Ўзбек тили – миллат руҳи, миллий ғуруримиздир
Тил – миллатнинг кўзгуси бўлиб, унда тарих – ўтмиш ва келажак жонланади.
Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари билан боғлиқ. Ўзбек тилининг бор латофати, жозибаси ва таъсир кучи, чексиз имкониятлари, мунис оналаримизнинг аллаларида, минг йиллик достонларимизда, ўлмас мақомларимизда, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларида акс этган. Буюк аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтган ҳамда нодир маънавий мерос, қадриятларимизга асос солган.
Жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тили ва миллий ғурурини сақлаб қолди. Қанчалик оғир бўлмасин уни ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди. Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда 7 мингдан зиёд тилда гаплашишига қарамасдан, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9 мингдан ортиқ тил мутлақ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари. Бугунги кунда ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақам Она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкамловчи омиллардан биридир. Таассуфки, мустабид тузим даврида миллат руҳи, ғурури бўлмиш ўзбек тилининг мавқеини пасайтиришга уринишлар кўп бўлди. Миллат ойдини, маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар” деган хитоби билан ўтмишнинг аччиқ ситамларини намоён этади.
Мамлакатимизнинг асосий қонуни – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада кўтарди. Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда яратаётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “... ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир”.
Дарҳақиқат, дунё халқлари ва миллатларининг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу уларнинг миллий тили ҳисобланади. Шундай экан ҳар бир тилнинг сақланиши ҳамда ёш авлодга етказилиши, халқ тараққиёти ва унинг келжагини белгилайди. Биргина тил кўплаб халқларни ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди, уни авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди.
Ҳар бир инсон учун Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик муқаддас бўлса, она тили ҳам шунчалик азиздир. Ҳаттоки, гўдак ҳам дунёни она алласи, она тили орқали англайди. Шунинг учун доим тил, миллат, Ватан тушунчалари ёнма-ён юради. Тилсиз жамият ривожланмайди, тараққий топмайди. Она тили-миллат руҳи, ор-номуси ҳисобланади.
Маълумки, бугунги кунда инглиз тили халқаро мулоқот тилларининг асосийларидан бири ҳисобланади. У ҳаётимизнинг иқтисодий масалаларни ҳал этишини осонлаштиради, десак адашмаган бўламиз. Бироқ ҳар бир мамлакат ўз тилини сақлаб қолишига ҳаракат қилиши керак, чунки айнан тил уни ўзига хос қилади ва бошқа мамлакатлардан ажратиб туради.
Ота-она борки, ўз фарзандларини буюк аждодларимиз сингари оламга машҳур инсонлар бўлиб етишмоғини чин юракдан истайдилар. Уларнинг ёрқин келажаги йўлида ҳар қандай мушкулотларга кўксини тутади. Бироқ бугунги кунда жондан азиз фарзандининг бошқа тилли мактабларда таҳсил олишини истаётганлар ҳам кам эмас экан. Оламшумул мақсадлар йўлидаги бу уринишлар балки маълум маънода ўзини оқлар, аммо ўз она тилини қойиллатиб ўрганмаган, таъбир жоиз бўлса, сўзларимиз сеҳрини ҳис қилмаган, ўзаро айтиб турган гапининг ярмини эса бошқа тилдаги “олифта сўзлар” эгаллаган ёшларнинг ютуқлари бизнинг миллий равнақимизга улуш бўлиб қўшила олармикан?!
Маърифатпарвар аллома ва ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исоқхон Ибратнинг ушбу сўзларига эътбор қаратайлик: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиши учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввало ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар.
Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.
Муҳтарам Президентимиз қаерда ва қай мавзуда маъруза қилмасинлар, юрт келажаги бўлмиш ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратади. “... Ёш авлод қалбида она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин”.
Ушбу даъватлар ҳар бир ватандошимизни ҳушёр торттирмоғи ҳамда фарзандлар камоли йўлидаги улкан ишларга отлантирмоғи лозим.
Миллатимиз руҳи, миллий ғуруримиз – ўзбек тили мамлакат тараққиёти, жамият ривожида катта ўрин эгаллаши ҳеч кимга сир эмас. Ҳар бир халқ, элатни миллий тилсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки, миллий тилда миллат руҳи, унинг бой тарихий қиёфаси, миллий қадриятлар, собит эътиқодлар акс этган бўлади.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида ҳам таълимни қўллаб-қувватлаш, она тилини мукаммал ўрганиш зарурлиги таъкидланди: “... Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур” деганлари, миллий тилимизни янада ривожлантириш, таълим тизимини янада яхшилаш борасидаги ғоя ва ташаббуслари нафақат биз зиёлиларни, шу билан халқимизнинг барча қатламини бирдек қувонтирди. Унда айтилган гаплар барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Ўзбек тилини давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланиши, халқаро минбарларда баралла янграши давлатимиз томонидан миллий тилимизга қаратилган ҳақиқий эътибордир.
Бир сўз билан айтганда Президентимиз ўз мурожаатномасида якунланаётган йилда эришилган муваффақиятлар ҳамда 2023 йилда амалга оширилиши керак бўлган вазифалар, олдимиздаги режаларни белгилаб берди.
Исомиддин Мусаев,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси
ЎзА