Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ талаба ижарада яшамоқда
Ўзбекистонда уй-жойларни ижарага бериш бозорида фаоллик ортиб бормоқда. Солиқ органлари маълумотларига кўра, 2026 йил январь ойида давлат солиқ хизмати органларида 414,2 мингдан ортиқ ижара шартномаси ҳисобга қўйилган. Ушбу шартномалар бўйича 93,1 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.
Таҳлилларга кўра, ижара муносабатларининг расмийлаштирилиши ортиши соҳа шаффофлигини таъминлаш билан бирга, бюджет тушумларининг кўпайишига ҳам хизмат қилмоқда.
Жисмоний шахслар ўртасида тузилган 303,8 мингта ижара шартномаси асосида 70,4 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу кўрсаткичлар 2025 йил январь ойига нисбатан сезиларли ўсишни намоён этмоқда. Хусусан, ижара шартномалари сони 14,7 фоизга, ҳисобланган даромад солиғи суммаси эса 112 фоизга ошган.
Бу ҳолат аҳоли ўртасида ижара муносабатларини қонуний расмийлаштиришга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда.
Юридик шахслар ўртасида тузилган 110,3 мингта ижара шартномаси бўйича 22,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан шартномалар сони 18,1 фоизга, солиқ тушумлари эса 15,1 фоизга ошган.
Бу ҳолат тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ижара муносабатлари муҳим иқтисодий механизмга айланаётганини кўрсатади.
Давлат томонидан талабаларни турар жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор солиқ имтиёзлари жорий этилган. Жумладан, уй-жойни талабаларга ижарага берган шахсларнинг ушбу фаолиятдан олган даромадлари даромад солиғидан озод этилган.
2026 йил январь ойида мазкур имтиёз доирасида 9,2 миллиард сўм даромад солиғидан озод қилинган.
Ҳисоботларга кўра, талабалар билан 68,6 мингдан ортиқ турар-жой ижара шартномаси тузилган. Ижарада яшовчи талабалар сони эса 100 минг 614 нафарни ташкил этган.
Сўнгги йилларда мамлакатда уй-жой бозорини тартибга солиш, ижара муносабатларини қонуний асосда ривожлантириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ижара шартномаларини электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш, солиқ ҳисобини соддалаштириш каби механизмлар жорий этилган.
Ижара бозорининг расмий секторга чиқиши мамлакатда уй-жой бозорини янада барқарор ва шаффоф ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА