Кувайт давлати Форс Кўрфазида жойлашган юқори даромадли мамлакат ҳисобланади. Унинг пул бирлиги – Кувайт динори дунёдаги энг қиммат валютадир. Жаҳон банкининг расмий маълумотига кўра, Кувайтда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 2023 йилда 161,77 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Кувайтнинг ЯИМ қиймати жаҳон иқтисодиётининг 0,15 фоизини ташкил қилади. Кувайт ЯИМ нинг 67 фоизини саноат, 43,6 фоизини хизмат кўрсатиш соҳаси ва атиги 0,4 фоизини қишлоқ хўжалиги ташкил этади. Кувайт улкан нефть захираларига эга ва уни катта миқдорда экспорт қилади.
Ўзбекистоннинг Кувайт билан иқтисодий-сиёсий мулоқоти сўнгги пайтларда фаоллашди. 2024 йил апрель ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Али Ал-Яҳёни қабул қилди. Икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокаралар ўтказилди. Иқтисодий органлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқот ҳам мустаҳкамланди. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошди. Айни пайтда Ўзбекистонда Кувайт капитали иштирокида етти компания фаолият юритмоқда. Савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича 2024 йилда имзоланган келишув савдо динамикасини янада оширишда муҳим қадам бўлади. Кувайтнинг Ўзбекистондан импорти 2024 йилнинг учинчи чорагигача қарийб 1 793 298 Кувайт динорини (тахминан 5,8 миллион АҚШ долларига тенг) ташкил қилган.
Кувайт Ўзбекистон учун ҳар томонлама фойдали ҳамкор ҳисобланади. Бу бир неча омилларга боғлиқ.
Биринчидан, икки давлатнинг интеграция жараёнларига киришишдаги умумий ёндашув. Ўзбекистон ҳам, Кувайт ҳам ўз ривожланиш истиқболларини минтақаси билан чамбарчас боғлиқ деб билади. Ўзбекистон Марказий Осиё иқтисодий интеграциясида ҳал қилувчи роль ўйнаганидек, Кувайт Форс кўрфази Араб мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Иккинчидан, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги мамлакатларнинг саъй-ҳаракатининг ўхшашлиги. Иккала мамлакат ҳам иқтисодий томондан шаффофликка эришишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон ҳам, Қувайт ҳам ўз иқтисодиётига замонавий рақамли технологияларни жадаллик билан жорий қилмоқда. Бу Ўзбекистон 2030 рақамли стратегиясининг устувор мақсадларига ҳамоҳангдир.
Учинчидан, ҳар икки давлат ҳам иқтисодий ривожланиш стратегиясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Қувайт иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни ўз ички кун тартибининг марказига қўйди. Бу мақсадлар “Янги Ўзбекистон – 2030” ва “Янги Кувайт – 2035” стратегияларида ўз ифодасини топган.
Тўртинчидан, икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлардаги иштироки бўйича умумий ёндашув. Масалан, Кувайт ва Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта фонди, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби платформаларда ўхшаш таклифларни билдирмоқда.
Бешинчидан, икки мамлакатнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик. Яшил иқтисодиёт, энергия тежашга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар бунинг яққол мисолидир.
Олтинчидан, туризм соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, кувайтлик сайёҳларни юртимизга жалб қилиш, уларни кўҳна шаҳарларга ташрифини ташкил қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш даркор.
Еттинчидан, Кувайт меҳнат бозорига ўзбекистонлик потенциал ишчи кучини жалб қилиш. Ўзбекистоннинг ташқи меҳнат миграциясида янги манзил сифатида Кувайт меҳнат бозорини ўрганиш ва соҳа мутахассисларини жалб қилиш даркор.
Саккизинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ошириш. Кувайтга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш орқали Ўзбекистон Кувайтнинг қишлоқ хўжалигидаги йирик ҳамкори бўлиши мумкин.
Тўққизинчидан, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, стипендия дастурларини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш орқали ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳим ҳисобланади.
Юқоридаги омиллар Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги саноат ҳамкорлиги ҳар икки давлат учун учинчи давлат бозорларига чиқишда қулай имкониятлар яратишидан далолат беради. Марказий Осиё бозорлари Кувайт иқтисодиётини диверсификация қилиш ва унинг савдосида ёқилғи маҳсулотларининг устунлигини камайтириш учун платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бунинг эвазига Ўзбекистон Кувайт билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш орқали денгиз савдо йўлларига чиқиш муаммосини ҳал қилиши мумкин. Икки давлат бир бири учун логистика марказлари вазифасини бажариши мумкин.
Юқоридаги омилларни инобатга олган ҳолда ҳамкорликнинг бир қанча йўналишларини, айниқса, Ўзбекистон ва Кувайт учун фойдали эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ таклифига биноан 2025 йил 17-18 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Кувайт давлати раҳбарига Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашига Кувайт давлати жорий йилда раислик қилгани муносабати билан табрик йўллади. Ўзбекистон Республикаси ва Кувайт давлати ўртасидаги ҳамкорлик даражасидан келиб чиқиб томонлар сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий алоқаларни, маданий-гуманитар алмашинувни, хавфсизлик, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар.
Томонлар ўзаро манфаатли барча соҳаларда кенг қамровли шерикликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди. Товар айирбошлаш учун қулай шароитлар яратиш, товар айирбошлашни ҳар томонлама диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказиш, хусусан, савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича қўшма қўмита сессияларини ўтказишга келишилди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик икки давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим қадам бўлади. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши минтақалараро ҳамкорликни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Сулҳия Газиева,
ТДШУ Ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий муносабатлар
институти Барқарор иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари,
ЎзА