Нуротада замонавий ЭКО бозор қурилиши бошланди
Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолига қулай ва замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Янги Ўзбекистон қиёфаси” асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Нурота туманида ҳам муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, туманда аҳоли эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш мақсадида янги йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси – ЭКО бозор қурилишига старт берилди. Ушбу лойиҳа “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, молиялаштириш ишлари тўлиқ равишда ташаббускор томонидан амалга оширилмоқда. Бу эса хусусий секторнинг ҳудудлар тараққиётидаги ўрни ва фаол иштирокини яна бир бор намоён этади.

ЭКО бозор доирасида замонавий савдо шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари ҳамда экологик тоза маҳсулотлар савдосига ихтисослашган инфратузилмани барпо этиш режалаштирилган. Ушбу объект нафақат савдо маркази, балки аҳоли учун қулай хизматлар жамланган замонавий масканга айланиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 60 та янги иш ўрни яратилиши, маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, янги объект фаолияти орқали маҳаллий бюджетга ҳар йили тахминан 1 миллиард сўм миқдорида солиқ тушумлари келиб тушиши режалаштирилмоқда.
Муҳими, мазкур ташаббус аҳолига қулай ва сифатли хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради, савдо маданиятини янги босқичга олиб чиқади ҳамда туманнинг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири