Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Қашқадарё ва Аёқчи маҳаллаларида “Уч авлод учрашувлари: Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат” шиори остида самимий ва ибратли тадбир бўлиб ўтди.



Мазкур учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП вилоят Кенгаши, Китоб туман ҳокимлиги, туман “Нуронийлар” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Китоб туман бўлинмаси вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.
Тадбир давомида авлодлар ўртасида узвийлик, ҳаётий тажриба алмашинуви ва миллий қадриятларимизни ёш авлод қалбига сингдириш борасида илиқ суҳбатлар бўлиб ўтди. Фахрийларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ёшларга куч-ғайрат, маънавий озуқа бўлди.


Шунингдек, тумандаги Аёқчи маҳалласи кенгликларида миллий руҳ, анъаналар ва халқимизнинг бебаҳо мероси яна бир бор жонланди. Ҳудуднинг Макрид, Зарафшон, Наврўз, Аёқчи маҳаллалари ёшлари иштирокида ташкил этилган фестивалда ўзбек халқининг қадимий ва унутилмас ўйинлари жонлантирилди.
Кўплаб ёшлар иштирокида ўтган беллашувларда қадриятларга айланган миллий ўйинлар асосида ҳақиқий маҳорат синовлари бўлиб ўтди. Албатта бу каби фестивалларнинг доимий равишда ташкил этилиши ғурури баланд, ватанпарвар ва соғлом авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири