Миллий меросни дунёга танитишнинг янги имконияти
Бухоронинг бой ҳунармандчилик анъаналари, асрлар давомида шаклланган миллий қадриятлари ва халқ амалий санъати намуналарини кенг тарғиб этиш, уларни халқаро миқёсда оммалаштириш мақсадида “Бухоро ҳунармандлари” платформаси фаолияти йўлга қўйилди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда миллий маданий меросни асраб-авайлаш, туризм салоҳиятини ошириш ва маҳаллий ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар миллий анъаналарни нафақат сақлаб қолиш, балки уларни замонавий имкониятлар асосида ривожлантириш, ҳунармандлар меҳнатини муносиб қадрлаш ва миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур платформа ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиб, Бухоронинг ўзига хос ҳунармандчилик мактабини кенг тарғиб этиш учун янги имконият яратмоқда. У орқали сайёҳлар маҳаллий усталар томонидан меҳр ва маҳорат билан яратилган эсдалик буюмлари, кулолчилик, тўқимачилик, металлга ишлов бериш, ёғоч ўймакорлиги ва каштачилик маҳсулотлари билан яқиндан танишишлари мумкин.
Платформада ҳунармандларнинг устахоналари, музей-уйлар, маҳорат дарслари ҳамда сайёҳлик йўналишлари ҳақидаги маълумотларнинг жамлангани ҳам эътиборга молик. Бу сайёҳларга Бухоронинг нафақат тарихий обидаларини томоша қилиш, балки унинг тирик маданий муҳити, усталар маҳорати ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналари билан бевосита танишиш имконини беради.
Зеро, ҳунармандчилик — бу шунчаки буюм яратиш эмас, балки халқнинг тарихи, дунёқараши, диди ва ҳаёт тарзини ўзида мужассам этган ноёб меросдир. Ҳар бир нақшда, ҳар бир буюмда Бухоронинг бой ўтмиши, усталарнинг тажрибаси ва миллий санъатга бўлган эҳтироми акс этади. Шу боис бу меросни тарғиб қилиш маданий қадриятларни асраш билан бирга, ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Айниқса, сайёҳларнинг ҳунармандлар билан бевосита мулоқот қилиши, маҳорат дарсларида иштирок этиши ва маҳсулотларни устахоналарнинг ўзида харид қилиши маҳаллий иқтисодиёт учун ҳам янги имкониятлар очади. Бу ҳунармандларнинг мижозлар доирасини кенгайтириш, миллий маҳсулотларга бўлган қизиқишни ошириш, оилавий касб-корни ривожлантириш ва ёшларни анъанавий ҳунарларга жалб этишга замин яратади.
Энг муҳими, “Бухоро ҳунармандлари” платформаси миллий мерос ва замонавий туризмни ўзаро боғловчи восита сифатида намоён бўлмоқда. Унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали Бухоро ҳунармандчилигини кенгроқ танитиш, усталар меҳнатини қадрлаш ва асрлар синовидан ўтган миллий санъатимизни келажак авлодларга безавол етказиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири