Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти ҳудудлардаги спорт инфратузилмаларини ўрганмоқда.
Улар бир неча кун давомида пойтахтимиздаги федерациялар ва ассоциациялар фаолиятини ўрганиб, тегишли кўрсатмалар ва муаммоларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Энди эса мутасадди раҳбарлар вилоятлардаги спорт масканларини ўрганмоқда. Ушбу ўрганишлар доирасида улар Қашқадарё вилоятида ҳам бўлиб, Қарши шаҳри ҳамда Ғузор ва Деҳқонобод туманларидаги спорт масканларини кўздан кечирди.
Дастлабки манзил вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Деҳқонобод тумани бўлди. Унда туман спорт мактаби фаолияти ўрганилди. Мактаб маъмурияти расмийларга машғулотлар жадвали, уларни олиб борадиган мураббийлар малакаси ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, у ерда шуғулланаётган ўқувчиларнинг натижалари таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
МОҚ раҳбарияти Ғузордаги яна бир спорт мактаби ҳамда Қарши шаҳридаги вилоят Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ҳам ташриф буюрди. Таълим муассасасининг барча бўлимлари кўздан кечирилгач, мутасаддилар билан учрашув ташкил этилди.

Қўмита ахборат хизмати берган маълумотга кўра, мазкур марказнинг моддий-техник базасини янада кучайтириш, қишки мавсум ўқувчиларга янада қулайликлар яратиш борасида таклифлар билдирилди.
Қолаверса, ушбу таълим муассасаси битирувчиларининг миллий терма жамоалар таркибидан жой олиш кўрсаткичини ошириш бўйича ҳам вазифалар белгилаб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА